Ўзбекистон | 20:21 / 27.05.2021
47230
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда хонадон эгаси имконияти чекланган хизматкор аёлни калтаклади

Ижтимоий тармоқларда кар-соқов аёлга шафқатсиз муносабатда бўлингани акс этган видеолар тарқалди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Видеода бир аёл имконияти чекланган аёлни уриб, ёши каттароқ бошқа бир аёлдан кечирим сўраттиргани, онаси экани айтилаётган бу аёлнинг оёқларини мажбурлаб ўптиргани ва уриб-тепгани акс этган.

Пойтахт ИИББнинг аниқлашича, 25 майдан 26 майга ўтар кечаси соат 03:15ларда 102 рақамига тез ёрдамдан хабар келиб тушган, унда 24 ёшли Моҳизода В. тан жароҳатлари билан келтирилгани айтилган.

Маълум бўлишича, 24 май куни 28 ёшли Мумтозбегим Д. ўзининг Миробод туманидаги хонадонида икки нафар таниши: 20 ёшли Диёра Б. ва 23 ёшли Мукаррам М. билан бирга 24 ёшли Моҳизода В.га тан жароҳатлари етказишган.

Бироқ аёл ўзи тушунтириб бермаган сабабларга кўра, ўзи яшаб келган ушбу хонадондан фақатгина 25 майдан 26 майга ўтар кечаси чиққан. У Нукус кўчасидан ўтиб кетаётган тез тиббий ёрдам машинасини тўхтатиб, қўл ҳаракатлари билан тиббий ёрдамга муҳтожлигини билдирган ва оёғидаги жароҳатларни кўрсатган.

Ҳозирда барча иштирокчиларнинг шахси аниқланган, суд-тиббий экспертиза тайинланган.

Ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «в» банди (ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган қийноқ) билан жиноят иши қўзғатилган.

«Тергов давомида содир бўлган воқеанинг сабаблари батафсил ўрганилади», – дейилади шаҳар ИИББ ахборотида.

Ижтимоий тармоқларда, калтакланган аёл шу хонадонда хизматкор бўлиб ишлаб келгани, унинг ҳатто ҳомиласи нобуд бўлгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид