Жамият | 17:12 / 10.05.2021
9039
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдаги олис тоғ қишлоғи Кўлга олиб борувчи йўлда кўчки содир бўлди

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида, узоқ тоғлар орасида жойлашган Кўл қишлоғига олиб борувчи йўлда кўчки содир бўлган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Кўл қишлоғига олиб борувчи 90 километрлик йўлнинг 62 километрида кучли ва 5 та ўрта катталикда кенг ҳажмдаги кўчки рўй берган.

Қайд этилишича, туман ҳокимлиги томонидан ёқилғи захираси ҳам шакллантирилган ва техникалар жалб этилган. Кўчки оқибатларини бартараф этишда Кўл қишлоқ аҳолиси ҳам қатнашган ва йўл ҳашар йўли билан йўл таъмирланган.

Таъкидланишича, мазкур кўчки оқибатларини бартараф этишда қатнашаётган ҳашарчиларга туман ҳокимлиги томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказилган.

Маълумот учун, Кўл қишлоғи туман маркази Шаҳрисабз шаҳридан қарийб 90 километр узоқликда жойлашган бўлиб, унга тоғлар орасидаги машаққатли йўл орқали борилади.

P.S. Жорий йил 20-21 март кунларида Kun.uz мухбирлари Кўл ва унинг яқинидаги Ғелон қишлоқларида бўлиб, улар ҳақида репортаж тайёрлаб қайтган эди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид