Ўзбекистон | 07:51 / 11.07.2024
2866
2 дақиқада ўқилади

“Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ҳудуди кенгайтирилади

Қувасой шаҳри ҳокимлиги захирасидаги 210,4 гектар ер участкалари ҳисобига “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ҳудуди кенгайтирилади. 2026 йил охиригача кенгайтирилаётган ҳудудда камида 1 млрд АҚШ доллари миқдорида инвестициялар ўзлаштирилиши белгиланди.

Фото: uzko-trade.org

“Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг ҳудудини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда “Huquqiy axborot” канали хабар берди.

Қарорга кўра, Фарғона вилоятида импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш мақсадида, Қувасой шаҳри ҳокимлиги захирасидаги жами 210,4 гектар ер участкалари ҳисобига “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ҳудуди кенгайтирилади.

“Қўқон” эркин иқтисодий зонаси кенгайтирилаётган ҳудудининг бош режаси ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Бунда “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси дирексияси” унитар корхонаси бош режани ишлаб чиқишда буюртмачи ташкилот этиб белгиланади. Бош режа лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳа ташкилоти тендер (танлов) савдолари натижасига кўра аниқланади.

Ҳужжатга кўра, 2026 йил охиригача иқтисодий зонанинг кенгайтирилаётган ҳудудида камида 1 млрд АҚШ доллари миқдорида инвестициялар ўзлаштирилиши, 11,7 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши, йилига 965 млн доллар миқдорида қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш, шундан 313,6 млн долларини экспортга йўналтириш бўйича қувватлар ишга туширилиши таъминланади.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид