Ўзбекистон | 16:48 / 07.05.2021
39206
6 дақиқада ўқилади

«Ҳали ҳам кеч эмас» — Диний уламо ўзбекистонлик сиёсатчиларни виждон эркинлиги ҳақидаги қонунни қайта кўришга чақирди

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун атрофида тортишувлар давом этар экан, таниқли диний уламо Мубашшир Аҳмад Ўзбекистон расмийлари: сиёсатчи, депутат ва сенаторларга мурожаат билан чиқди.

4 май куни Қонунчилик палатаси депутатлари «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда кўриб чиқиб, қабул қилганди.

Депутат Иномжон Қудратовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, қизғин муҳокамаларга бой ўтган мажлисда қабул қилинган қонун лойиҳаси 10 кун муддатда Сенатга юборилади.

ЎзЛиДеП вакили Расул Кушербаев кеча, 6 май куни эълон қилинган мақоласида ушбу қонун муҳокамаси жараёнларига ҳам тўхталиб, «Миллий тикланиш» партияси диний таълимни кенгайтириш таклифига қаршилик билдирганини маълум қилди.

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш жараёнида айнан «Миллий тикланиш» партияси вакиллари диний таълим муассасасида таълимни кенгайтириш масаласига қарши чиқди? Диний билим, шу жумладан, муқаддас Ислом дини ҳақида таълим олиш фақат диний соҳа ходимлари учун эмас, аҳоли, шу жумладан, ота-оналар учун ҳам эркин бўлиши зарурлигини таъкидлаган Дониёр Ғаниев ва мени нима учун қўллаб-қувватлашмади? Аксинча, улар буни терроризм, радикализм билан боғлади, юртдошларимизга бу масалада ишонишга эрта, деган қараш билан диний таълимда эркинлик берилишига қарши чиқди, фақат диний идора ходимлари учун диний таълим олиш мумкин, деган эскирган қолипни ёқлади», – деди депутат.

Бугун, 7 май куни Алишер Қодиров ўз Telegram канали орқали партия мамлакатда диний таълимни кенгайтириш таклифига нега қаршилик билдирганини изоҳлади.

Унга кўра, Миллий тикланиш бу борадаги асосий хавфни миссионерликда кўрмоқда.

«Агар қонунга «...ваколатли идора томонидан ижозат берилган, профессионал диний билимга эга мутахассис диний таълим бериши мумкин» деган норма киритилса, ўргатиш Исломдагидек мураккаб бўлмаган, эътиқоддан кўра сиёсий-стратегик мақсадларга хизмат қиладиган минглаб миссионерларга миллионлаб ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ёшларимизнинг онгига яшил йўлак қилиб берган бўламиз. Тасаввур қилиб кўринг, битта уламо диний мактаб очиб 100 та қоракўзга Уммул Қуръонни ёдлатгунича, 100 та миссионер 100 та мактаб очиб минглаб болаларимизнинг етилмаган тафаккурини остин-устун қилиб юборади.

Муқаддас Ислом собитлик билан кундалик яшалади ва сабр билан ўрганилади. Мусулмон туғилгандан ўлимигача эшитади, ўқийди ва тафаккур қилади. Бу жараённи қонун тақиқлай олмайди.

Такрор айтаман, бу норма қабул қилинса, қонуннинг барча талабларини бажарган ҳолда, катта ҳомийларга эга бўлган миссионерлар оқими 3-5 йил ичида минглаб, агар миллионлаб бўлмаса, динидан, қадриятидан узилган зомби ёшлар қатламини олдимизга тўкиб ташлайди» – таъкидлади Қонунчилик палатаси вице-спикери.

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун атрофида шу каби тортишувлар давом этар экан, таниқли диний уламо Мубашшир Аҳмад Ўзбекистон расмийлари: сиёсатчи, депутат ва сенаторларга мурожаат билан чиқди.

Мубашшир Аҳмад

Унга кўра, Сенатга юборилаётган ва ҳали қабул қилинмаган қонунда ҳам бир қатор камчиликлар борки, уни тўғрилашга ҳали имкон бор.

«Ўзбекистонда дин соҳасидаги энг катта муаммо нима деса, мен хусусий диний таълим, деган бўлардим. Бошқа муаммолар ундан кейин келади ва унинг натижаси бўлади. Бу муаммони ечмаганимиз туфайли, яна кўплаб эски ва янги муаммоларга дуч келаверамиз. Диний таълим ўта чеклангани туфайли жамиятимиз паст диний савияда қолаверади. Ахлоқ-одоб тақчил, жиноятчилик урчиган замонимизда дин қўли боғлиқ ҳолатда, ислоҳчилик таъсиридан мосуво ҳолатда қолаверади. Энг аламлиси, инсоний фитрат - диний маърифатга йўлини қилиб интилганлар, яна фанатиклар, ўрта асрлардан қолган «ҳужра»лардаги «қолоқ» жиноятчилар, дея тасвирланаверади» – дейди уламо.

Мубашшир Аҳмаднинг фикрича, «бундан миссионерлар фойдаланиб қолади» деган баҳона билан хусусий таълимга рухсат беришдан қўрқилмаслиги керак. Чунки диний таълимдаги эркинлик – эътиқод эркинлиги билан узвий тушунчадир.

«Биз учун ана шундай энг катта масала «бундан миссионерлар фойдаланиб қолади», деган баҳона билан тақиқланса, мен ҳаётимдаги энг катта таассуф ва пушаймонликда қоламан. Чунки айтганимдек, бизнинг энг катта муаммомиз арзимаган баҳона билан «кўздан нари қилинган» бўлса, қолаверса Алишер Қодиров ўз сайловолди учрашувларида, диний масалаларга тааллуқли қонунлар муҳокамасида, бизни фракция мажлисларига чақиришни ваъда бергандилар. Энг ёмони – миссионерлар билан қўрқитиш вазифасини Алишер аканинг ўзлари бажарибдилар, қойил.

Мен тушунмайман, нега биз ўзлигимиздан, аждодларимиз эътиқодидан ва умуминсоний қадрият бўлган Исломдан бу қадар қўрқамиз?! Дунёда бизчалик манқурт, отасидан воз кечган - оқпадар ва инсоний қадриятлардан қўрқадиган миллат бормикан?!

Мен қонунбузарликка чақирмаяпман. Лекин бузуқ қонунни тузатишга чақираман. Назаримда ҳали ҳам кеч эмас. Қонунни ҳали Сенат тасдиқлаши керак. Оқил, зийрак ва инсонпарвар элитамиз, сиёсатчиларимиз, депутатларимиз ва сенаторларимизга мурожаат қиламан: қонуннинг шу моддасига ўзгартириш киритайлик! Жамиятимиз вужудида тоза қон оқишига тўсиқ қўймайлик! Халқимизнинг Илоҳий таълимотнинг мусаффо булоқларидан қониб ичишига моне бўлмайлик! Илло келажак авлоднинг бу дунёдаги лаънати ва у дунёдаги ҳасратига боис бўлиб қоламиз. Аллоҳнинг динига тўсқинлик қилиб, бало ва офатларга дучор бўлган қавмлар қаторида туриб қоламиз. Аллоҳ асрасин!» – дея ёзади Мубашшир Аҳмад Kun.uz'га тақдим этган мақоласида.

Мавзуга оид