Иқтисодиёт | 18:35 / 09.06.2021
34377
18 дақиқада ўқилади

Нега 440 минг сўм? Минимал истеъмол харажатлари миқдори ҳақида экспертлар билан суҳбат

«Иқтисодий хабарлар таҳлили» лойиҳасининг навбатдаги сонида молиячи Отабек Бакиров ҳамда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шуъба мудири Бахтишод Ҳамидов дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, эълон қилинган минимал истеъмол харажатлари ва унинг қуйи қатлам ҳаётидаги аҳамияти ҳақида суҳбатлашишди.

— Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан минимал истеъмол харажатлари 440 минг сўм этиб белгилангани эълон қилинди. Бу рақамларнинг қуйи қатлам вакиллари учун қандай ижобий томонлари бор?

Отабек Бакиров: Бу миқдор 5400 нафар респондентнинг кундалик ҳаёти, эҳтиёжлари, даромадлари ва харажатларини ўрганиш натижасида аниқ методологияга асосланган таҳлилларга кўра олинган сумма ҳисобланади. Бу миқдорнинг адолатли ёки адолатсиз экани ҳақидаги калимани ишлатиш бу ерда тўғри бўлмайди. Чунки қайсидир таҳлилларда ёки сўровлардан келиб чиққан натижа учун адолатли ёки адолатсиз сифатида қарайдиган ўлчов мавжуд эмас. Бу аниқ ҳолат.

Сўров натижалари, унинг критериялари, методологиялари, бошидан охиригача қандай мезонлар асосида қурилгани ҳаммага очиқ-ойдин билдирилди, аниқлаштирилди. Албатта, кўп сонли Ўзбекистон аҳолиси учун бу муҳим кўрсаткич. Аҳолининг қайсидир тоифаси бу суммани ўзларининг ҳаёт тарзи ва даромадларидан келиб чиқиб юқори деб ҳисоблаши мумкин, қайсидир бошқа аҳоли тоифаси эса ўз даромадларидан келиб чиқиб кам миқдор деб баҳолаши мумкин, аммо булар ўта субъектив, мотивацияга эга бўлмаган шахсий қараш бўлади.

Бахтишод Ҳамидов: 440 минг сўмнинг адолатли ёки адолатсизлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда билдирилаётган изоҳлар, аҳоли кенг қатламларининг фикрларидан келиб чиқиб ҳам фикр билдириш мумкин. Лекин бу ерда бир нарсага эътибор қаратиш керакки, ижтимоий тармоқларда кўп кузатилаётган эътирозларнинг асосий сабаби, минимал истеъмол харажатларининг (МИХ) фақат камбағал аҳолига эмас, балки кўпчилик томонидан ҳаммага тегишли рақам сифатида тушунилаётганида, деб ҳисоблайман.

Бахтишод Ҳамидов

Биз МИХга умумий аҳолига нисбатан эмас, камбағал аҳоли харажатларига нисбатан қарашимиз керак. Бу рақам фақат аҳолининг энг қуйи табақасини ўрганиш натижасида шакллантирилган, аҳолининг барча табақаларига тегишли эмас. Биламизки, беш қўл баробар эмас, жамиятда турли қатлам вакиллари бор. МИХ фақатгина камбағал қатлам вакиллари учун қўлланади.

Бой ва ўрта қатлам учун бу миқдор кам туйилиши мумкин, аммо камбағал қатлам учун бу нарсани алоҳида ўрганиш талаб этилади, яъни комментарияларни камбағал қатлам асосан ёзмайди. Интернети бор, асосан, Тошкентда истиқомат қилувчи фаровонлик даражаси нисбатан юқори бўлган одамлар ўзларидан келиб чиқиб айтаётган бўлиши мумкин. Сўровномада қатнашган аҳолининг камбағал 30 фоизи ҳам вилоятлардаги қишлоқ жойларида истиқомат қилиши сабаб, интернет билан муаммоси туфайли бундай баҳсларга киришмаётган бўлиши мумкин. Уларнинг фикрларини эшитиш бизлар учун ҳозир қийин.

МИХни шакллантиришдан асосий мақсад ҳам камбағалликка қарши кураш ва ўша минимал белгиланган 440 минг сўмдан ҳам кам даромад топадиган оилалар ҳолатини ўрганиб, уларга ёрдам қилиш.

Отабек Бакиров: Юқоридаги фикрларга қўшилган ҳолда шуни айтмоқчиманки, бекорга методологияда 5400та уй хўжалиги танлаб олинмаган. Уларнинг репрезентатив бўлгани танланмада асосий масала бўлган. Иккинчидан, танлаб олинган уй хўжаликлари 10 гуруҳга бўлиниб, энг кам даромадга эга бўлган 30 фоиз гуруҳнинг натижаларидан келиб чиқиб олинган миқдор ҳисобланади.

Отабек Бакиров

Бир нарсага эътибор беришингизни сўрардим, шу пайтгача бизда миллий камбағаллик чегараси критерияси мавжуд эмасди. Бу кўрсаткич ўта субъектив ва турли бюрократик қарашлар натижасида шаклланган ўлчовлар натижасида белгиланган. Мисол учун, «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари», «Темир дафтар» шулар жумласидандир. Чунки ўзимизнинг умумқабул қилинган критерияларимизга эга бўлмаганмиз. Бу эълон қилинган миқдор аҳолининг сўровларда бевосита ўзи томонидан билдирилган харажатлари ва даромадлари натижасида келиб чиққан, яъни уларнинг кундалик эҳтиёжлари, истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари учун ишлатадиган харажатларининг қийматидан шакллантирилган. Кимдир уларга 1 кг гўштни 50 минг сўмдан оларкансан ёки 70 минг сўмдан оларкансан, шу миқдор билан кўрсат, 10та тухумнинг нархини 10 минг сўм қилиб, яна кимгадир эса 20 минг сўм қилиб кўрсат деб айтмаган, ким ушбу маҳсулотларни қанчага харид қилган бўлса, ўзидан келиб чиқиб кўрсатган. Ўшa кўрсатган респондентлар ичида энг қуйи даромадларга эга бўлган қатламдан 30 фоизи ажратиб олинган. Бунда қўлланган озиқ-овқат қийматида юқори даража 2200 калорияли қиймат олинган. Шулардан келиб чиқиб белгиланган суммани мана бугун ҳамма билиб турибди.

Бахтишод Ҳамидов: Ҳар биримиз алоҳида оламмиз. Оддийгина сизнинг, менинг ёки вилоятлар бўйича истеъмол одатлари бир-биридан фарқ қилади. Масалан, биргина гуручнинг 10 хил нави мавжуд. Табиийки, бой қатлам қимматроқ, камбағал қатлам арзонроқ гуруч истеъмол қилади. Ҳамманинг ўз истеъмол одатлари бор. Ўшандан келиб чиқиб МИХни белгилаш энг кам даромад топадиган ва сўровномада қатнашган 30 фоиз одамларнинг ўзлари билдирган фикрлари ва истеъмол одатларидан келиб чиқиб ҳисобланган миқдордир. Яъни гуручнинг энг қиммат ёки ўртача нархи олинмаган бу ерда, айнан камбағал қатлам қанақа гуруч истеъмол қилса ўша гуручнинг нархи олинган.

— МИХнинг эълон қилиниши аҳолининг кундалик ҳаётига қандай таъсир қилади? Ҳукумат томонидан аниқ дастур ишлаб чиқиладими? Содда қилиб айтганда, бу рақамларнинг эълон қилиниши камбағал қатлам ҳаётида қандай ўзгариш ясайди?

Бахтишод Ҳамидов: Сизни ташвишлантираётган саволни тўғри тушунамиз. Хўш, 440 минг сўмни эълон қилдик, энди нима бўлади? Умуман, бу миқдор нимага эълон қилинди?

Аввало, ҳозирда кўтарилаётган муҳокамаларнинг тагини тушуниб олишимиз керак. Биринчи ўринда, бундан кейинги даврда 440 минг сўмлик чегаранинг эълон қилиниши ҳукумат томонидан камбағалликка қарши курашда асос вазифасини ўтайди. Эндиликда шу миқдордан келиб чиқиб, фуқароларга белгиланадиган нафақалар, ижтимоий ёрдамлар қайта кўриб чиқилади, чунки бу тадбирлар камбағалликни камайтиришдаги асосий чоралар ҳисобланади. Шунга ўхшаган нарсаларни давлат нимадандир келиб чиқиб белгилаши керак эди. Бундан кейин нафақалар МИХдан келиб чиқиб белгиланади.

Шунингдек, нарх-наво кескин ўсиб кетишининг олдини олишда ҳам бу миқдор муҳим. Масалан, аҳолининг кундалик ҳаётида ҳар куни истеъмол қилинадиган маҳсулотлардан бири – ёғ ҳисобланади. Ёғ нархи кескин ошиб кетиши оддий фуқаролар ҳаётига жиддий таъсир ўтказди. Эндиликда камбағал аҳоли кундалик истеъмол қиладиган асосий маҳсулотлари рўйхатини шакллантириб, бу маҳсулотлар нархлари кескин тебраниб кетишининг олдини олишга доир чоралар кўрилади. Бошқа йўналишларда ҳам МИХдан фойдаланишга ўтилади.

Отабек Бакиров: Рақамларга эътибор берадиган бўлсангиз, турли ижтимоий қатламларга белгиланган нафақалар, моддий ёрдамлар мавжуд. Ҳозир аниқ рақамларни айтадиган бўлсам адашишим мумкин. Ёки 2 ёшгача, 14 ёшгача болаларга бериладиган ёрдам пуллари мавжуд. Албатта, эндиликда давлатнинг тегишли ижтимоий сиёсатини юритадиган органлар моддий ёрдам миқдорларини МИХдан келиб чиқиб қайта кўриб чиқади.

Яна бир нарсага эътибор қаратишни истардим, жорий йил учун давлат бюджети қабул қилинаётган пайтда ҳали МИХ миқдори эълон қилинмаган эди. Давлат раҳбарининг 2021 йил январь ойидаги парламентга мурожаатномасида МИХни ҳисоблаш ва эълон қилиш вазифаси юклатилди. Ҳозирги 2021 йилнинг бу ёғидаги асосий вазифа жорий йил учун МИХни ҳисоблаш ва 2021 йил бюджетида бизнинг ижтимоий сиёсатимизнинг тактика ва йўналишларини белгилайдиган ўзгариш ва харажатларни акс эттириш бўлади.

2022 йилнинг бюджетида эса бизнинг ижтимоий сиёсатимиз стратегияларидан келиб чиқиб, қўшимча харажатлар бюджетда акс этиши керак деб ҳисоблайман. Албатта, бизда бунинг имкониятлари яна бир бор чамаланиши керак, шарт-шароитлари ҳисобга олиниши керак. Чунки ўтган 2020 йилдаги вазият билан 2021 йилдаги вазият ва давлатнинг фуқаролар олдидаги ижтимоий мажбуриятлари олдида ҳам кескин фарқлар мавжуд. Шу сабабли, келаси йилги бюджет ҳақида гапирганда кўпроқ МИХдан келиб чиқадиган оқибатлар ҳақида ўйлайдиган бўлсак, 2022 йилги бюджетнинг сиёсати, мундарижаси ҳақида ўйлашимиз керак бўлади. Албатта, давлат идоралари бу борада ўзларининг аниқ вазифалари, чора-тадбирларини белгилаб олиши керак. Эндиликда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Пенсия жамғармаси каби ташкилотлар олдида ҳам бу билан боғлиқ янги-янги вазифалар пайдо бўлади.

— Статистик маълумотларга кўра, давлатдан ижтимоий ёрдам оладиган оилалар сони 2020 йил давомида икки баробар ошган. Давлат бюджети катта ижтимоий харажатларга тайёрми?

Отабек Бакиров: Шуни таъкидлаш керакки, бу ҳолат, албатта, пандемия таъсиридаги инқироз натижасида юз берди. Шу сабаб, бизда ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли бирданига икки баробарга ошиб кетди, деб ўйлаш нотўғри бўлади. Аҳолининг ўтган йилги инқироз ҳолатидан юмшоқроқ ўтиши учун моддий ёрдамга муҳтож аҳолининг кенгроқ қатламларини қамраб олиш натижасида бу ҳолат юз берди.

Айни пайтда 1 миллион 260 минг оила ижтимоий ёрдам олаётган бўлса, бу рақамлар келажакда ўсиши ҳам, камайиши ҳам мумкин. Бу ижтимоий сиёсатнинг қанчалик тўғри йўлга қўйилишига боғлиқ бўлади. Кейинги даврда давлатнинг ижтимоий сиёсати юмшатилиши ёки кучайтириб борилиши ҳам мумкин, бу вазиятдан келиб чиқиб қилинадиган чораларга боғлиқ бўлади.

Бахтишод Ҳамидов: Албатта, барчамиз бу рақамлар камайишидан манфаатдормиз. Ҳеч ким жамиятда камбағаллар кўпайишини хоҳламайди. Ҳаммамиз аҳолининг камбағаллик қопқонидан чиқиб кетиши тарафдоримиз.

Бу рақамларни камайтириш учун биринчи ўринда нафақа олувчилар сонини кўпайтириш керак, деган хулосага келинди баъзи ҳолатларда. Сабаби, коронаинқироз билан боғлиқ ҳолатлар кўпчиликни қийнаб қўйди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, бутун дунёда юз минглаб одамлар камбағаллик чегарасига келиб қолди. Улар даромад манбайини йўқотди, ўзини тиклашга қанчадир вақт кетди, қарзга ботди. Бундай вазиятда давлат моддий жиҳатдан аҳолини қўллаб-қувватламас экан, аҳоли камбағаллик қопқонига тушиб қолади. Чунки улар ҳозир қарздор ва ишлаган пулини қарзига тўлайди, ўзи яхши овқатланмайди, бу соғлиғи йўқотилишига олиб келади. Натижада фарзандларига эътибор қарата олмайди, фарзандлари ҳам тўғри билим ололмайди, мактабга вақтида боролмайди. Бу тенденция аҳоли турмушида занжир орқали уланган салбий оқибатларни келтириб чиқараверади. Аҳоли камбағаллик қопқонига тушиб қолади.

Шу сабабли, охирги пайтларда ижтимоий нафақа олувчилар сонини кўпайтириш бўйича ишлар олиб борилди ва уларнинг сони кўпайтирилди. Бу нарсадан асосий мақсад инсонлар тезроқ ўзларини ўнглаб олиб, камбағаллик ҳолатидан чиқиб кетиши учун қилинаётган ҳаракат. Давлат солиқларни йиғиб оляпти ва камбағалларга тарқатяпти деб ўйламаслик керак, бу нарса кейинги йилларда самарадорликка эришиш мақсадида қилинаётган ишлардир.

Отабек Бакиров: Ижтимоий йўналтирилган давлат идеалида ўз фуқароларига ижтимоий ёрдам эмас, ижтимоий неъматлар тақдим этади. Булар – сифатли таълим, тиббиёт, хавфсизлик ва ахборот кабилардир. Ўз тараққиёт йўлини топиб олган, барқарор ва ўрта синфга эга бўлган давлатларда ҳукумат ва фуқаролар ўртасидаги ижтимоий муносабатлар шу омиллар асосида қурилади.

Доимий равишда ижтимоий ёрдам бериш ёки ижтимоий ёрдам оладиган аҳоли қатламларини кўпайтириш устига қурилмайди. Камбағалликка қарши кураш соҳасидаги дастлабки вазифа ҳам ижтимоий ёрдамга муҳтож одамлар қатламларини аниқлаб олиш ва уларни камбағаллик занжиридан чиқариб олишдир. Ундан кейингина, яъни кундалик ҳаёт тарзи муаммосидан бош чиқара олган фуқарогина бошқа ижтимоий неъматларга эътибор қарата олади. Яъни таълим билан, соғлиқни сақлаш билан, ахборот билан боғлиқ бўлган ижтимоий неъматларга эътибор қарата олади.

Ҳозирда бизнинг ижтимоий сиёсатимиздаги асосий муаммо ҳам шунда. Ҳаддан зиёд таълимга, соғлиқни сақлашга, ахборотга, инфратузилмага харажат қилганимиз билан, буларнинг жуда ҳам кўп қисми камбағаллик чегараси ва ундан қуйи поғонадаги аҳолининг фойдалана олмаслигига олиб келиши ҳам мумкин-да.

Бу қатламнинг турмуш даражасини кўтариш керак, албатта. Истиқболда ижтимоий нафақа олувчи аҳоли қатлами камайиб бориши керак. Ўтган йилги ижтимоий нафақа олувчилар сони ошиши форс-мажор ҳолат. Бу – инқироз натижасида юзага келди. Истиқболда ижтимоий ёрдам оладиган аҳоли сони йилдан йилга камайиб, ижтимоий нафақа миқдори кўпайиб бориши керак.

Бахтишод Ҳамидов: Тўғри таъкидлаб ўтилдики, ҳозир 440 минг сўмни оляпмиз ва уни оптимал рақам деб атаяпмиз. Оптимал дегани ундан паст ҳам бўлмаслиги керак, баланд ҳам бўлмаслиги керак. Паст бўлмаслиги керак дегани, одам камбағаллик ҳолатига тушиб қолгач, бирламчи эҳтиёжларини қондириши керак. Агар бу миқдор бирламчи эҳтиёжларга ҳам етмайдиган бўлса, бу тўланаётган суммадан фойда бўлмайди. Чунки ўша камбағал инсон барибир касал бўлиб қолиши мумкин, боласини вақтида мактабга жўната олмаслиги мумкин. Шунинг учун бу оптимал даражада бўлиши керак.

Энди кўп бўлмаслиги керак деяпмиз. Бу маблағлар давлат бюджетидан кетаётган маблағ ва қайсидир бошқа соҳага сарфланиши мумкин. Иккинчидан, кўп қилиб белгиласангиз, ишлаётган одам ҳам иш ташлаб юбориши мумкин. Масалан, кимдир ишлаяпти ва олаётган ойлиги ўзининг минимал харажатларини қоплашга етяпти. Оптимал даражадан баландроқ белгиласангиз, давлатдан моддий ёрдам олиш стратегиясига ўтиб олиши мумкин. Бу каби ҳолатлардан АҚШда қўрқишади. У ерда Европа Иттифоқи мамлакатларига қараганда камбағалликка қарши икки баробар кам маблағ сарфланади. У ердаги давлат сиёсати аҳолининг давлатга қарам бўлиб қолишининг олдини олишга қаратилган.

Биз ҳозирги ҳолатимизда Европа стратегиясининг ҳам, АҚШ стратегиясининг ҳам яхши томонларини олишимиз керак. Европада камбағаллик омадсизликнинг натижаси, АҚШда эса дангасаликнинг натижаси деса бўлади. Ҳозир биз ҳар икки томоннинг тўғри томонларини олиб, оптимал ёндашишимиз талаб этилади ва шунга қараб кетяпти деб ўйлайман.

— Эълон қилинган 440 минг сўм бўлган МИХ миқдори қанча пайтда қайта кўриб чиқилиши керак? Озиқ-овқат секторида инфляция даражаси юқори. Шу жиҳатлар ҳам инобатга олинганми?

Бахтишод Ҳамидов: Тўғри айтдингиз, бу рақамлар айни пайтдаги иқтисодий ҳолатимиздан келиб чиқиб ўзгариб туриши керак. Сиз Европага борсангиз, у ерда нархлар ўзгариши секинроқ бўлишини кўришингиз мумкин, аммо бизда ривожланган давлатларга нисбатан нархлар даражаси ўсиши анча юқори. Бу шуни англатадики, вақт ўтиши билан нархларни тўғрилаб боришимиз керак.

Фикримча, йил якунида инфляция даражаси эълон қилинганидан кейин бу рақамлар яна қайта кўриб чиқилиб, ўзгартирилиши керак. Яна бир йўли, ҳар йили шунга ўхшаган тадқиқот ўтказиб, натижасини олиб, қўлласа бўлади. Лекин бу харажатли ва кўп вақт талаб қилиши мумкин. 10 минг одамдан сўровнома ўтказиш ҳам қийинчиликлар туғдиради. Кўп мамлакатларда МИХ миқдори ҳар 5 йилда бир марта тадқиқотлар, сўровномалар ва таҳлиллар натижасида ҳисоблаб чиқилади. 5 йил ичидаги миқдор эса инфляция даражасидан келиб чиқиб, ошириб борилаверади.

Отабек Бакиров: Боя таъкидлаб ўтганимдек, 2022 йил учун МИХ миқдори 10 минг респондентни қамраб олган ҳолда эълон қилинади, яъни индексация йўли билан эмас. Бунда респондентлар ўртасида янгидан сўровнома ўтказилади. Яна битта нарсани айтиб ўтишим керак, ўша кунги матбуот анжуманида ҳам таъкидландики, кутилаётган инфляцияни инобатга олган ҳолатда деган фикр айтиб ўтилди. Бунда ўтган йилги инфляция даражасидан келиб чиқиб эмас, жорий йилда кутилаётган инфляция инобатга олинган. Яъни респондентлар томонидан ўтказилган сўров натижасида келиб чиққан сумма ва кутилаётган инфляция бир-бирига корреляция қилинган ҳолда минимал истеъмол харажатларининг миқдори белгиланиши ҳам мумкин.

Бахтишод Ҳамидов: Сўровнома ўзи 2021 йилда ўтказилади. Бу дегани январь ойидан декабргача 12 ой давомида 10 мингта уй хўжалиги қамраб олинади. Натижа 2022 йилда эълон қилинса, кутилаётган инфляция ҳисобга олиниши керак бўлади у пайтга бориб. Биз нега ҳар ойда қанчадир уй хўжаликларини оляпмиз, қишда нархлар бошқача, ёзда нархлар бошқача, баҳорда нархлар бошқача ҳисобланади. Бунда мавсумийликнинг таъсирини чиқариб ташлаш учун шундай чоралар кўрилади.

— Баъзи маҳсулотлар нархи кескин ошиши камбағал аҳоли ҳаётига кескин таъсир қилади. Хусусан, яқинда кузатилган ёғ, гўшт нархлари кескин ошганини олайлик. Бу умумий инфляцияда 0,1-0,2 фоизни ташкил этиши мумкин. Бу жиҳатлар ҳам инобатга олинганми?

Бахтишод Ҳамидов: Биринчидан, МИХ қабул қилишдан кўзланган мақсадлардан бири ҳам камбағал аҳоли қайси маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилаётганини ўрганиш ва билиш. Иккинчи мақсад, аҳолининг қуйи қатлами ва бошқа қатлам вакиллари ўртасида фарқларни аниқлаб олиш ҳисобланади. Учинчидан, камбағал аҳоли истеъмол қиладиган маҳсулотларнинг нархларини мониторинг қилиб боришдир. Камбағал аҳоли қайси нав ун истеъмол қиляпти, қайси нав гуруч истеъмол қиляпти. Айнан ушбу маҳсулотлар базаси яратилади ва нархлар кескин ўсиб кетиши мониторинг қилинади. Бу нарсалар тадқиқот ўтказилгандан кейин назоратга олиниши тўғри бўлади.

Мавзуга оид