Жамият | 14:41 / 01.06.2021
7308
3 дақиқада ўқилади

Байрам туҳфаси: Қашқадарёда бугун 200 та боғча очилди

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Қашқадарёда тадбиркорлар ва ҳокимликлар ташаббуси билан 200 та МТМ расман иш бошлади. Уларнинг 169 таси оилавий, 30 таси ДМТТ ва 1 таси ДХШ боғчалардир.

Статистик маълумотларга кўра, вилоятда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар сони жами 294 751 нафарни ташкил этади. 2016 йилда вилоятда бор йўғи 326 та мактабгача таълим муассасалари бўлиб, болаларни қамраб олиш даражаси 13,3 фоиз бўлган. 1 июндан иш бошлаган 200 та МТМни қўшиб ҳисоблаганда 1897 тага етди.

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Натижада умумий болалар қамрови 136 293 нафарга етади. (31 май ҳолатида 128 минг 756 нафар (43,7 фоиз).

«1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан иш бошлайдиган боғчалар очилиши ортидан 673 киши ишли бўлди, 7572 (7537) нафар болалар учун қўшимча ўрин ташкил этилади ва вилоятнинг бу соҳадаги кўрсаткичи 46,3 фоизга ошади.

Жумладан, Қарши шаҳрида 11 та, Шаҳрисабз шаҳрида 25 та, Ғузорда 6 та, Деҳқонободда 14 та, Касбида 18 та, Китобда 37 та, Косонда 3 та, Қамашида 2 та, Қарши туманида 4 та, Миришкорда 15 та, Муборакда 5 та, Нишонда 4 та, Чироқчида 23 та, Шаҳрисабз туманида 22 та ва Яккабоғда 11 та боғчалар очилди. Очилиш маросимларида депутатлар, нуронийлар, маҳалла аҳли, журналист ва блогерлар иштирок этди.

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Энг қувонарлиси, ушбу боғчаларнинг 42 таси олдин боғча мавжуд бўлмаган олис маҳалла ҳудудларида қад ростлади.

- Невараларим тақдиридан хавотирда эдим, - дейди қамашилик Хумора момо. - Ўзим 36 йил ўқитувчилик қилганман. Невара-чевараларим ҳам зиёли, Ватанига хизмат қиладиган инсонлар бўлиб вояга етишларини кўрадиган кунларга етказганига шукр.

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот ўрнида, 24 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда вилоятда мактабгача таълим қамрови ва сифатини ошириш масалалари танқидий муҳокама қилиниб, вилоятимизда ҳам бу борада олиб борилаётган ишлар танқид остига олинганди. Чироқчи, Қамаши ва Китоб туманларида қамров даражаси жуда пастлиги айтилган эди. Бугун ушбу туманларда ҳам 62 та мактабгача таълим масканлари тантанали очилиб, чинакамига қишлоқ аҳли ва болажонлар учун байрам совғаси бўлди.

Шунингдек, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ҳам билдирилган камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида 31 май куни йиғилиш ўтказиб, мактабгача таълим масъулларини виждонан ишлашга, тизимдаги камчиликларни бартараф этишга чақирган.

Муҳокамалар якуни бўйича жорий йил охирига қадар яна 578 мактабгача таълим ташкилотларини очиш ва болалар қамровини 58 фоизга етказиш масаласи депутатлар томонидан тасдиқланди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид