Ўзбекистон | 11:10 / 06.05.2021
4394
2 дақиқада ўқилади

Қулупнайзорнинг пайҳон қилиниши ортидан келиб чиққан жанжал ўлим билан тугади

Жорий йилнинг  3 май куни таxминан соат 17:30 ларда Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги қулупнайзорда мудҳиш воқеа содир бўлган. Бу ҳақда туманнинг «Истиқлол» МФЙ профилактика инспектори Шерали Убайдуллаев Kun.uz мухбирига маълум қилди.

Қайд этилишича, Учқўрғон тумани, «Истиқлол» МФЙ, Соҳибкор кўчасида яшовчи 28 ёшли фуқаро А.Ҳасанов ўзига тегишли дала майдонида шу маҳалланинг Соҳибкор кўчасида яшовчи 1966 йилда туғилган фуқаро А.Эргашев билан ўзаро жанжаллашиб қолган. Можаро А.Эргашевга тегишли ҳайвон А.Ҳасановнинг қулупнайзорига кириб кетиб, пайҳон қилгани ортидан келиб чиққан. Ўзаро жанжал вақтида А.Ҳасанов А.Эргашевнинг чап бош энса соҳасига кетмон билан урган. Натижада А.Эргашев оғир турдаги тан жароҳати билан тумандаги марказий шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, А.Эргашев шифохонада вафот этган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Учқўрғон туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айбланувчи Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Аввалроқ, тўрақўрғонлик аёл эри бошқа аёллар билан хиёнат қилиб юргани боис қўрқитиб қўйиш мақсадида бир неча шахсни ёллагани ҳақида хабар берилганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид