Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Боғча очадиган тадбиркорларни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаймиз – Мирзиёев
Сурхондарё вилоятида мактабгача таълим қамрови 41,5 фоизни, жумладан Бандихон туманида 20 фоиз, Деновда 27 фоиз, Қумқўрғонда 32 фоизни ташкил этади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
“2021-2022 йилларда 22 та давлат, 37 та давлат-хусусий шериклик, 1 мингдан ортиқ оилавий боғчаларни барпо этиш, бир йиллик мажбурий мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил қилиш орқали қамров 60 фоизга етказилсин.
Боғча очадиган тадбиркорларни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаймиз. Оилавий боғчалардаги болалар сонини 25 нафардан 50 нафаргача ошириш ва 4 нафаргача ходим ёллашга рухсат берилди. Бундай боғчаларга мебель ва жиҳозлар сотиб олиш учун 30 миллион сўмгача, 3 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан 5 фоизли кредитлар ажратилади.
Вилоят учун давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчаларга қатнайдиган ҳар бир бола учун бюджетдан ажратиладиган субсидиялар миқдори 50 фоиздан 75 фоизга оширилади. Уларнинг электр ва табиий газ бўйича харажатларининг 50 фоизи бюджет ҳисобидан қоплаб берилади. Ушбу мақсадларга давлат ҳисобидан 238 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Бир вақтлар нима қилинди – боғчалар хусусийлаштирилди. Бунга қандай йўл қўйиш мумкин? Ахир боғчага фарзандларимиз боради-ку. Натижа нима бўлди, боғчаларда битта ғишт қолмади”, – дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.