Ўзбекистон | 10:04 / 07.05.2021
95408
2 дақиқада ўқилади

Президент маслаҳатчиси Рустам Қосимов вафот этди

Ўзбекистон президентининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси Рустам Қосимов оламдан ўтди. Бу маълумотни Kun.uz манбалари тасдиқлади.

Рустам Қосимов сўнгги бир ой давомида соғлигидаги муаммолар туфайли таътилга чиқиб, шифохонада оғир касалликдан даволанаётганди.

Рустам Собирович Қосимов 1956 йилда Тошкент шаҳрида туғилган.

У 2001-2004 йилларда олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари, 2004-2008 йилларда олий ва ўрта махсус таълим вазири - 2004-2009 йилларда бош вазирнинг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият масалалари бўйича ўринбосари бўлган. 2009-2011 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори лавозимида ишлаган, 2011 йилда лавозимни тарк этиб, пенсияга чиққан.

У 2016 йил сентябрида яна бош вазир ўринбосари, олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимини эгаллаган.

2017 йил июнида Ўзбекистон президенти Давлат маслаҳатчиси биринчи ўринбосари – Ташкилий-кадр хизмати раҳбари – Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори лавозимига тайинланган (шу кунгача академия ректори эди), 2017 йил ноябрь ойи охирида эса Ўзбекистон президентининг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган. 2018 йилда президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида иш бошлаган. У 2019 йилдан буён Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ҳам ректорлик қилиб келаётганди.

Бундан олдинроқ Рустам Қосимов оғир касаллик туфайли таътилга чиққани ва унинг ўрнига Шоазим Миноваров Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори вазифасини бажара бошлагани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Мавзуга оид