Ўзбекистон | 16:42 / 28.05.2021
2554
2 дақиқада ўқилади

Қўқонда кўп қаватли уйлар орасида яна битта уйга котлован кавланди. Шаҳар ҳокимлиги аҳоли норозилиги қондирилганини маълум қилди

Ижтимоий тармоқлар орқали Қўқон шаҳрининг 51-Зилол маҳалласидаги кўп қаватли уйлар ёнида яна битта кўп қаватли уйга котлован кавланаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат маҳаллий аҳоли томонидан кескин норозиликлар келтириб чиқарди.
  
Ушбу ҳолат юзасидан Kun.uz мухбири Қўқон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Норбоев билан боғланди. Унинг маълум қилишича, аҳоли мурожаати қаноатлантирилган.

«Ижтимоий тармоқларда кўрсатилган ер майдони қонунда белгиланган тартибда, тадбиркор мурожаатига асосан, Кадастр агентлиги томонидан онлайн аукцион комиссияси муҳокамасига киритиш учун шаҳар қурилиш бошқармасига жўнатилган. Шаҳар қурилиш бошқармаси ер майдони шаҳарсозлик нормаларига мос келгани учун мутасадди ташкилотлардан иборат комиссия муҳокамасига тақдим этган. Ер майдонлари ажратилишида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида комиссия онлайн кўринишда ўтказилиши муносабати билан шаҳар ҳокимлиги ушбу жараёнда иштирок этмайди. Тартиб шунақа», – дейди у. 

Таъкидланишича, Абу Тойиб Ҳўқандий мавзеси, 68-кўп қаватли уй ёнидаги ер майдони комиссиянинг ижобий хулосасига асосан, инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан ер майдонининг бошланғич нархи белгиланиб, 2020 йил, 29 декабрда электрон аукционга қўйилган. 2021 йил 14 январь куни мазкур ер майдонини аукционда маҳаллий тадбиркор ютиб олган.

«Тадбиркор қурилиш ишларини бошлай деганда, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли норозилигини билдирган. Қўқон шаҳар ҳокими бошчилигида мутасаддилар томонидан масала жойида ўрганилди. Кадастр агентлиги томонидан ер майдонини аукционга чиқаришда аҳоли розилиги олинмаганлиги сабабли, сотиб олинган жойга қурилиш қилиниши бекор қилиниб, тадбиркорга бошқа жойдан ер майдони таклиф этилди», – дея қўшимча қилди шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

Мавзуга оид