Фан-техника | 18:16 / 05.05.2021
35192
2 дақиқада ўқилади

2023 йилдан букланувчан экранли iPhone’лар пайдо бўлади

Аpple компанияси 2023 йилга бориб, бозор таҳлиллари асосида 15-20 миллион дона букланувчан экранли iPhone’лар ишлаб чиқаришни бошлайди.

 

TFI Securities таҳлилчиси Мин-Чи Куонинг маълум қилишича, Аpple 2023 йилда экрани қатланадиган 8 дюймли iPhone ишлаб чиқариш ҳақида ўйламоқда. Мин-Чи Куо Аpple компаниясининг ишлаб чиқариш режалари бўйича энг обрўли мутахассисларидан бири ҳисобланади.

Куонинг сўзларига кўра, Аpple 2023 йилда 15-20 миллион дона букланувчан экранли iPhone тақдим этади.

Таъкидланишича, букланувчан iPhone’га QHD+ сифатни қўллаб-қувватлайдиган 8 дюймли OLED-дисплей ўрнатилади. Букланувчан дисплейларни Samsung етказиб беришига қарамай, Аpple кумуш нанотола ёрдамида букланувчан конструкцияни такомиллаштиришни мақсад қилган. Ушбу материалдан ҳозирда HomePod «ақлли» колонкалари экранида фойдаланилмоқда.

Мин-Чи Куонинг сўзларига кўра, Аpple'нинг янги ривожланиши смартфонлар, планшетлар ва ноутбуклар ўртасидаги сегментацияни бузиши мумкин ва бу эса охир-оқибат бозорни ўзгартиради.

Айни пайтгача, Samsung, Huawei ва Xiaomi’лар букланувчан экранли моделларни эълон қилишди, аммо уларнинг нархи аксарият истеъмолчилар учун юқорилиги айтилмоқда.

Аввалроқ, Аpple компанияси янгиланган iOS 14.5 версиясини тақдим қилганлиги маълум қилинганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид