Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олий маълумотли мутахассислар ватанни нега тарк этади? Қозоғистонлик экспертлар қатор сабабларни келтирди
Қозоғистонда «миялар кўчиши» тенденцияси йиллар давомида шаклланган жараён. Коронавирус пандемияси бу ҳолатни янада тезлаштирди, холос. Одамлар профессионаллар сифатида талабгир бўлишни исташади. Ҳатто, яхши ҳаёт, яхши шарт-шароит ва муҳитни излаб, ватаннинг ҳақиқий фидойилари ҳам ўзи туғилиб ўсган юртини тарк этишга қарор қилади. 365info.kz сайтида шу ҳақда таҳлилий мақола эълон қилинди. Kun.uz мухбири айни мавзуда Давлат статистика қўмитаси Ахборот хизматига мурожаат қилди.
Қозоғистондан кўчиш
Мамлакат парламенти депутати Александр Милютин Қозоғистонни тажрибали мутахассислар тарк этаётганидан ўз хавотирини билдириб, «коронаинқироз»га қарамай, 2020 йилда 2019 йилга нисбатан 3 баравар кўп тиббиёт ходимлари, 4 марта кўпроқ педагоглар ва 5 марта кўп техник мутахассислар республикадан кўчиб кетганига доир маълумотларни келтирган.
Нима учун кетишмоқда?
Унинг сўзларига кўра, бунинг қатор сабаблари бор. Таълимнинг паст сифати ва қимматлиги, олий ўқув юртлари битирувчиларнинг ишга жойлашишидаги мураккабликлар ҳамда ёш оилалар учун уй-жой учун ипотека кредитларини олиш имконсизлиги шулар жумласидан.
Қозоғистон она капитали ҳажми ва болалар таълим муассасалари бўйича Россиядан сезиларли ортда қолмоқда. Қолаверса, «шимолдаги қўшни»даги сингари оилани қўллаб-қувватлаш дастури ҳам мавжуд эмас.
Сиёсатшунос Расул Жумалининг қайд этишича, бу каби муаммолар кўплаб ривожланаётган мамлакатларга хос бўлиб, биринчи маротаба муҳокама бўлаётгани йўқ.
Унинг фикрича, «миялар» ривожланмаган ва хомашёга ихтисослашган иқтисодиётлардан саноати ривожланган мамлакатларга кўчиш орқали тарк этади. Бутун дунё «ақлли иқтисодиёт»га ўтаётган ҳолатда янгидан-янги рекрутинг (ёллаш) технологиялари пайдо бўлмоқда. Мутахассислар ҳар томондан, жумладан Қозоғистондан ҳам таклиф этилади».
Таълим ва фан муаммолари
Сиёсатшуноснинг сўзларига кўра, «депутат томонидан қайд этилган муаммолар Қозоғистонда ҳақиқатдан ҳам мавжуд, дейди сиёсатшунос. 2021 йилда дунёнинг ТОП-500 университетлари орасига Қозоғистоннинг атиги 3та олий таълим маскани кира олди. Умуман олганда, ўқитувчилар ва талабаларнинг таълим даражаси анча паст.
Таълим олиш нархи баланд, шунинг учун ҳам кўп ёшлар сифати юқорироқ бўлган Россия ёки Хитой олий ўқув юртларида таҳсил олишни маъқул кўради. Кўплари эса, олий таълимни якунлагач, бу мамлакатларда қолиб ҳам кетади.
Бунда илм-фанни етарли молиялаштирмаслик муҳим ўрин тутмоқда. Соҳага Қозоғистон ЯИМнинг 1 фоиздан камроқ қисми ажратилмоқда. Ривожланган давлатларда бу рақам 6-10 фоизни ташкил этади».
Ўқишни тугатганлар қаерда ишласин?
«Миялар кўчиши» муаммосида меҳнатни ташкил этиш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Қозоғистонда ҳар йили турли соҳа мутахассисларидан анчагина тайёрланади. Афсуски, мамлакат иқтисодиёти шундай тузилганки, илк навбатда хомашёга аҳамият берилган, илмий ишли технологиялар жуда заиф ривожланган. Шу боис, тизим ўз ишининг усталарига ҳам иш топиб бера олмайди ёки улардан самарали фойдалана олмайди.
Қозоғистонга хизмат қилишни истайдиган ватанпарвар ёшлар бўлиши мумкин, лекин уларнинг IT-технологиялари, муҳандислик ёки архитектурадаги кўникма ва қобилиятларига талаб шунчаки йўқ. Албатта, айрим йирик компанияларни истисно қилганда», - деган Жумали.
Кимдан ўрнак олиш даркор?
Сиёсатшунос Қозоғистонда ҳеч бўлмаганда бирмунча ривожланган давлатлардан ўрнак олган ҳолда илмий инфратузилма ташкил этиш заруратини таъкидламоқда.
«Биз АҚШ, Япония ёки Жанубий Корея каби ўта ривожланган давлатларни мўлжал олиш учун жуда ортда қолиб кетганмиз. Бу давлатлар бизни аллақачон 40 йил ортда қолдирган.
Бу борада Малайзия ёки Ҳиндистон тажрибаси бор. Ҳиндистонга, айтайлик, кўпчилик ишонмаган. Лекин, улар Бангалорда «янги технологиялар қишлоғи» барпо қилишди. Бугунги кунда Ҳиндистон жаҳон IT-марказларидан бири ҳисобланади.
Шунингдек, бу борада Беларусни ҳам мисол келтириш мумкин. Унинг мутахассислари IT-соҳасига аралаша бошлади. Мамлакатнинг ўзида Россиянинг Сколковосидагидек шароитлар барпо этилди. Бироқ, Россияда юқори технологиялар парки кампаниябозликка айланиб кетди. Шовқин кўп, самара деярли нолга тенг.
Бизда ҳам, масалан, Назарбоев Университети лабораториясида худди шундай инфратузилма мавжуд. Лекин бу, мамлакат миқёсида жуда кам», - дейди сиёсатшунос.
Коронавирус сабаб эмас
Экспертга кўра, коронавирус, карантин чоралари жорий этилиб, корхоналар ёпила бошлагач, мамлакатдан тажрибали мутахассислар чиқиб кетиши кучайишига шунчаки туртки берган, холос. Аслида, бу жараён узоқ муддатли бўлиб, тажрибали мутахассисларнинг кўчиб кетиш аломатлари анча олдин бошланган.
— маошларни ошириш, ижтимоий қўллаб-қувватлашни яхшилаш керак. Ҳатто Россияда ҳам бу масалада вазият бирмунча қониқарли.
Шунинг учун ҳам мен ўз ҳаётини яхшилашга ва қадрли ходим бўлишга уринаётганларни ватанпарварлик ҳисси йўқликда айблашга шошилмас эдим, - дея хулоса қилган Расул Жумали.
Ўзбекистонда миграция билан боғлиқ вазият қандай?
Kun.uz мухбири Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси Ахборот хизматига мурожаат қилиб, сўнгги 5 йилда ўз яшаш жойидан кўчиб кетганлар, уларнинг неча фоизи олий маълумотли эканига доир саволга ойдинлик киритишни сўради.
Статистика қўмитаси тақдим этган маълумотга кўра, 2016 йилда 167.8 минг киши кўчган бўлса, 2017 йилда бу рақам 175.7 минг кишини ташкил этган. 2018-19 йилларда 2017 йилга нисбатан бирмунча пасайиш қайд этилиб, тегишли равишда 174.8 минг ва 169.5 минг киши кўчган. 2020 йилда кўчганлар сонида кескин ўсиш кузатилган ва 203.6 минг кишини ташкил этган.
Статистика қўмитаси Ахборот хизматининг қайд этишича, кўчиб кетувчиларнинг неча фоизи хорижий давлатга, қанчаси ички миграцияни танлаганига доир статистика юритилмайди. Бундан ташқари, кўчганларнинг маълумоти (таълим даражаси)га доир рақамлар ҳам алоҳида белгиланмайди. Яъни қуйидаги рақамларнинг неча фоизи олий маълумотли мутахассислар экани, уларнинг қанчаси хорижда яшашни маъқул кўргани аниқ эмас.

Мавзуга оид
20:35 / 27.05.2025
Москвада шаҳарни билмаган такси ҳайдовчилари жаримага тортилади
18:10 / 27.05.2025
Россияда муштлашувдан кейин 11 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинди
11:37 / 26.05.2025
Деҳлида Ўзбекистон-Ҳиндистон таълим форуми ўтказилди
17:55 / 23.05.2025