Ўзбекистон | 19:04 / 25.04.2023
6608
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Россия саноат ва савдо вазирини қабул қилди

Ўзбекистон президенти Россиянинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан саноат кооперациясини янада чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 25 апрел куни шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтаётган «Иннопром. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмасида Россия делегациясига бошчилик қилаётган Россия ҳукумати раисининг ўринбосари, саноат ва савдо вазири Денис Мантуровни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинган. Давлат раҳбари 35 мамлакат бизнесининг 5 минг нафардан зиёд вакили иштирокидаги «Иннопром» форуми муваффақиятли ташкил этилгани ва ўтказилаётганини мамнуният билан қайд этди.

Шунингдек, товар айирбошлаш суръатини сақлаш ва иқтисодиётнинг устувор тармоқларида саноат кооперациясини чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Икки мамлакат ҳудудларининг амалий шериклигини янада ривожлантириш ва ҳамкорликни аниқ лойиҳалар билан бойитиш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Мисол тариқасида жорий ҳафтада Жиззах вилоятида технологик парк ишга туширилгани қайд этилди.

Лойиҳа офиси фаолияти доирасида, шу жумладан энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика каби йўналишларда ва бошқа тармоқларда инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишни жадаллаштириш муҳим экани кўрсатиб ўтилди.

Саноат ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлашда Россия тажрибасини жорий этишга қизиқиш билдирилди ҳамда қўшма лойиҳаларни илгари суришнинг институционал механизмларини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Мавзуга оид