Ўзбекистон | 09:09 / 22.04.2025
4658
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон халқаро ислом академияси номи ўзгартирилди

Олий таълим муассасаси Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси номи остида фаолият бошлайди. У исломшунослик ва диншунослик соҳаларида мутахассисларни ҳамда ўқув дастури, қўлланма ва дарсликларни тайёрлашга ихтисослашган таянч давлат олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгиланди.

«Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони имзоланди.

Фармонга кўра, Ўзбекистон халқаро ислом академияси номи Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси қилиб ўзгартирилди.

Академия исломшунослик ва диншунослик соҳаларида мутахассисларни ҳамда ўқув дастури, қўлланма ва дарсликларни тайёрлашга ихтисослашган таянч давлат олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгиланди.

Академиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) исломшунослик, диншунослик, дин психологияси, ислом иқтисодиёти, манбашунослик, халқаро муносабатлар ва эҳтиёж мавжуд бўлган бошқа соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш;

б) таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ҳамда етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларини жорий этиш;

в) виждон эркинлиги ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш, радикаллашув, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосларига оид илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;

г) диний-маърифий йўналишда илмий, илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш, шунингдек, интернет тармоғида таълим ресурсларини жойлаштириш ва мунтазам янгилаб бориш;

д) талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш;

е) мамлакатимизда ва хорижда диний соҳада фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш.

Академияда тўлов-контрактдан тушган маблағларнинг етишмаган қисми давлат олий таълим муассасаларини сақлаш учун ажратилган маблағлар доирасида тасдиқланган бюджет параметрларига тегишли ўзгартириш киритиш орқали қопланади.

Мавзуга оид