Мудофаа вазирлиги 30 млн сўмга 2та «тилла қопламали ручка» хариди бўйича эълон берди
Мудофаа вазирлиги ҳар бири 15 млн сўмлик тилла қопланган иккита ручка хариди бўйича эълон берди. Вазирлик матбуот хизмати раҳбари англашилмовчилик бўлганини таъкидламоқда.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги томонидан Давлат харидлари порталига премиум-классдаги тилла қопламали 2 дона ручка сотиб олиш таклифи жойлаштирилди.
Вазирлик ушбу қимматбаҳо ручкаларнинг ҳар бири учун 15 миллион сўмдан, жами 30 миллион сўм таклиф қилган.
9 июнь куни жойлаштирилган лот учун таклифлар 16 июнга қадар қабул қилинади.
Ушбу давлат буюртмаси эълон қилиниши билан жамоатчиликда ушбу қиммат ручкаларнинг нима мақсадда ишлатилиши бўйича турли саволлар ва ҳашамат учун бюджет маблағлари сарфланиши юзасидан эътирозлар пайдо бўла бошлади.
«Ҳар бири 15 миллиондан «премиум-классдаги тилла қопламали» яхши ручка. Мудофаа вазирлигига эса балли!» – дея киноя қилади бу ҳолатга биринчи бўлиб эътибор қаратган Kurbanoff.net канали муаллифи.
«15 миллион сўмга олинган ручкани Мудофаа вазирлиги қай мақсадларда ишлатар экан, қизиқ.
Миллиардлик шартномаларга имзо қўйишгами? Ҳимоя учунми? Ё қарши ҳужум тактикаси учунми?» – дея саволлар қўяди bakiroo.
Kun.uz бу масалада изоҳ олиш учун Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Баҳром Зулфиқоров билан боғланди. Унинг маълум қилишича, давлат хариди бўйича танлов вазирликнинг Ишлар бошқармаси томонидан эълон қилинган бўлиб, танловга қўйилган ручканинг таърифида ва нархида англашилмовчилик бўлган. Яъни аслида тилла рангли ручкага буюртма берилган бўлган ва бу нотўғри тушунилиб, тилла қопланган ручкага буюртма бериб юборилган ва 15 млн сўмлик нарх ҳам шунга монанд тахминан белгиланган.
Баҳром Зулфиқоров вазирлик 15 млн сўмга тилла ручка олишдай дабдабага ўч эмаслигини таъкидлаб, англашилмовчиликка тез орада чек қўйилишини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, тилла рангли ручкалардан вазирликнинг халқаро муносабатлар доирасидаги тадбирларида фойдаланиш мўлжалланган ва бундай ручкалар нархи бозорда 100 минг сўм ҳам турмайди.
Вазирлик буюртмасида айнан қайси бренднинг тилла қопламали ручкалари назарда тутилганига аниқлик киритмаган. Интернет дўконларида дунёнинг энг машҳур брендларининг (Parker, Cross, Waterman) тилла қопламали ручкалари нархи 50-55 доллардан 100-110 долларгача турганини кўриш мумкин. Лотда эса тилла қопламали ручка учун 1500 долларга яқин нарх таклиф этилганди.
Мавзуга оид
18:23 / 07.11.2024
Чақириққача бошланғич тайёргарлик ўқитувчиси штати Мудофаа вазирлигига ўтади
17:54 / 31.08.2024
Марказий ҳарбий округда зирҳли ва махсус ҳарбий техникаларни таъмирлаш йўлга қўйилди
21:42 / 20.08.2024
Россия Мудофаа вазирлиги «Белгород», «Брянск» ва «Курск» қўшин гуруҳларини ташкил этди
14:19 / 04.06.2024