Жамият | 16:37 / 05.06.2021
9405
3 дақиқада ўқилади

Бир қўли билан рўзғор тебратаётган тахиатошлик тракторчи

Kun.uz'нинг «Ҳаётий ҳикоялар» рукни навбатдаги қаҳрамони – бир қўли билан рўзғор тебратаётган қорақалпоғистонлик Баҳодир Aбдуллаев. У Тахиатош туманининг Найманкўл қишлоғида яшайди.

Баҳодир ака ёшлигида бир қўлидан айрилган. 1997–1998 йиллар уйи қаршисидаги ғишт заводи лентасига қўли кириб кетади.

«Ўша воқеадан 15 кун ўтиб ўзимга келганман. Одамлар энг қийини қўлдан ёки умуман қайсидир тана аъзосидан ажралиш деб ўйлайди. Менда акси бўлган. Ҳақиқий оғриқ қўлимни йўқотгандан кейин бошланган. Қўлдан айрилиш фожиа эмас. Унга кўникиш, одамларнинг гап-сўзига, руҳий босимга дош бериш қийин. 

2000 йилдан бери трактор ҳайдайман. Бу тракторни 2012 йилда олдим. 2018 йилгача фермер бўлиб ишладим. Сўнг фермерликни тўхтатдим. Еримиз мақбуллаштиришга тушди. Ҳозирги кунда қишлоқда иш бўлса, тракторда ишлаймиз», – дейди Баҳодир Aбдуллаев. 

«Фермерликда култивацияни ҳам, бошқани ҳам ўзим қилардим. Тракторим билан пахтани ўлчаб оладиган ҳам, уни заводга топширадиган ҳам, тракторчи ҳам ўзим эдим.

Барчасига кўникканман. Шунга ўргандим. Бошингга тушгандан кейин аввал қийналасан, кейин ўрганиб кетасан. Ҳозир Қозоғистондаги Мухтар Aвезов институтининг 3-босқичида ўқийман.

Кўпчилик бир қўлинг билан уйлана олмайсан, сенга ҳеч ким қизини бермайди, деганди. 2019 йилда уйландим. Худога шукр, икки қиз, бир ўғлим бор. 

Одамларнинг гап-сўзига қараб, ҳеч ким билан уришиб юрмадим. Фойдаси йўқ нарса барибир. Aйтган айтиб-айтиб қўяди. Бироқ ҳозирги кунда машина ҳам, техниканинг барча турини ҳам ҳайдай оламан. Икки қўлли одам қилган ишни бир қўлим билан бемалол бажара оламан», – дейди тахиатошлик миришкор.

Қаҳрамонимиз бир қўли йўқлигига қарамасдан ҳаракатдан тўхтамади. Тақдир зарбаларига сабр қилиб, меҳнат қилишда давом этди. Ҳозирда 3 нафар фарзанднинг отаси. Қозоғистондаги ОТМларнинг бирида педагогика соҳаси бўйича таҳсил олмоқда. Шу билан бирга, у фермер хўжалигида тракторчи бўлиб ишлаяпти.

«Aйтган айтиб-айтиб қўяди...» Бу Баҳодир аканинг ҳаётдаги шиорига монанд. У жисмоний имконияти чекланганига қарамасдан, ҳаётдаги мақсади томон тинимсиз ҳаракат қилди. Бугунга келиб қишлоқда уни ҳеч ким бир қўли йўқ деб айтмайди. Найманкўлликлар наздида у тиниб-тинчимас ҳақиқий баҳодир.

Шуҳрат Саидаҳмадов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид