Жамият | 13:42 / 25.05.2021
32000
6 дақиқада ўқилади

«Суперконтракт деган бало тиббий таълимнинг оёғига ҳақиқий тушов бўлди» — профессор билан суҳбат

Профессор, невролог Зарифбой Ибодуллаев Kun.uz нашрига берган интервьюсида айрим абитуриентларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришда берилаётган имтиёзлар ҳақида тўхталиб, мутасаддиларни тиббиёт институтларига суперконтракт асосида ўқишга қабул қилишни тўхтатишга чақирди.

«Суперконтракт деган бало тиббий таълимнинг оёғига ҳақиқий тушов бўлди. Суперконтрактга 250 млн сўм тўлаб кирадиганларнинг 90 фоизи – илмсиз талабалар. Оддий анатомияни билишмайди. Фурсатдан фойдаланиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим вазирлигига таклиф киритмоқчиман: суперконтрактдан воз кечиш ёки уларга бир марта имконият бериб, ундан фойдалана олишмаса, ҳайдаб юбориш керак.

Ҳурматли суперконтрактга кирган талабалар! Мен 30 йилдан бери дарс бераман, ўзингиз ариза ёзинг-да, ўқишни ташлаб кетинг. Бу сизларга илтимосим, тавсиям. Ота-оналарингизга ҳам.

Нега? Сизлар менинг гапим билан ташлаб кетмаслигингиз мумкин. Унда сизлар дипломни олиб ишга кирасизлар, ёнингизга беморлар келади, мен шунча вақтдан бери нега тузалмаяпман, деса нима деб жавоб берасиз? Нега яхши бўлмаяпсан, аллақачон тузалишинг керак эди, бор кет, бўлмаса тоғам прокурор, аммам катта ишда ишлайди, ҳозир телефон қиламан, додингни беради, деб айта олмайсизлар. Бу ўтмайди шифокорликда.

Сизлардан бош шифокор ҳам, соғлиқни сақлаш ташкилотчиси ҳам чиқмайди. Яхшиси, ақлингиз бор пайти ариза ёзинг, илмингизни ўзингиз биласиз. Биз сизларни ўқитамиз деб, азият чекмайлик. Сизлар қанчадан қанча яхши ўқиган, ўзининг билими билан кираман деб, 7-8 йиллаб топшириб, кира олмаган талабаларнинг ўрнини банд қилиб ўтирибсиз. Ана улардан зўр шифокор чиқади. Сизлардан эса йўқ», дейди Зарифбой Ибодуллаев.

Зарифбой Ибодуллаев

Профессор Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилиб, олий таълимдан имтиёзни йўқ қилишни сўради.

«Суперконтракт бўйича ўқишга кирган талабалар декабрдан қабул қилинмоқда. Бу қанақаси? Ўтиб кетган цикллар нима бўлади? Боринг, прокурор бўлинг, бошқа касб эгаси бўлинг, аммо шифокорлик сизларга ўйин эмас! Барча санъатлар ичида энг буюги тиббиёт, деган донолар.

Вазирлар Маҳкамасига мурожаатим: имтиёз деган нарсаларни йўққа чиқаринглар. Аброр ака Акмалов ҳам аввалги интервьюларида тиббиётда имтиёз деган нарсага ўрин йўқ, деб айтиб ўтгандилар.

Майли, отаси қаҳрамонларча ўқ еб вафот этган инсоннинг фарзанди ҳарбий билим юртларига, ҳарбийлаштирилган факультетларга ўқишга имтиёз билан киришсин. Бунга эътироз йўқ. Лекин уларнинг фарзанди ўқитувчи бўламан деса ёки бошқа касб эгаси бўлмоқчи бўлса, уларнинг ўқишга кириши учун имтиёз берилишини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди.

Яна айтаман, хориждан шифокорларни олиб келаман дейишдан олдин ўзимизнинг врачлар ўқиши учун шароит яратинглар. Кафедрага келинглар, битта ҳам лаборатория йўқ. Аппаратура йўқ. Қанақа ўқитиш мумкин?

Ўзбек талабаларига ўзбек институтларида хориж шароитини яратиб беринг. Беш йилдан кейин биз сизларга натижа берамиз. Телевизорга чиққанингизда Беруний, Навоий, Мотуридий авлодимиз, деб доим айтасизлар-ку! Авлоди бўлсак, шароит яратиб беринглар, ўқишга ҳам халақит берманглар, кўрасизлар натижани.

Мана, ўзбек олими Аброр ака Акмалов Саудия Арабистони подшоҳлигидаги қирол Фаҳад шифохонасининг энг машҳур шифокорларидан бирига айланди. Бундайлар Европада ҳам юрибди, Америкада ҳам юрибди. Шунинг учун янги ўқув йилидан бошлаб бу масалаларни ўйлаб кўриш керак. Ҳеч бўлмаса, тиббиёт институтларида суперконтрактни йўқ қилиш керак. Бизни вилоятларга юборинглар, ўзимиз иқтидорли болаларни излаб топайлик. 9-11 синфларда ўқиётган ўқувчилар билан суҳбатлашиб, суҳбатдан кейин бир-иккита тестларни топшириб кўришсин. Ана шунда тиббиётнинг келажаги ҳақида гапирсак бўлади», дейди Зарифбой Ибодуллаев.

Саудия Арабистони Мадина шаҳридаги қирол Фаҳад шифохонаси шифокор-анестезиологи, тиббиёт фанлари доктори Аброр Акмалов ҳам ўтган йили Kun.uz’га берган интервьюсида тиббиёт институтига имтиёз билан ўқишга қабул қилиш мумкин эмаслигини таъкидлаган эди.

Аброр Акмалов

«Яқинда яна қайсидир тоифадаги одамларга ОТМларга киришда имтиёз берилди. Тиббиёт институтига имтиёз билан кириш умуман мумкин эмас, балки бошқа йўналишларда буни қабул қилиш мумкиндир. Лекин ўзида билим бўлмаса, тиббиёт йўналишига қабул қилиш керак эмас. Бу – биринчиси.

Иккинчидан эса, агар талаба контрактда ўқиётган бўлса, пул тўлаяпти-ку, деган фикрда ҳеч бўлмаганда «3» баҳо билан фани ёпиб берилади. Масалан, ҳозир ўғлим ўқиётган Арабистондаги университет мисолида айтишим мумкин, тўланадиган контракт пули жуда юқори бўлса ҳам, ҳар йили 25-30 фоизгача талаба курсдан курсга қолади», деган эди ўшанда шифокор.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун бериладиган имтиёзлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест маркази, тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан қайта кўриб чиқилиши маълум қилинган эди.

Мавзуга оид