Жаҳон | 23:38 / 18.05.2021
5750
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон октябргача коронавирусга қарши вакцинани экспорт қилмайди

Фото: time.com

Ҳиндистон октябргача коронавирусга қарши вакцина экспортини тикламайди. Reuters ахборот агентлигининг хабар беришича, Ҳиндистондаги оғир эпидемиологик вазият сабабли мамлакатда ишлаб чиқарилаётган барча вакцина ички эҳтиёж учун йўналтирилмоқда.    

Бунинг натижасида COVAX ташаббуси доирасида вакцина тақчиллиги юзага келди. Бангладеш, Непал, Шри-Ланка ва Африканинг кўплаб давлатлари бошқа давлатлардан вакцина импорти учун курашни бошлаб юборди. 

Ўз навбатида, ЖССТ Ҳиндистондан бошқа вакцина ишлаб чиқарувчи давлатларни COVAX учун кўпроқ вакциналар етказиб беришга чақирди.

Reuters’га манбаларнинг хабар беришича, Ҳиндистонда коронавирусга чалинганлар сони 25 млндан ошиб кетгани сабабли аҳолини коронавирусга қарши эмлаш устувор вазифага айланган.

Шу билан бирга, Ҳиндистонда вазият яхшиланса, вакцина экспорти қайта тикланиши муддати ўзгариши мумкин.

Ҳиндистон вакцина экспортини март ойида тўхтатиб қўйганди. Шу сабабли COVAX’да 140 млн доза вакцина тақчиллиги юзага келган.

Мавзуга оид