Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари миқдори белгиланди. Бунинг аҳамияти нимада?
Ўзбекистонда биринчи марта минимал истеъмол харажатларининг расмий қиймати тасдиқланди. Бу миқдор киши бошига ойига 440 минг сўм деб эълон қилинди. Хўш, бу нимани англатади, унинг одамлар ҳаётига қанақа таъсири бор?
Минимал истеъмол харажатлари – моддий ва бошқа ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолининг мақсадли гуруҳини аниқлаш мезони.
Бу орқали камбағаллик чегараси белгиланади. Моддий имконияти шу чегарага етмаган ёки ундан паст уй хўжаликларига давлат томонидан моддий ва ижтимоий кўмак берилади.

Ўрганишлар натижасида Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари бир ойда киши бошига 440 минг сўмни ташкил этиши маълум қилинди.
Бунда масалан, 5 кишидан иборат оиланинг бир ойлик харажатлари 2 млн 200 минг сўмга тўғри келади. Яъни ўша оиланинг ойлик истеъмол харажатлари мана шу маблағдан кам бўлса, уни 2 млн 200 минг сўм миқдорига етказиш давлат эътиборидаги масалага айланади.
Расмийларга кўра, кам даромадли хонадонларда киши бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат 2200 килокалория бўлиши керак. Бунинг минимал миқдори эса жон бошига ойига 295 минг сўмдан тўғри келади.

Ўзбекистон Конституциясининг 39-моддасига асосан, пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас.
Шу асосда ҳозир айрим фуқароларга ижтимоий нафақалар ёки пенсия миқдори 440 минг сўмдан кам тўланаётган бўлса, эндиликда улар шу миқдорга етказилиши кутилмоқда.
Минимал истеъмол харажатлари қандай ҳисобланади?
Бугунги кунда минимал истеъмол харажатлари қийматидан Аргентина, Арманистон, Вьетнам, Грузия, Молдова, Мўғулистон, Малайзия, Покистон, Тожикистон, Хитой ва Қирғизистонда фойдаланиб келинмоқда.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига кўра, минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш бир нечта босқичларда амалга оширилади.
Дастлаб, кам даромали уй хўжаликлари ўртасида минимал истеъмол харажатлари қанча миқдордалиги тўғрисида сўров ўтказилади, аҳоли жон бошига жами истеъмол харажатлари ўртача республика нархларида аниқланади. Сўнгра бир киши истеъмол қилган 1 ккал нархи аниқланади ва уй хўжаликлари 10 фоизлик гуруҳларга (децил) ажратилади.
Биринчи 3 та децил минимал харажатларни ҳисоблаш учун референт гуруҳ сифатида ажратиб олинади. Референт гуруҳдаги ҳар бир уй хўжалигининг Энгель коэффициенти ва минимал озиқ-овқат харажатлар қиймати аниқланади. Мазкур икки қиймат йиғиндиси орқали минимал истеъмол харажатлари миқдори аниқланади.
Юқорида қайд этилганидек, дастлабки босқичда Ўзбекистонда Жаҳон банки кўмаги билан 5 400та уй хўжаликлари ўртасида сўров ўтказилган.
Сўров натижаларига кўра, кам даромадли уй хўжаликларининг минимал истеъмол харажатлари ҳажми бир ойда киши бошига 440 минг сўмдан тўғри келиши белгиланди. Бунинг 67 фоизини, яъни 295 минг сўмини озиқ-овқат харажатлари ташкил этади.
Минимал истеъмол харажатлари ва яшаш минимумида қандай фарқи бор?
Бу икки тушунчадан бир хил маънода фойдаланиш ҳолатлари учраб туради. Аслида уларда айрим фарқлар бор.
Хусусан, минимал истеъмол харажатлари аҳолининг камбағал қатлами реал истеъмолидан келиб чиқиб, статистик усулда ҳисобланади. Бунда истеъмол таркибининг ўзгариши тўлиқ инобатга олинади ва уй хўжаликлари сўрови маълумотлар базасидан фойдаланилади.
Яшаш минимуми эса меъёрий статистик усулда ҳисобланади. Мазкур ўлчовда истеъмол таркибининг ўзгаришини инобатга олиш даражаси паст бўлади. Мутахассислар ёрдамида тузилган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда хизмат турлари меъёрлари орқали маълумотлар базаси шаклланади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг билдиришича, минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш учун Жаҳон банки кўмаги билан республикадаги 5 400та оилада сўровнома ўтказилган. Натижада энг камхарж оилалар аниқланиб, минимал истеъмол харажатларини белгилаш учун шу оилаларнинг талаб ва эҳтиёжлари асос қилиб олинган.
Минимал истеъмол харажатлари пенсия тизимига қандай таъсир қилади?
Бугунги кунда ёшга доир энг кам пенсия миқдори 513 350 сўм, стажи тўлиқ бўлмаган фуқаролар пенсияси эса 256 минг сўм қилиб белгиланган.
Иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга 315 030 сўм нафақа пули тўланади.
Эндиликда Конституциянинг 39-моддаси талабига биноан, пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори минимал истеъмол харажатлари қийматига етказилиши кўзда тутилган.
Мавзуга оид
18:35 / 09.06.2021
Нега 440 минг сўм? Минимал истеъмол харажатлари миқдори ҳақида экспертлар билан суҳбат
19:31 / 01.06.2021
Киши бошига 440 минг сўмдан кам маош тўғри келадиган оилаларга асосий эътибор қаратилади — Умид Обидхўжаев
20:51 / 07.01.2021