Жамият | 17:16 / 14.05.2021
6901
2 дақиқада ўқилади

«Янгиликни эшитганимдан бери йиғлаяпман» - 30 йил фуқаролик олишни кутган избосканлик аёл мақсадига етди

Андижонга келин бўлиб тушган аёлга 30 йилдан сўнг Ўзбекистон фуқаролиги берилди.

Kun.uz сайтида Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ноокен туманида яшовчи 75 ёшли она Чинихон Эралиеванинг Олий мажлис сенати раиси Танзила Норбоевага мурожаати юзасидан «Охирги умидим сиздан...» — қирғизистонлик она нега Танзила Норбоевага мурожаат қилди?» мақоласи эълон қилинган эди.

Чинихон она ўз мурожаатида қизи Шоирахон Эгамовани 1990 йили Андижон вилояти Избоскан туманига узатгани, қизи шу пайтгача уч фарзандни камолга етказиб, невара кўрган бўлса-да, ҳалигача Ўзбекистон фуқароси паспортини ололмаётгани ҳақида куюниб ёзган. 

Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар беришича, президентнинг 11 май кунги фармони билан Шоирахон Эгамовага паспорт бериладиган бўлди.

Биз Шоирахон Эгамова билан телефон орқали боғландик.

«Kun.uz сайтида мақола эълон қилингач, мен билан Андижон вилоят Ички ишлар бўлими Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходимлари боғланиб, барча ҳужжатларимни янгидан тўлдириб, Тошкентга жўнатишган эди.

Бугун, 14 май куни туман «паспорт столидан алоқага чиқишиб, менга Ўзбекистон фуқаролиги берилганини айтишди. Узоқ кутган янгилигимни эшитганимдан бери кўзимдан қувонч ёшлари тинмаяпти.

Қариндош-уруғлар телефон орқали табриклашмоқда. Хурсандлигимнинг чеки йўқ. Қирғизистондаги яқинларим ҳам муаммомиз ҳал бўлганидан жуда хурсанд.

Насиб қилса, ўн кунлар ичида паспорт қўлимга тегар экан. Оиламиз билан мурожаатимизга эътибор қаратган Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоевага ҳамда бизга яқиндан ёрдам берган барча мутасаддиларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ва ниҳоят мен Ўзбекистон фуқароси бўлдим. Энди эмин-эркин ота юртим Қирғизистонга онамни, яқинларимни кўргани бора оламан», дейди Шоира Эгамова.

 

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид