Жамият | 14:01 / 09.05.2021
17354
4 дақиқада ўқилади

Икки уруш кўрган ота. Ёшлиги урушларда ўтган Иминжон Темиров хотиралари

Андижон вилоятининг Марҳамат туманида истиқомат қилувчи Иминжон ота Темиров ёш умрининг саккиз йилини урушда ўтказган. У 113-Алоҳида ўқчи бригада таркибида бўлинма командири вазифасида 1941-1942-йилларда Кубан ҳудудидаги жангларда иштирок этиб, сўнг Узоқ Шарқда Японияга қарши урушда Жанубий Сахалин ва Курил оролларидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган.

96 ёшли отахон биз билан суҳбат давомида узоқ яшаш сирларини очди. Иминжон Темиров юзга яқинлашган ёшида ҳам кўзойнаксиз китоб ўқийди.

«Бунинг сири тўғри овқатланишда. Соат 17дан кейин ҳеч овқатланмаганман», дейди ота.

Қаҳрамонимиз 9 фарзанднинг отаси, у юздан зиёд невара ва чевараларга бобо ҳисобланади.

«1925 йилда туғилганман. 17 ёшимда, мактабни битирмасимдан уруш бошланиб, армияга олиб кетишди. Аввал Спасский деган жойда тайёргарлик кўрдик. Ундан кейин сержантлар мактабига олишди. У ерда уч ой ўқитиб, унвон беришди. Кейин урушга кириб кетдик. Аввал Белоруссияда бўлдик. У ерда бизни эшелонга солиб, Япония билан урушга олиб кетишди. Жами бўлиб саккиз йил хизматда бўлганман», дейди Иминжон ота.

Иминжон Темиров миномёт дивизионида расчёт командири бўлган. У ва унинг қуролдошлари қаҳрамонлиги ҳақида «Икки уруш кўрганлар» китоби ҳам ёзилган. 

«Урушда қизиқ воқеалар кўп бўлган. Фашист самолётлари ўрмон ичида юрганимизда устимиздан бомбардимон қила бошлади. «Қоч, қоч!» деган хитоблар. Ўқлардан дарахт шохлари узилиб тушарди. Ярадорларни боғ ичида турган машинага юклаш керак. Бири оёғидан яраланган, бири қўлидан. Шунда батарея командири «машинага чиқиб, буларни медчастга олиб боринглар» деди. Ҳеч ким чиқмади. Қарағайлардан ўқ ўтиб, тушяпти-да, ҳамма қўрқди. Шунда мен чиқаман дедим. Касалларни олиб беришяпти, мен машинага қўйяпман. Ҳаммасини юклаб бўлганимдан кейин машина кетди.

Уруш энг даҳшатли нарса. Халқларни бесаранжом қилади. Қийинчилик бўлади-да урушда. Уруш бўлмаслиги керак аслида. Уруш бўлгандан кейин қўшнингиз ҳам қийинчиликда, сиз ҳам қийинчиликда қоласиз. Ҳамма нарса қийинчилик бўлади. Бундан буён ёшларимиз уруш кўрмасин. Ота-онасига меҳрибон бўлиб, ҳозирги кетаётган давримизда яшаб юраверсин», дейди қаҳрамонимиз.

Ота турмуш ўртоғи билан тўққиз нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказган. Улардан иккиси ўтиб кетган, қолганлари ҳаёт. Ҳаммаси ҳам бола-чақали. Невара-чеваралари сони 100дан ортиқ. Бир нафар эвараси ҳам бор.

«Чевараларим ўзи келиб, «Бобо, менман, менман» дейди, шунда таниб қоламан. Улар 100 нафардан ошди. Невараларимнинг кўпини танийман. Янгиларини танимайман. Бир хўжаликдаги невараларим келса, икки-учтасини танийман, қолганини танимайман. Манави ким десам, бу қизингизни боласи-ку, мана буниси кенжаси, деб туришади.

Мен ҳозир 96 ёшдаман. Узоқ умр кўриш учун беғам бўлиши керак, яхши-ёмон гапни ажратиши керак. Кам овқат ейиши керак. Масалан, менга соат 5дан кейин овқат ёқмайди ҳам, емайман ҳам. Оз овқатланаман. Одамлар уч маҳал овқат еса, мен икки маҳал овқатланиб ҳам юравераман. Кўп ухлаш ҳам зарар. Оз ухланглар, оз овқатланинглар, кўпроқ шуғулланинглар. Кўп шуғулланган одамда қон юради, қийналмайди», дейди уруш фахрийси.

Ота урушдан сўнг туман молиясида инспектор бўлиб ишлаган. Узоқ йиллар колхозда фаолият юритган.

«Президентимизга раҳмат. Мана бу ёғини ҳисоб-китоб қилиб, камбағал одамларни бой қилинглар деяпти. Мендан хабар олиб туришади. Минг марта розиман. Давлатимизда хурсандман», дейди Иминжон Темиров.

Мавзуга оид