Ўзбекистон | 00:14 / 09.06.2021
27668
4 дақиқада ўқилади

«Бошқача тартибда ер ажратиш қатъиян тўхтатилсин» — ерга оид янги қоидалар белгиланди

Ҳокимларнинг ер участкаларини тўғридан тўғри ажратиш ва олиб қўйиш ваколати бекор қилинади. Давлат органларига у ёки бу корхона учун тўғридан тўғри ер ажратиш ёки имтиёз бериш ташаббуси билан чиқиш тақиқланади.

Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қатор ваколатлари бекор қилинади.

Тегишли президент фармонига асосан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қуйидагилар юзасидан ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинади:

  • ер участкаларини тўғридан тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш; бундан мазкур фармонга мувофиқ ер участкаларини давлат ташкилотларига доимий фойдаланишга ажратиш, очиқ танлов якунларини тасдиқлаш, ижара шартномасини имзолаш, ер участкаларини хусусийлаштириш натижаларини расмийлаштириш бўйича ваколатлар мустасно;
  • туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш;
  • суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;
  • жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш;
  • хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш.

Қонунчилик ҳужжатларида ушбу фармонда белгиланганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратишни назарда тутувчи барча тартиблар, имтиёз ва истиснолар 2021 йил 1 августдан тўлиқ бекор қилинади.

Давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларини тўғридан тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқланади.

Вазирлар Маҳкамаси 2021 йил 1 августдан бошлаб, истисно тариқасида, фақат қуйидаги ҳолларда ер участкаларини тўғридан тўғри ижарага беришга ҳақли бўлади:

  • қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий-тадқиқот ва тажриба синовлар амалга ошириш учун давлат илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига – Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг таклифига асосан;
  • агросаноат кластерларига – ер участкаси норматив қийматининг икки баравари миқдоридаги пул маблағи депозитга қўйилганда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимининг таклифига асосан;
  • энг яхши таклифни танлаш орқали аниқланадиган, қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентида (ер майдони ҳажмига кўра ортиб боради) бўлган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун – лойиҳа қийматининг камида 10 фоизига тенг маблағ аввалдан махсус ҳисобрақамга жойлаштирилганда;
  • чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга – ижарага олиш ҳуқуқини олганлик учун бозор қийматида ҳақ тўлаган ҳолда (халқаро бирлашмалар ва ташкилотлардан ташқари).

«Ушбу фармон расман эълон қилинган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий вакиллик ва ижро ҳокимияти органлари томонидан мазкур фармонда назарда тутилганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратиш қатъиян тўхтатилсин», – дейилади ҳужжатда.

Молия вазирлигига бир ой муддатда алоҳида ижтимоий ҳимоя қилинадиган шахсларга, шунингдек, ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган шахсларга ер участкаларини электрон онлайн аукцион орқали сотиб олиш харажатларини тўлиқ ёки қисман қоплаб бериш тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда қуйидагиларни тасдиқлаши лозим:

  • Қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини ижарага беришнинг маъмурий регламенти;
  • Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламенти;
  • Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олишнинг маъмурий регламенти.

Ушбу фармонга доир бошқа хабарлар:

Мавзуга оид