Ўзбекистон | 14:22
4776
4 дақиқада ўқилади

Мафкуралар кураши: 9 май аслида қандай кун?

Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 80 йил, СССР қулаганига 34 йил бўлди, лекин ҳамон бир томондан миллий-тарихий ўзликни англаш, иккинчи томондан уруш ва ғалаба носталгияси билан йўғрилган совет мафкураси ўртасидаги зиддиятлар давом этмоқда. Бу баҳслар ҳар йили 9 май арафасида кўпроқ кўзга ташланади.

Ўзбекистон мустақил бўлгач, 9 майни нишонлаш масаласини қайта кўриб чиқди ва бу сананинг моҳияти ўзгарди. Хусусан, “Улуғ Ватан уруши” ва “Буюк ғалаба” жумлаларидан воз кечилди, 9 май Хотира ва қадрлаш куни дея эълон қилинди. Бу кун – урушда ҳалок бўлган ярим миллион ватандошни хотирлаш, уруш даҳшатлари ва фронт ортидаги шафқатсиз ҳаётни ёдга олиш, тинчликни қадрлаш кунига айланди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Сиёсатшунос Фарҳод Толипов фикрича, 9 май санаси ҳақидаги қарашлар ўта зиддиятли. Борган сари бу Иккинчи жаҳон уруши якуни сифатида эмас, совет иттифоқининг меросхўри бўлмиш Россиянинг стратегик қарашларига хизмат қилаётгандай.

“Советлар даврида бу урушда қозонилган ғалабани нишонлаш байрами эди, лекин зиддиятли талқинга эга бўлиб келди. Биринчидан, нега айнан 9 май экани доим муҳокамада. Иккинчидан, йиллар ўтган сари бу сананинг моҳияти ўзгариб, маъноси оғиша борди. Худдики, бу байрам асосан россияликлар учун керакдек бўлиб кўриняпти, чунки дунёда бу байрамни нишонлашни Россиядан кўра кўпроқ хоҳловчи давлат қолмаган бўлса керак”, – дейди Фарҳод Толипов.

Жамиятшунос, этнопсихолог Маҳмуд Йўлдошевга кўра, 9 май бу байрам эмас, балки маросим, хотирлаш куни.

“Ҳар хил аза маросимлари бор, нон синдириб, тадбир ўтказишади. 9 май ҳам ўйнаб, байрам қиладиган сана эмас. Лекин бизда баъзи йиллари ҳаттоки «Катюша»га ўйинга тушишди. Бу халқ онгидан совет даври тўлиқ чиқмаганини англатади. Оддий мисол, ўғлингиз жамиятга мослашиб боради, 30 йилдан кейин нимани эслаши эса ота-онаси берган тарбияга боғлиқ. Биз шу тарбияни бера олдикми? Оғайнилар, бу байрам эмас, маросим бу. Биз ўзимизники бўлмаган урушда қатнашиб, катта қурбонлар бердик, сабаби катта бир империя бизни босиб олганди”, – дейди у.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов уруш икки репрессив тузум ўртасида бўлганига эътибор қаратиб, улардан бири Марказий Осиё халқларини босиб олгани, зиёли қатламини қатағон қилгани, хусусан ўзбекистонликларга келтирмаган жабри қолмаганини таъкидлайди.

“Совет даври одамларида носталгия бордир, лекин ҳали 35 ёшдан ошмаган одамларда-чи? Яъни бу ерда мафкура бор. Мана шу эшиттириш остидаги изоҳларда ҳам кузатсак бўлади, Россияда ишлаб юрган ватандошларимиздан бизга қанча ҳақоратлар тушади. Одамларимизнинг мустабид тузум мафкурасидан озод бўлиши – миллий мафкура, қатъий интизом ва сиёсий иродага боғлиқ”, – дейди Ташанов.

Тарихчи Завқибек Маҳмудовга кўра, совет иттифоқининг Иккинчи жаҳон урушида эришган ғалабасига ҳозирги марказий осиёликларнинг қўшган ҳиссаси сунъий камайтирилиб кўрсатилган. Биз урушга ихтиёрий кирмаганмиз, мажбурланганмиз, дейди у.

“9 майни байрам қилиб нишонлаш учун биз манқурт бўлишимиз керак. Агар биз ўз ихтиёримиз билан урушда қатнашганимизда, буни ғалаба деса бўларди, лекин бизни мажбурлашган. Мажбурлашганда ҳам шунақа мажбурлашганки, урушдан ортга қайтса, ўлим, ташлаб қочсангиз ҳам ўлим. Душман тарафга ўтсангиз, оилангизни ҳам қўшиб таҳдид қилинган”, – дейди тарихчи.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид