«Агробизнес учун шароитлар Ўзбекистондан кўра Қозоғистонда яхшироқ» — эксперт
«Қишлоқ хўжалигида бизнес қилиш учун Қозоғистондаги шароитлар Ўзбекистондагидан анча яхшироқ», – дея қатор мисолларни келтиради икки қўшни мамлакатнинг аграр сектори бўйича мутахассис Арсен Керимбеков. Шу билан бирга, унинг айтишича, агросаноатдаги қозоғистонлик тадбиркорлар айрим жиҳатларда ўзбек ҳамкасбларидан ўрнак олиши керак.
Қозоғистонликлар муайян вақт давомида Ўзбекистонни аграр соҳада намунали давлат сиёсатини юргизиб, соҳани янги босқичга олиб чиқа олган мамлакат деб ҳисоблаб келишди.
Аммо қозоғистонлик иқтисодчи Арсен Керимбеков бу фикрга қўшилмайди ва қўшни мамлакатнинг аграр соҳадаги давлат сиёсати Қозоғистонникига қараганда анча ноқулай деб ҳисоблайди.
У Ўзбекистондаги агросаноат комплекси ривожини тадбиркорларнинг ташаббускорлиги ва мослашувчанлиги билан боғлайди; қозоғистонлик фермерлар ва агросаноат вакилларига айни шу хислатлар етишмайди деб билади.
Арсен Керимбеков – Қозоғистон органик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар иттифоқи директори. У Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалиги мавзусида Forbes.kz'га интервью берди.
Европага сабзи сотиш
– Аслида қозоқлар ва ўзбеклар икки давлатда яшовчи ягона миллатдир, дейди ишонч билан Арсен Керимбеков. – Айнан шу туфайли Ўзбекистонда содир бўлаётган ҳар бир воқеа мени доим қизиқтирган.
Мутахассис 2010 йилдан бошлаб, қўшни давлатдаги ўзгаришларни шунчаки қизиқиш эмас, хизмат тақозоси туфайли ҳам ўргана бошлаган. Аввалига «Қазагромаркетинг» АЖ раиси ўринбосари сифатида, 2016 йилдан бошлаб эса, «Атамекен» миллий тадбиркорлар палатаси маркази директори сифатида. Айни дамда у – Қозоғистоннинг органик маҳсулот ишлаб чиқарувчилар иттифоқи директори.
Арсен Керимбеков Ўзбекистонда агросаноат қандай одимлаётгани ва экологик тоза маҳсулотлар билан халқаро бозорга чиқиб бораётганини қизиқиш билан кузатяпти. Унинг фикрича, Ўзбекистон бу масалада муайян муваффақиятларга эришяпти ва буни бозор талабларига тез мослашиш билан изоҳлаш мумкин.
– Бир мисол келтирай: ўзбеклар Global G.A.P. сертификатини олишди – бу органикага ўтиш учун зарур стандарт (Global G.A.P. – Европа савдо тармоқлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти талаблари асосида бериладиган сертификат – таҳр.). Биз сабзавот ва меваларимизни Европа супермаркетларига етказиб бермаганимиз боис Қозоғистонда бу унча оммалашмаган. Ўзбеклар эса у ерда ҳам сотишни исташди ва сертификациядан ўтишди.
Бироқ бунинг ўзи етарли бўлмади – европаликлар уларга одатий конуссимон эмас, цилиндр шаклидаги сабзини олишни исташларини айтишди. Кейин има бўлди деб ўйлайсиз? Ўзбеклар икки йил давомида шундай сабзи етиштиришни йўлга қўйиб, Европа Иттифоқига экспорт қилишни бошлашди.
Яна бир мисол: европаликлар йирик қовун ва тарвуз олишмайди, уларга кичикроқ, бир-икки кишига етарлиси керак. Ўзбеклар айнан шунақасини етиштиришни бошлаб юборишди.
Нур-султонни карам билан таъминлаш
2016 йилда мамлакат раҳбарияти алмашгач, Ўзбекистонда узоқ йиллардан сўнг иқтисодий ўзгаришлар рўй бера бошлади. Шунда Қозоғистонда қўшни давлатда содир бўлаётган воқеаларга қизиқиш кескин ортди. Аммо нотўғри тасаввурлар ҳам пайдо бўлди.
– Афсуски, юзакилик – ҳамжамиятимизнинг асл юзидир, – дейди Керимбеков. – Бугун улар вирусолог бўлса, эртага ўзбекшуносга айланади ва ҳоказо. Хуллас, бизнинг мутахассислар шундай фикрга келиб қолишди: «Ўзбекистон аграр соҳада уддалади – биз эса, йўқ. Бунга айбдор – бизнинг оғиркарвон Қишлоқ хўжалиги вазирлигимиз». Аслида эса, бу юзаки хулоса холос.
Ҳар қандай ҳодиса динамикада қизиқ кўринади. Ҳозирги Ўзбекистонга боқсангиз, қандайдир қисқа муддатга алдамчи таассурот уйғонади. Тез орада асл ҳақиқатни тушуниб етасиз. Вазият қаердан келиб чиқиб, қаерга оғаётганини тушуниш орқали объектив тасаввурни шакллантириш мумкин.
Арсен Керимбековнинг баҳолашича, иккала давлат ўзаро солиштирилганда аграр соҳада устунлик Қозоғистон тарафда.
У буни яхшироқ тушуниш учун ўзаро савдодаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини 4 сегментга бўлади: углеводлар, ёғлар, оқсиллар ва клетчатка. Дастлабки уч позиция бўйича Қозоғистон яққол устунликка эга: Ўзбекистон қўшнисидан катта ҳажмда ун, ўсимлик мойи ва қорамол сотиб олади.
Фақатгина тўртинчи позиция бўйича вазият 50/50. Ўзбекистондан Қозоғистонга эртапишар сабзавот ва мевалар олиб кирилади, бу – Ўзбекистоннинг иқлим бўйича устунлиги билан боғлиқ.
– Бундан фожиа ясаш керакмас, буни тўғри қабул қилиш лозим, – дейди Арсен. – Бизнинг жанубий вилоятларимиз бу борада ҳам ўсишга эришяпти. Шу баҳорда пойтахт Нурсултондаги дўконларда Сариоғочда етиштирилган карамлар сотиляпти, Тошкентники эмас. Жудаям сифатли, мазали ва фойдали. Яъни ўзимизникилар билан ўрнини босишни бошладик ва бу давом этиши шарт.
Ундан ташқари, жанубнинг бу борадаги потенциали катта: бир пайтлар «Атамекен» миллий палатаси ўтказган скринингда, Қозоғистоннинг жанубий ҳудудларидаги буғдой экилган 31 минг гектар ер ўрганилганда, иқлим шароитларига кўра заиф буғдой етиштирилаётгани аниқланган. Солиштирадиган бўлсак, Тожикистоннинг мева етиштириладиган жами ерлари 30 минг гектарни ташкил этади. Бизнинг жануб ўз ерларидан анча самаралироқ фойдаланиши мумкин ва Туркистон вилояти бу борада илк қадамларини ташлади. Эшитган бўлсангиз керак, жорий йилда у ерда 400 гектар ерда олхўри боғлари барпо этилди. Бу жудаям тўғри қадам бўлди ва бу – бошланиши.
Тошкентга жўнатилган буқалар
Юқоридагиларга қарамай, иқтисодчининг фикрича, Қозоғистон Ўзбекистонга нисбатан ҳозирги устунлигини тезда йўқотиши мумкин. Агар (шу кунгача ақлли йўл тутиб келган) ҳукумат бозорнинг айрим иштирокчиларининг чақириқларига берилиб, савдога оид қандайдир чекловлар киритишни бошласа.
Арсен Керимбеков мисол тариқасида қорамол экспортини келтиради. Ўтган йили қорамол экспортига мораторий жорий қилингунга қадар бу мавзу муҳокама марказида бўлди. Охир-оқибат тақиқ фақат сигирларга нисбатан қолди, буқа ва қўчқорларни экспорт қилишга рухсат берилди. Шундан кейин минглаб бош қорамол Ўзбекистонга сотилди. Мутахассис бунинг ҳеч қандай ёмон тарафини йўқлигини айтади.
– Ҳа, биз доим «Ўзбеклар Қозоғистондаги бор қорамолни олиб чиқиб кетяпти» қабилидаги хабарларни ўқиймиз. Бунга жавобан мен ҳамкасбларимга бу тарихан шаклланган тизим, дейман. Шунчаки авваллари бу нарсага кўп ҳам эътибор қилинмаган, чунки бизда қорамол кўпроқ эди. Ҳозир ҳам ечим ўша – экспортни тўсмаслик керак, қорамол бошини кўпайтириш даркор. Бу икки тарафга ҳам манфаатли – бизнинг фермерлар кўпроқ сотишади, ўзбеклар – кўпроқ сотиб олишади.
Ҳа, она сигирлар олиб кетилмаслигини назорат қилиш шарт. Бошқа чекловлар фақат зарар келтиради. Олдимизда турган вазифа – Ўзбекистонга олиб чиқиб кетилаётган қорамол ички бозорга таъсир кўрсатмаслигини таъминлайдиган даражада қорамол етиштириш.
Керимбеков: «Ўзбеклар қорамолни ўзлари яна бироз боқиб олишни афзал кўргани боис ҳеч қачон нимталанган гўшт сотиб олмайди», деган фикрида қатъий. Ундан ташқари, Қозоғистонда тери, ичаклар ва бошқа қисмлардан фойдаланиш урфда эмас. Ўзбекистонда эса, қорамолнинг барча аъзоларидан фойдаланилади ва бу рентабелликни оширади. Бу эса, ўзбек харидорларининг қозоғистонлик фермерларга юқорироқ нархлар таклиф қилиш имконини беради.
Агар Қозоғистон чекловлар киритса, Ўзбекистоннинг қорамол ва гўшт бозоридаги ўрнини бой бериши хавфи бор, дейди у. Бу ҳолатда ўзбеклар қозоқ молига альтернатива қидириши тайин. Бунда бир неча вариантлар бор.
Биринчидан, Ўзбекистон балиқни сунъий етиштириш бўйича катта қадамлар ташлади. Маҳсулот жуда сифатли бўлмаса-да, ички бозорда талаб юқори ва ишлаб чиқариш ҳажми ошиб бормоқда. Иккинчидан, ўзбеклар Қозоғистондан буғдой ва мой сотиб олиб, уларни қайта ишлаган ҳолда парранда ва тухум етиштиришни ривожлантиришга зўр беряпти.
– Яна бир нарса. Савдо чекловлари ҳақида гапирганда Россия омилини ҳам унутмаслигимиз керак, – дейди Арсен Керимбеков. – Россия ҳозирда Ўзбекистонга жуда кўп миқдорда парранда гўштини етказиб бермоқда. Албатта, бу мол гўштининг ўрнини боса олмайди, лекин ҳар қалай қандайдир альтернатива. Бу омил ҳам бизга рақобатнинг бир кўриниши. Бошқача қилиб айтсак, қачондир ўзбеклар биздан гўшт сотиб олишни шунчаки тўхтатиб қўйиши мумкин. Шу ҳақда бош қотириш керак. Ахир сотиш бизнинг чорвадорлик ривожининг масаласи, Ўзбекистон эса, ҳозирча бизнинг энг асосий харидор.
Россия маҳсулотлари учун бозор
Мутахассис Ўзбекистонга буғдой экспорти бўйича ҳам айни шаклда баҳо берди. Қайта ишловчилар буғдой экспортини тегирмон саноатига зарар деб ҳисоблашади. Арсен Керимбеков эса, бунга бошқача нигоҳ билан қарайди:
– Тайёр унни уруш ўчоғига яқин давлатлар сотиб оляпти. Шунинг учун ҳам Туркия ун сотиб олиш бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Қўшниларимизда ҳам уруш бўлсинми? Йўқ. Демак, қўшниларнинг ўз тегирмон саноати ривожланишига тайёр туришимиз керак. Биздаги бизнес ҳам, қайта ишловчилар ҳам мана шу воқеликка мослашишлари шарт. Бундан фожиа ясамасак ҳам бўлади, ахир бизда эгалари Ўзбекистон ва Тожикистондан бўлган тегирмонлар жуда кўп. Улар ўз бизнесларини ватанларига кўчиришлари мумкин – бор-йўғи шу. Биз буғдойни Марказий Осиёга сотишни пайсалга солсак (биздаги айрим хомкаллаларнинг гапига қулоқ солиб йўлларни бекитиб, буғдой экспортига бож қўйиб), Ўзбекистондаги бизнинг бозор ўрнини буғдой етиштириш жуда тез ўсган Россия эгаллаши тайин.
Бошқа бир масала: Қозоғистон Ўзбекистонга мойни хомашё шаклида экспорт қилгани маъқулми ёки тайёр мой сифатидами? Арсен Керимбеков бу борада ҳам юқоридагидек фикрда эканини айтади. Россия Ўзбекистонга мой экспортини ошириб, бемалол Қозоғистон ўрнини эгаллаши мумкин, дейди у.
Мутахассиснинг фикрича, Ўзбекистонга экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг бирортасига чеклов жорий қилса, Қозоғистон истиқболда кўпроқ нарса йўқотади ва қорамол бозорини ҳам, буғдой бозорини ҳам, ёғ-мой бозорини ҳам рақобатчиларига (аввало Россия) бой беради.
– Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириш эҳтимолини ҳам ҳисобга олмоғимиз даркор, – дейди Керимбеков. – Унақада биз бу йўналишда ҳеч қанча чекловлар жорий қила олмаймиз. Ҳа, баҳсга ўрин йўқ – ўзимизнинг қайта ишлаш соҳасини ривожлантиришимиз керак. Лекин бунга тақиқлар йўли билан эмас, балки ўзбекистонлик ҳамкасблар билан стол атрофига ўтириб, ўзаро манфаатли ечим топишга уриниб ҳаракат қилишимиз керак.
Ҳонконгга гилос сотиш
Мутахассис шу ерда яна бир муаммони кўради: икки яқин қўшниларнинг аграр идоралари бир-бири билан кам мулоқот қилади. Вазият эса, жипсроқ бўлишни талаб қилмоқда. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қозоғистонлик ҳамкасбларидан кўп нарса ўрганса бўлади, деб ҳисоблайди Арсен Керимбеков.
– Биз Қозоғистоннинг аввалги ва ҳозирги қишлоқ хўжалик вазирларига қандай муносабатда бўлмайлик, улар ўзбекистонлик ҳамкасбларидан ақллироқ иш тутишмоқда. Умуман олганда, Қозоғистонда ҳукумат аграр бизнесдаги тадбиркорларнинг аксариятига қараганда анча ақллироқ. Ўзбекистонда эса, аксинча: тадбиркорлар ҳукуматга қараганда ақллироқ ва донороқ. Буни тўғри тушуниш керак.
Мисол тариқасида Керимбеков Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги асосий муаммосини айтади – қишлоқ хўжалигига тегишли ерлардан фойдаланиш бўйича чекловлар. Хусусан, аввалги президент Ислом Каримов даврида жами ерларнинг 10 фоизигина пахта ва буғдойдан бошқа нарса экишга рухсат берилган. Яъни 90 фоиз ерларда пахта ва буғдой етиштирилган ва давлат ҳосилни ўзи белгилаган нархда сотиб олган.
Бундай қарорнинг илдизлари Ўзбекистонда нон етишмовчилиги кузатилган 90-йилларга бориб тақалади. Ўшанда ўзбеклар ўз муаммолари гирдобига ўралашиб қолган, на Россия ва на Қозоғистон уларга ёрдам берган. Нон етишмовчилиги кўп давом этмаган – атиги бир мавсум, лекин асосий озиқ-овқат маҳсулотининг етишмовчилиги Ўзбекистон ҳукуматини шунчалар қўрқитиб қўйганки, ердан фойдаланиш меъёри жорий қилинган ва ҳануз амалда.
Ўзбекистон иқлими сифатли буғдой етиштириш учун мос эмас. Ундан ташқари, буғдой далаларида фойдаланиладиган ўғитлар пахта учун зарарли ёки аксинча. Бу икки экинни ушлаб туриш қийин – бундан ер азият чекади.
– Ўзбекистон ҳукумати яқиндан бошлабгина, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев давридан пахта ва буғдойдан бошқа экин етиштириш мумкин бўлган ерлар улушини расман 20 фоизгача, норасман 30 фоизгача оширди, – дейди Арсен Керимбеков. – Натижада нимани кўрдик деб ўйлайсиз? Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавотлар оқимининг мисли кўрилмаган даражада кўпайишини! Қолаверса, бизга ҳам.
Ўзбек тадбиркорлари ҳозирда ҳалиги икки экиндан ташқари экиладиган ерлар улушини 50 фоизга кўтаришни талаб қилишмоқда. Ҳукумат иккиланмоқда. Менимча, сабаблари сиёсий: Тошкент элитасининг асосий қўрқуви шундаки, қишлоқ хўжалиги ривожланиб кетса, пул оқими назорати қўлдан чиқиб кетиши мумкин. Бу эса, охир-оқибат амалдаги ҳукуматнинг барқарорлигига таҳдид солади, деб ўйлашади.
Шу тарафдан олиб қаралса, Қозоғистоннинг аграр сиёсати анча соғлом ва эгилувчан. Умуман олганда, мутахассис вазиятни қуйидагича баҳолайди: қозоғистонлик аграр соҳа вакиллари Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан доим ёрдам қилишни сўрасалар, ўзбек фермерлари халал бермасликни сўрашади.
– Ўзбекистонда 10 гектар ерга буғдой ўрнига турп эккани учун деҳқонни жавобгарликка тортиш ҳолатларини ҳануз кузатиш мумкин, – дейди Керимбеков. – Мен ўзбек манбаларини диққат билан кузатмоқдаман ва шундай жиноий ишлар ҳақидаги хабарларни кўраман. Яъни полиция дрон учирган ва «жиноятчи»ни қўлга олган. Ҳукуматнинг қилаётган ишлари савиясини қаранг! Одамни ерни бўш қолдиргани учун эмас, турп экиб, «ноқонуний бойишга урингани» учун жавобгарликка тортишмоқда. Шунақа нарсани кўриб, қандай қилиб ўзимизнинг Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан шикоят қилиш мумкин?!
Аграр соҳадаги Ўзбекистон ҳукуматининг хатоларидан бири деб қишлоқ хўжалик маҳсулотларига – улар ҳатто экспортга мўлжалланган бўлса-да – нархларнинг белгилаб берилишидир, деб айтади қозоқ иқтисодчиси.
Масалан, дунёнинг кўплаб мамлакатлари – Жанубий Корея, Ҳонконг, Тайвань ва ҳоказога самолёт орқали етказиб бериладиган машҳур ўзбек гилосига харидорлар олиши мумкин бўлган нархлардан баланд сумма айтилади. Пировардида, ҳосилга харидор чиқмайди ва чирий бошлайди, ҳукумат эса жанжалдан сўнг нархни пасайтиришга мажбур бўлади.
Мутахассис, ҳудудларда фермерларга муаммо туғдирувчи коррупция ҳолатларини ҳам тилга олмай кетмайди. Масалан, иссиқхонаси бор тадбиркор вақтида маҳаллий амалдорнинг кўнглини олмаса, қишда газсиз қолиб кетади (ҳосилни эса, табиийки, совуқ уради).
– Бинобарин, ҳар қанақасига қараганда ҳам, қишлоқ хўжалигида бизнес қилиш учун Қозоғистондаги шароитлар Ўзбекистондагидан анча яхшироқ, – дея фикрига якун ясайди Арсен Керимбеков. – Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирилиги бу йўлда кўп нарса қиляпти. Бизнес тарафдан эса, ташаббус анча кам.
Тадбиркорларни койимоқчи эмасман, бошқа кўплаб соҳаларда анча муваффақиятли ривожланиб келмоқдамиз. Лекин ўзбек ҳамкасблар анча ташаббускор ва мослашувчан. Айнан шунинг учун ҳам, аграр саноат комплексининг ривожлантириш миллий лойиҳасининг яқин беш йилликдаги истиқболида соҳани ривожлантириш бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилинишини истардим. Биз кўп нарсаларда бир-биримизга боғлиқмиз ва буни назардан қочириш керакмас. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқишимиз керак.
Мавзуга оид
15:04 / 10.11.2024
Қозоғистонда бўлиб турган ўзбекистонликлар огоҳликка чақирилди
17:12 / 09.11.2024
Қозоғистонда қаттиқ қўнишни амалга оширган ҳарбий вертолёт ёниб кетди
13:07 / 09.11.2024
Қозоғистон Британия санкцияларига дучор бўлган компаниялари ҳақида изоҳ берди
20:46 / 07.11.2024