Мудофаа вазирлиги тилла ручкалар хариди бўйича расмий изоҳ берди
Мудофаа вазирлиги эълондаги 15 млн сўм якуний нарх эмаслигини, таклифларга қараб арзонроққа ҳам харид қилиниши мумкинлигини, шунингдек ушбу харид вазирликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилишини маълум қилди.
«Бугун ўзбек сегментидаги ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида Мудофаа вазирлиги томонидан харид қилиниши режалаштирилган ручкаларга оид хабар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Албатта, фуқароларимизнинг солиқ тўловчи позициясидан туриб билдираётган бу каби фикрларини ҳурмат қиламиз ва бунга эътиборсиз эмасмиз.
Маълумки, кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорлик ривожланиб, алоқалар тобора кенгайиб бормоқда. Ўз ўрнида, ушбу ҳамкорлик асосини мустаҳкамлаш борасида бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланяпти.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва хорижий давлатлар мудофаа идоралари билан ўзаро ҳамкорлик битимлари ҳақидаги муҳим ҳужжатларни имзолаш расмий тадбирларида фойдаланиб келинган канцелярия жиҳозларини янгилашга эҳтиёж пайдо бўлган ва уларнинг фойдаланиш муддати якунига етмоқда.
Шу боис келгусида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги раҳбарияти иштирокидаги хорижлик ҳамкорлар билан амалга ошириладиган протокол тадбирларини юқори савияда ташкиллаштириш ва Мудофаа вазирлиги нуфузини сақлаш мақсадида истиқболда халқаро миқёсдаги таниқли фирмаларнинг канцелярия ашёларидан фойдаланиш режалаштирилган. Яъни халқаро тадбирларда Ўзбекистон Республикаси расмий вакиллари томонидан фойдаланиш учун қўлланиладиган ашёлар халқаро нуфузга лойиқ даражада бўлиши шарт, дея ҳисобланади.
Шу мақсадда мазкур турдаги маҳсулотларни етказиб берувчи маҳаллий тадбиркорларнинг таклифларини ўрганиш учун вазирлик ишлар бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси товар хом-ашё биржасининг махсус ахборот портали exarid.uzex.uz сайтига ручка харид қилиниши ҳақидаги эълон жойлаштирилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, эълонда кўрсатилган нарх якуний тўхтам эмас, балки бозор қоидаларига кўра тадбиркорлик ва маҳсулот етказиб бериш билан шуғулланадиган корхона ва ташкилотларнинг маҳсулот ва нархлар бўйича барча таклифлари ўрганилади, танлов асосида якуний хулосага келинади. Худди шундай талабларга жавоб бера оладиган бошқа фирмаларга тегишли маҳсулотлар таклифи ҳам ўрганиб чиқилади.
Ижтимоий тармоқ фаоллари ва давлатимиз бюджети сарфига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимиз билишини истардикки, ушбу маҳсулот вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан харид қилиниши кўзда тутилган», дейилади Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти маълумотида.
Қўшимча қилинишича, бугунги кунда Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий қисм, муассаса ва бўлинмалар қошида хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда ёрдамчи хўжаликлар (иссиқхона, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, боғдорчилик, экин майдонлари) мавжуд бўлиб, улар вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағларини шакллантирадиган асосий манбалар ҳисобланади.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги томонидан Давлат харидлари порталига 30 миллион сўмга премиум-классдаги тилла қопламали 2 дона ручка сотиб олиш таклифи жойлаштирилгач, ижтимоий тармоқда эътирозлар билдирилганди.
Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Баҳром Зулфиқоров эса танловга қўйилган ручканинг таърифида ва нархида англашилмовчилик бўлгани, аслида тилла рангли ручкага буюртма берилган бўлган ва бу нотўғри тушунилиб, тилла қопланган ручкага буюртма бериб юборилганини айтганди.
Вазирликнинг расмий муносабатида тилла қопламали ручка ҳақидаги гап рад этилмаган, бу шуни англатадики, эълон тилла рангли ручкалар учун эмас, айнан қимматбаҳо ручкалар сотиб олиш учун берилган.
Мавзуга оид
19:25 / 23.11.2024
Баҳодир Қурбонов ДХХ раиси этиб тайинланди
20:51 / 18.11.2024
“Қуроллар қанчалик замонавий бўлмасин, миллий ғурурсиз иш битмайди” — мактабларга ҳарбий дарслар нега керак?
18:23 / 07.11.2024
Чақириққача бошланғич тайёргарлик ўқитувчиси штати Мудофаа вазирлигига ўтади
19:51 / 06.09.2024