Жаҳон | 20:01 / 03.06.2021
11708
2 дақиқада ўқилади

Бошқирдистонда 107 йил давомида қурилган масжид фойдаланишга топширилди

Фото: Идель Сулейманов

Россиянинг Бошқирдистон республикасида 1914 йилда пойдевори қўйилган масжид мусулмонлар учун эшикларини очди. Республиканинг Бураево тумани, Бураево қишлоғида 107 йил аввал маҳаллий тадбиркор томонидан барпо қилиниши бошланган масжид реконструкциядан сўнг, 2021 йил май ойи охирида фаолиятини қайта йўлга қўйди. Бу ҳақда Bash.news хабар қилмоқда.

Ўз вақтида масжид учун қурилган бинодан бошқа мақсадларда фойдаланилган. Қишлоқ аҳолиси ва саховатпеша инсонлар кўмагида «Тарихий-масжид»ни ўзининг аввалги ҳолатига қайтариш имкони бўлди, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, масжид қурилишини молиялаштирган йирик савдогар Шарофиддин Ҳамидов масжид томини ёпиш ва минорасининг қурилиш ишлари якунланиши арафасида қулоқ бўлишдан қочиб, ватанини тарк этган ва оиласи билан Хитойга қочган. Шу билан Бураеводаги 7-жоме масжиди очилмай қолган.

1 асрлик масжиддан ғалла омбори, қишлоқ кутубхонаси, кинотеатр сифатида фойдаланилган. 2000-йиллар бошида эса, кўнгилочар маркази қуриш мақсадида бутунлай бузиб ташлаш ҳам режалаштирилган. Аммо, маҳаллий аҳолининг масжидни қаттиқ туриб ҳимоя қилиши бунга имкон бермаган.

«Тарихий-масжид» – республика шимоли-ғарбидаги энг кекса мачит ҳисобланади. 

Мавзуга оид