Иқтисодиёт | 17:26 / 10.05.2021
10654
3 дақиқада ўқилади

«35 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади». Эркин иқтисодий зоналардан кутилаётган натижалар маълум қилинди

Айни пайтда Ўзбекистондаги 23 та махсус иқтисодий зонада 442 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Улар ишга туширилса, 35 минг 528 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ЭИЗни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Азамат Отеулиев журналистларга берган интервьюсида эркин иқтисодий зоналардан кутилаётган натижалар ҳақида маълумот берди, деб хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

«Бугунги кунда эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ) – ҳудудларда хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилишда асосий восита ҳисобланади. Уларда ҳозиргача 2,6 млрд долларлик 453 та лойиҳа амалга оширилди. Бунинг натижасида 35 минг 897 иш ўрни яратилган.

Шунингдек, айни пайтда қўшимча 442 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу эса, 35 минг 528 та янги иш ўрни яратилади дегани.

Бундан ташқари, бугунги кунда ЭИЗ дирекциялари томонидан 2,7 млрд долларлик 262 та лойиҳани жалб қилиш бўйича ишлар давом этмоқда”, деди Азамат Отеулиев.

Азамат Отеулиев

Унинг сўзларига кўра, эркин иқтисодий зоналарда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда хорижий инвесторлар қизиқиши ортишига уларда яратилган яхши шароитлар, солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар, ер майдони бепул ва тўғридан тўғри (аукцион савдоларисиз) қисқа муддатларда ажратиб берилиши муҳим омил бўлмоқда.

“Тадбиркорлар билан ҳамкорлик ўрнатишда дирекция билан ягона дарча тизимида хизмат кўрсатилади. Инвестор ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаси амалга оширмоқчи бўлса, дирекцияга бориб ўзининг тегишли лойиҳа ҳужжатларини топширади. Дирекция раҳбари шахсан ўзи уни экспертиза қилиш марказидан ўтказади. Маъмурий кенгашга муҳокамага қўяди. Ер майдони ажратиб, гувоҳномасини беради. Солиқ ва божхона органларига инвестор ҳужжатларини юборади.

Инвесторнинг мажбуриятлари ЭИЗ дирекцияси билан тузиладиган инвестиция келишувида ҳаммаси кўрсатиб ўтилади», дея қўшимча қилди Отеулиев.

Қайд этилишича, жорий йилнинг ўзида ЭИЗда умумий қиймати 1,1 млрд доллар бўлган 332 та лойиҳа, кичик саноат зоналарида умумий қиймати 9,5 трлн сўм бўлган 1 минг 845 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган.

Бу лойиҳалар асосан, электротехника, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, нефт-газ, фармацевтика, туризм, иссиқхона хўжаликлари, халқ истеъмол молларини ишлаб чиқариш йўналишларида амалга оширилади.

Натижада 20 минг 298 та янги иш ўрни яратилади. Бу эса 2021 йил якуни билан 400 млн долларлик маҳсулот экспорт қилиш, 350 млн долларлик импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқариш ҳамда давлат бюджетига қўшимча 2 трлн сўмдан кўпроқ маблағлар йўналтиришга имкон беради.

Маълумот учун, айни пайтда Ўзбекистонда 23 та махсус иқтисодий зона мавжуд бўлиб, уларнинг умумий майдони 8,8 минг гектарни ташкил этади. Шундан 3,9 минг гектарида 5,3 млрд долларлик 895 та лойиҳа жойлаштирилган. Қолган 4,9 минг гектар ер бўш ва инвестиция лойиҳалари жойлаштириш мумкин.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид