Ўзбекистон | 10:17 / 15.05.2021
3969
2 дақиқада ўқилади

Катта Фарғона каналига вояга етмаган яна бир бола чўкиб кетди

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида жойлашган «Ўрта» МФЙ, Тош қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтган Катта Фарғона каналига 25 апрел куни вояга етмаган, 2-синф ўқувчиси Абдураҳим исмли йигитча чўкиб кетган.  

Kun.uz’га хабар берган Равшанжон Шоматовнинг айтишича, каналга чўкиб кетган Абдураҳимнинг жасади орадан тўққиз кун ўтиб, яъни 4 май куни соат 16:30 ларда, чўкиб кетган жойдан 5 км узоқликда топилган. 

«Масъул идоралар, ички ишлар ходимлари, кўпчилик бўлиб изладик. Афсуски, топа олмадик. Қарангки, сешанба куни сувнинг ўзи жияним танасини сув юзига олиб чиқиб қўйди. Чўкиб кетган жойидан 5 км узоқликдан чиқди. Ўша атрофда юрган сувчилар кўриб қолибди», — дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган Р.Шоматов. 

Таъкидланишича, марҳум болакай Абдураҳим саккиз ёшда бўлиб, 2-синф ўқувчиси бўлган.  

Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати билан боғланишнинг имкони бўлмаган. Шу сабабли воқеанинг асл сабаблари ҳозирча номаълум.

Kun.uz марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр тилайди.

Мавзуга оид