Ўзбекистон | 14:45 / 10.06.2021
11117
2 дақиқада ўқилади

Янгиариқ тумани ҳокими ўринбосари табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди

Ҳусинбой Мадаминов лойиҳага киритилмаган ҳолда уйидаги иссиқхонани резина шланг орқали газ тармоғига улаб олган. Kun.uz мухбирига кўра, ҳолат юзасидан баённома расмийлаштирилиб, табиий газ учун қўшимча 7,1 млн сўм ҳисобланган.

Иллюстратив фото

Хоразм вилояти Янгиариқ тумани ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Ҳусинбой Мадаминовнинг хонадони 2020 йил 25 ноябрь куни «Ҳудудгаз Хоразм» ходимлари томонидан кўздан кечирилганда, газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган.

Kun.uz'га маълум бўлишича, ҳоким ўринбосарининг уйида лойиҳа ҳужжатларида кўзда тутилмаган ҳолда, лимон етиштирилаётган иссиқхонанинг иситиш қозони резина шланг орқали газ тармоғига улаб олингани аниқланган.

Ҳолат юзасидан табиий газни қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида баённома расмийлаштирилган ва қўшимча 7,1 млн сўм ҳисобланган.

Хусинбой Мадаминов Kun.uz билан суҳбатда шундай ҳолат бўлганини тасдиқлади.

«Ҳа, бу ҳолат юз бергани рост. Лимон етиштирадиган иссиқхонага лойиҳадан ташқари уланганим аниқланган. Аслида бунинг учун алоҳида ҳисоблагич ўрнатилиши шарт экан. 7 млн сўмдан ортиқ қўшимча маблағ ҳисобланди. Унинг бир қисмини тўладим, тўланмаган қисми оз қолди. Иссиқхонадан ҳозир фойдаланмай қўйганман», – дейди у.

Мавзуга оид