Ўзбекистон | 18:48 / 29.05.2021
11371
5 дақиқада ўқилади

«Декларациялашдан аввал давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларига бир марталик амнистия берилиши мумкин» – Акмал Бурҳонов билан интервью

Kun.uz Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари Акмал Бурҳонов билан интервью уюштирди.

Интервью ўтган ҳафта эълон қилиниб, илк қисми матнлаштирилган ҳолда тақдим этилган эди. Қуйида суҳбатнинг иккинчи қисми матни жузъий қисқартиришлар билан эълон қилинмоқда.

 — Давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялаш қонуни ҳақида бизда бир неча йилдан буён гапириб келинади. Хўш, бу қонун қачон қабул қилинади ва у амалда қандай ишлайди?

— Бизда бу бўйича сиёсий ирода бор. Давлат раҳбари томонидан олдимизга декларациялаш тизимини тезлаштириш масаласи қўйилган. Бугунги кунда қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бунда бизга маҳаллий ва хорижий экспертлар, ҳамда қатор халқаро ташкилотлар ҳам ёрдам берди.

Биз бу декларациянинг ишлаб кетиши учун пухта тизим яратишимиз керак.

Бу ерда бизга бериладиган энг катта савол: кимлар декларацияга киради? Давлат хизматчиси тушунарли, яъни давлат хизматидан ойлик олувчи ҳамма доирага киради. Энг юқори раҳбардан то энг қуйи хизматчигача.

Бизга бу борада таклифлар ҳам бўляптики, давлат хизматчисининг қайнота-қайнонасидан тортиб, бошқа қариндошларининг ҳам мол-мулки декларацияга кирсин деган. Лекин кейин бизда бошқа савол ҳам пайдо бўлдики, нима учун кимдир қариндоши учун жавоб бериши керак? У нима учун мол-мулкини ўзининг куёви ёки қайни укаси учун жамоатчиликка очиқлаши керак? Яъни дахлсизлик масаласи бор бу ерда.

Яна бир масала ҳам борки, давлат хизматчиси шу пайтгача олган, йиққан мол-мулкини декларацияга киритса, манбасини қандай исботлаб беради? Ўн, ўн беш йил аввал олинган мол-мулк. Уни қандай исботлайди? Олдимизда бу савол ҳам турибди. Масалан, менга ўхшаб хорижда яхши стипендияга ўқиган ва нимадир мулк қилганлар бор. Улар бу мол-мулкини исботлаб бериши учун яна хорижга бориб, ҳужжат олиб келадими?

Бизда учинчи ва энг асосий масала ҳам турибдики, бу тизим. Декларациялаш тизими шундай бўлиши керакки, ҳар қандай давлат хизматчиси ўз маълумотини унга кирита олсин. Бу маълумотлар жамоатчиликка очиқ ва ҳимояланган бўлиши керак.

Бизда ҳозир шундай таклиф ҳам борки, хизматчиларнинг қайсидир вақтга қадар олган даромадлари мол-мулкига бир марталик амнистия эълон қилиш. Яъни биз айтаётган қонун 2022 йил 1 январдан кучга кирса, давлат хизматчиси 1 январгача бўлган мол-мулкининг манбасини декларацияда кўрсатиши, исботлаши шарт эмас.

2022 йил 1 январдан бошлаб эса у қилган ҳар бир харажати, мол-мулкини қайси пулга олгани, қаерга сарфлагани ва у пул қаердан келганини исботлай олмаса, жавобгарликка тортилади. Бунда жиноий жавобгарликка қадар чоралар кўзда тутилган.

Биз ҳозир шу таҳлиллардан келиб чиқиб ўйлаяпмиз. Иккинчи масала кимлар бу доирага тушиши. Биз ўз таҳлилларимиз бўйича давлат хизматчисининг ўзи, турмуш ўртоғи ва ота-онасининг мол-мулкини бу доирага киритмоқчимиз.

Албатта, бу таклиф ва уни ҳали жамоатчилик муҳокамасига тақдим қиламиз.

— Декларациялаш тартиби қачондан кучга кириши кутиляпти?

— Ўйлашимча, бу тартибни 2022 йилдан жорий қилиш бошланади. Агар бу йил қонунимиз қабул қилинса, тизимимиз ҳам параллел равишда тайёр бўлиб қолади.

— Аксилкоррупция агентлиги учун қайси давлат идораси билан ишлаш қийинроқ?

— Биздаги барометр ташкилотларни биз билан ишлашини эмас, ўз тизимида коррупцияга қарши қай даражада курашаётгани ва иродаси билан ўлчайди.

Бу биринчидан, ўша идоранинг раҳбарига ва иккинчидан, тизимга боғлиқ. Биз билан кўпроқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Молия вазирлиги ва Монополияга қарши кураш қўмитаси яқиндан ишлаяпти. Улар ўз тизимида коррупция иллатига қарши самарали курашяпти.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирлиги ва «Ўзкимёсаноат» АЖ раҳбариятини ўз тизимида коррупцияга қарши комплаенс назоратни жорий этишга бўлган иштиёқи учун эътироф этишим керак. Лекин айрим вазирликлар борки, улар ҳали ўзлари буни хоҳлашмаяпти. Масалан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ёки яна турли уюшмалар.

Биз эндиликда ҳар бир идора ва ташкилотни коррупцияга қарши комплаенс назоратни жорий этишга мажбурловчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқяпмиз.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид