Ўзбекистон | 07:17 / 06.05.2021
2525
2 дақиқада ўқилади

Ноқонуний равишда фаолият олиб бораётган фуқаро дўконни ва унга нисбатан расмийлаштирилган ҳужжатни ёқишга уринди 

Гулистон шаҳрида ноқонуний равишда савдо фаолиятини олиб бораётган фуқаро аниқланган. Солиқ инспектори томонидан ҳолат юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилаётган вақтда сотувчи дўконни ва ҳужжатларни ёқишга уринди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси маълум қилди.

Жорий йилнинг 5 май куни Гулистон шаҳар ДСИ давлат солиқ катта инспектори Э.Хайдаров томонидан Гулистон шаҳри (эски деҳқон бозори) ҳудудида ўтказилган текширувда фаолиятини 2021 йил 22 апрелдан вақтинча тўхтатган фуқаро М.Ж. томонидан ўзига тегишли бўлган дўконда савдо фаолияти олиб бораётганлиги аниқланган. 

Фуқаро М.Ж.дан савдо фаолиятига оид ҳужжатларни сўралганда ҳужжатларини тақдим этиш ўрнига Э.Хайдаровни ҳақоратлаб, уни дўкондан чиқиб кетишини талаб қилган. Инспектор ҳолат юзасидан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштираётган вақтда М.Ж. ҳужжатлар устига ва дўкон олдига чиқарилган товарларга елим идишда бўлган бензинни сепиб ёқиб юборган.

Ёнғин дўкон атрофида бўлган фуқаролар томонидан зудлик билан ўчирилган. Фуқаро М.Ж. эса тез ёрдам чақиртириб, соғлиғи ёмонлашганлигини билдирган ҳолда М.А. исмли фуқаро билан воқеа жойидан кетган. Вилоят тез тиббий ёрдам марказидан олинган дастлабки маълумотларга кўра фуқаро М.Ж.да ҳеч қандай тан-жароҳатлар аниқланмаган.

«Ҳозирда воқеа жойида Гулистон шаҳар прокуратураси, ИИБ ҳамда Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Гулистон шаҳар ДСИ катта инспектори Элдор Хайдаровнинг соғлиғига зарар етмаган», - дейилади хабарда.

Мавзуга оид