Ўзбекистон | 09:04 / 11.05.2021
60388
3 дақиқада ўқилади

9 та вилоятда ўсимлик ёғи нархи пасайгани маълум қилинди

9 та вилоятда ўсимлик ёғи нархларининг пасайиши кузатилмоқда. Бироқ Тошкент шаҳри дохил қолган 5 та ҳудудда бу маҳсулот нархи ҳамон ошмоқда. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази кузатувларида шундай хулосага келинган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 28 апрелдан 5 майга қадар Ўзбекистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича ўзгаришини таҳлил қилди.

Ўсимлик ёғи қайси ҳудудларда ошгани ва тушгани ҳақида

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ҳафта охирига келиб, республикада бир литр ўсимлик ёғининг ўртача нархи 0,5 фоизга пасайиб, 19 минг 104 сўмни ташкил этди.

Ўртача нархлар диапазони Андижон вилоятида бир литр учун 17 минг 218 сўм, Тошкент шаҳрида 20 минг 596 сўмгача бўлган оралиқда ўзгариб борди.

9та вилоятда ўсимлик ёғи нархларининг пасайиши кузатилмоқда. Энг юқориси – Навоий (2,4 фоизга) ва Самарқанд (2,2 фоизга) вилоятларида қайд этилди.

Туманлар таркибида ўсимлик ёғи нархининг бир литри учун энг катта пасайиш Вобкент (8,3 фоиз), Тўрткўл (6,3 фоиз), Жомбой (5,5 фоиз), Элликқалъа (5,4 фоиз), Пахтачи (5,1фоиз), Мирзачўл (5 фоиз) туманларида кузатилган.

Ҳафта давомида нархлар 5та вилоятда ошди, улардан энг баланди Сирдарё (1,6 фоизга), Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрига (0,7 фоизга) тўғри келади.

Бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархларидаги ўзгаришлар

Ўтган ҳафтада республикада ўртача нархларнинг ўсиши:

  • мол гўшти 0,4 фоизга, килоси 61 минг сўмгача;
  • картошка 1,6 фоизга, килоси 4 минг 655 сўмгача;
  • тухум 0,1 фоизга, ўнтаси 10 минг 761 сўмгача;
  • буғдой уни 0,1 фоизга, килоси 4 минг 839 сўмгача;
  • шакар 0,5 фоизга, килоси 8 минг 309 сўмгача қайд этилди.

Ҳудудлар кесимида энг юқори нарх ўсиши:

  • мол гўшти – Навоий (1,7 фоиз) ва Сурхондарё (1,8 фоиз) вилоятларида;
  • сут – Тошкент шаҳрида (0,8 фоиз);
  • тухум – Тошкент вилояти (1,1 фоиз) ва Қорақалпоғистонда (0,8 фоиз);
  • картошка – Хоразм (7,9 фоиз), Тошкент (6,1 фоиз), Самарқанд (4,2 фоиз) вилоятларида;
  • гуруч – Сирдарё (0,9 фоиз) ва Тошкент (0,8 фоиз) вилоятларида;
  • буғдой уни Андижон (3,5 фоиз) ва Хоразм (1,4 фоиз) вилоятларида;
  • шакар – Сурхондарё вилоятида (3,3 фоиз), Тошкент шаҳрида (1,8 фоиз) кузатилди.

Республикада ҳафта давомида ўртача нархларнинг пасайиши:

  • сут (0,2 фоизга, литрига 6 минг 102 сўмгача):
  • гуруч (0,1 фоизга, килосига 10 169 гача):
  • ўсимлик ёғида (0,5 фоизга, литрига 19 минг 104 сўмгача) қайд этилди.

Ҳудудлар кесимида нархларнинг энг катта пасайиши:

  • мол гўшти – Тошкент шаҳрида (0,5 фоиз), Қорақалпоғистонда (0,2 фоиз);
  • сут – Бухоро (2,4 фоиз), Самарқанд (2,2 фоиз) вилоятларида, Қорақалпоғистонда (2,3 фоиз);
  • тухум – Жиззах (1,4 фоиз), Андижон (0,7 фоиз), Самарқанд (0,5 фоиз) вилоятларида;
  • картошка – Андижонда (2,7 фоизга), Бухорода (2,2 фоизга) вилоятларида;
  • гуруч – Андижон (1,2 фоиз), Навоий (0,4 фоиз) вилоятларида, Тошкент шаҳрида (0,8 фоиз);
  • буғдой уни – Наманган (3,1 фоиз), Навоий (0,8 фоиз) вилоятларида;
  • шакар – Самарқанд (2,3 фоиз), Хоразм (0,8 фоиз), Навоий (0,5 фоиз) вилоятларида кузатилди.

Марказга кўра, Ўзбекистонда кўриб чиқилаётган ҳафта давомида асосий истеъмол товарлари учун нарх муҳити нисбатан паст даражада ўзгарувчанлиги билан ажралиб туради. Андижон ва Бухоро вилоятларида картошка нархининг кўтарилиши ҳақида хавотирлар бор.

Мавзуга оид