Ўзбекистон | 13:35 / 12.05.2021
2075
2 дақиқада ўқилади

ДХХ 2 млрд сўмлик дори воситалари контрабандасига чек қўйди

ДХХ Наманган вилояти бошқармаси томонидан Республика ҳудудига айланма йўллар орқали олиб киришга уринилган 2 млрд сўмлик дори воситалари айланмасига чек қўйилди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Наманган шаҳрида яшовчи 1986 йилда туғилган  ва 1962 йилда туғилган фуқароларнинг яшаш хонадонлари кўздан кечирилган. 
Натижада улардан ҳеч қандай тегишли ҳужжатлари бўлмаган 51 турдаги умумий қиймати 1 млрд 300 млн сўмлик дори воситалари процессуал тарзда расмийлаштириб олинган.
Аниқланишича, ушбу дори воситалари қўшни Қирғизистон Республикасидан вилоят ҳудудига Янгиқўрғон туманидаги айланма йўллар орқали ноқонуний равишда олиб ўтилган.

Шунингдек, Чуст тумани “Юқори Ғова” маҳалласида яшовчи 1988 йилда туғилган фуқаро 67 турдаги умумий қиймати 700 млн сўмлик дори воситаларини автомашинада Қўқон шаҳрига олиб кетаётган вақтида Поп тумани ҳудудида тўхтатилиб, ундан дори воситалари тегишли тартибда олиб қўйилган.

У мазкур дори воситаларини Қирғизистон Республикасининг Ола-буқа туманида яшовчи, 1976 йилда туғилган шахсдан олиб, айланма йўллар орқали республика ҳудудига ўтказган. 

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Наманган вилояти ҳудудига қўшни Республикадан ноқонуний дори воситалари олиб киришга уриниш ҳолатлари кузатилган.

Мавзуга оид