Иқтисодиёт | 11:53 / 11.06.2021
35245
12 дақиқада ўқилади

«Йирик ер эгалари юзага келишига йўл қўймаслик керак» — Отабек Бакиров ер муносабатлари ҳақида

Эксперт ерни хусусийлаштириш ёки хусусийлаштирилмаган ер участкаларини ижарага бериш орқали пул жамғаришни мақсад қилиш катта хато бўлиши, бу ижтимоий кайфиятни яхшиламаслиги, аксинча уни ёмонлаштиришидан огоҳлантирди.

Kun.uz «Иқтисодий хабарлар таҳлили» рукнининг навбатдаги сонида молиячи Отабек Бакиров билан ер муносабатлари ва мулкчилиги, бу борадаги ўзгаришларни қандай тартибда ўтказиш лозимлиги ҳақида суҳбатлашди.

— Ер муносабатларини тартибга солиш борасида ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Фикрингизча, бу қандай тартибда амалга оширилиши керак?

Ер муносабатлари 100 йиллар давомида бизда ижтимоий кайфиятни, одамларнинг ҳаётга нисбатан муносабатини кескин ўзгартирадиган масалалардан бири бўлиб келган. Шунинг учун, эътибор берсангиз ер масаласи туфайли тузумлар, ечимлар турлича бўлгани сабабли давлатлар ўзгарган. Шу сабаб бу масалада жуда ҳам эҳтиёткорлик ва нозиклик билан муносабатда бўлиш керак деб ҳисоблайман.

Иккинчидан, бу масалада биз ижтимоий шартнома, яъни давлат ва жамият ўртасидаги қонун асосида иш кўрсак, бу муносабатлар самимийроқ ва тўғрироқ бўлади. Бу қайсидир тарафнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилишининг олдини олади. Ер борасида кутилаётган ўзгаришларни ижтимоий шартнома ва қонун доирасидаги қабул қилинган ҳолатда бошлашимиз керак бўлади. Бу энг асосий билдирадиган фикрим ва бу ўзгаришларни қонун даражасидаги меъёрий ҳужжат асосида белгилаб олишимиз керак ва бу қонун кенг муҳокамалар асосида қабул қилиниши даркор.

Чунки бизнинг асрлар давомидаги ҳаёт тарзимиз ва ўзаро ижтимоий муносабатларимизни ҳам ер масалалари белгилаб келган. Баъзи бир давлатлар ер масалалари юзасидан шошма-шошарлик билан қарор қабул қилиши натижасида кўп муаммоларга дуч келди. Эътибор берсангиз қўшнимиз Қозоғистонда ер билан боғлиқ қонунчиликда дастлаб ерни хусусийлаштиришда хорижий давлат фуқаролари ёки резидентлари иштирок этиши мумкинлиги билан боғлиқ ҳолат кузатилгани жуда кўп ижтимоий норозиликларни келтириб чиқарди ва охир-оқибатда орадан 1-1,5 йил вақт ўтгандан кейин улар қонунчиликдан бу нормаларни олиб ташлашга мажбур бўлишди.

— Ер муносабатларини тартибга солишда нималарга эътибор қаратиш керак деб ҳисоблайсиз?

Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, билвосита ҳам, бевосита ҳам хориж фуқаролари Ўзбекистондаги ер участкаларини хусусийлаштириш жараёнида иштирок эта олмаслиги лозим. Бу жуда кўп давлатлар учун асосий принцип. Давлатнинг субъективлиги, суверенитети, маҳаллий аҳолига ҳурмат, асрлар давомида шу заминда яшаб келаётган аҳоли кайфиятидан келиб чиқиб шундай қилинади.

Иккинчи масала, йирик ер эгалари юзага келишига йўл қўймаслик керак. Бу латифундиялар дейилади, шулар пайдо бўлишининг олдини олиш керак. Йирик ер эгалари ерга бўлган муносабат сифатини фақат пасайтиради.

Учинчи масала, амалдаги ерга нисбатан номи бошқача бўлган одамларнинг ҳуқуқлари поймол этилишига йўл қўймаслик керак. Ҳозирги кунгача бизда ер участкаларига нисбатан 6та кўринишдаги ҳуқуқ мавжуд эди. Мулк, яъни эгалик ҳуқуқи мавжуд эмас. Лекин бу ерда ижара ҳуқуқи ҳам бор, фойдаланиш ҳуқуқи, мерос қолдириш ҳуқуқи асосида фойдаланиш ҳуқуқи каби бир нечта кўринишдаги нормалар бор. Аҳолининг жуда катта қисми мерос қолдириш мумкин бўлган фойдаланиш ҳуқуқи асосида ўзларининг яшаш жойларида истиқомат қилишади. 90-95 фоиз аҳоли худди шундай ўзларининг ер участкаларида, тақдим қилинган томорқаларида уйларини қуришган, бир неча авлодлар давомида униб-ўсиб келишган. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш асосий масала бўлиши керак. Чунки ерни хусусийлаштириш ёки хусусийлаштирилмаган ер участкаларини ижарага бериш орқали пул жамғаришимиз, бундан пул топишимиз керак деган вазифа қўйиладиган бўлса, катта хато бўлади. Бу ижтимоий кайфиятни яхшиламайди, аксинча уни ёмонлаштиради, холос.

Менинг фикримча, жисмоний шахсларга ўзининг фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган турар жойлардаги ер участкаларини автоматик тарзда хусусий мулк сифатида қайта расмийлаштиришга рухсат бериш керак. Юридик шахсларга нисбатан эса уларнинг мулки жойлашган ер участкаларини белгиланган методология бўйича сотиш мумкин. Яқинда Сирдарёда ер солиғининг 50 баравари миқдоридаги коэффициент қўлланди, давлат раҳбари томонидан ўтказилган йиғилишда эса ер солиғининг 20 баравари миқдоридаги коэффициент эълон қилинди. Бу дегани, ер солиғингизнинг 20 ёки 50 баравари миқдорида тўлов тўлайсиз ва натижада сизнинг ерингиз мақоми вақтинча фойдаланиш ҳуқуқидан мулк ҳуқуқига ўтказилади. Шу механизмни имкон борича тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўллаш керак, аҳолига эмас. Бу билан биз аҳолининг ҳозирги сиёсатга, ҳозирги бўлаётган ўзгаришларга ишончини сақлаб қола оламиз.

Агарда биз Ўзбекистонда ўзининг турар жойларидаги ер участкаларини хусусийлаштириш орқали шунча пул жамғарар эканмиз деган йўлдан юрадиган бўлсак, савол ва эътирозларни кўпайтириб юборишимиз мумкин. Хусусан, бу камбағаллик билан боғлиқ масалаларга ҳам бориб тақалади, яъни бизнинг камбағалларимизнинг бошқа давлат камбағалларидан фарқли жиҳати уларнинг аксарияти ота-бобосидан қолган, авлоддан авлодга ўтиб келаётган ўз мулкларига эга. Шу сабаб бу жуда ҳам нозик ва эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш керак бўлган масала ҳисобланади.

Албатта, ер участкаларининг очиқ, ҳеч қандай истисносиз, бюрократияга иш қолдирмайдиган воситалар орқали хусусийлаштирилишини тўлиқ қўллаб-қувватлаш керак. Лекин қайси ҳаракат бўлишидан қатъи назар бу механизмлар қонун даражасида қабул қилиниши керак. Биз аҳоли қатламларининг бундай резонансли ижтимоий қонунлар қабул қилинаётганда муҳокамаларда иштирок этишини таъминлашимиз даркор. Мен референдум ташкил қилиш керак демоқчимасман, аммо бу каби масалаларни ҳал қилаётганда жамоатчилик томонидан камида 6 ой давомида кенг муҳокама қилинадиган йўлдан юришимиз керак. Бу ҳозирги янги даврнинг иккинчи босқичидаги асосий масалалардан биттаси ўзи.

Юқорида таъкидлаганимдек, шошма-шошарлик билан иш тутиб ҳам бўлмайди, лекин бизга ўхшаб ҳаддан ташқари узоқ давр мобайнида кейинга қолдириш ҳам имконсиз. Ўша эски даврдан ўтиб келган энг асосий муаммоларимиздан биттаси ер муносабатларининг тартибга солинмагани бўлган. Натижада бу ҳуқуқларнинг тартибга солинмагани учун уни ҳар доим, ҳар дақиқада бузавериш мумкин. Қачондир шу масалани қонунийлаштиришимиз керак эди. Лекин буни кенг аҳоли муҳокамалари ва қонун доирасида амалга оширишимиз керак.

— Бу ўзгаришлар иқтисодиётга ҳам таъсир қилиши мумкинми?

 Ерга нисбатан мулкчилик шаклининг ва муносабатларининг ўзгариши иқтисодий ўсишни ҳам тезлаштиради. Эътибор қаратадиган бўлсак, ер Ўзбекистонда гаров объекти эмаслигининг ўзи, унинг пул айланмасидан ташқарида эканини англатади. Бизнинг машинамиз, уй-жойимиз, дўконларимиз капиталистик муносабатларга кирган, аммо ер капиталистик муносабатларга кирмаган. Асосий қоида ерни капиталистик муносабатларга киритишда бўлиши керак. Бирор мамлакат ерни бозор воситасига айлантирмасдан туриб иқтисодий ўсиш доимийлигини таъминлай олмаган. Албатта, бу йўлдан ўтилиши керак.

— Баъзи мамлакатларда дастлабки даврда хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун ерни хорижликларга мулк ҳуқуқи асосида бериш амалиёти қўлланган. Масалан, Сингапурда мустақилликнинг дастлабки йилларида шу йўлдан юрилган. Ҳозирги инқирозли даврда инвестиция оқимини жалб қилиш учун шунга ўхшаш тадбирларни амалга ошириш тўғри бўлмайдими?

Йўқ, мен бундай ҳисобламайман. Сингапур каби мамлакатлар бу масалада умуман Ўзбекистонга қиёсланадиган мамлакат эмас. Чунки бу мамлакат тарихан очиқ шаҳар бўлиб келган. Мустамлака пайтида ҳам, ундан аввал Хитой босқини даврида ҳам шундай очиқ кўринишда бўлган. Асрлар давомида ўз қарашларига ва қадриятларига эга бўлган туб аҳолиси мавжуд бўлмаган. Масалан, сингапурлик одам индонезиялик келиб қўшни бўлиб, ёнидан 50 гектар ёки 5 гектар ерни эгалласа, унда оғриқлар пайдо бўлмайди. Чунки менталитет шундай шаклланган.

Иккинчидан, Сингапур шаҳар-давлат бўлгани учун ҳеч ким хавф солмаган. Чунки унинг суверенитети очиқлигида бўлган. Ўзбекистоннинг суверенитетини унинг очиқлигида дея олмаймиз. Айни пайтдаги мураккаб глобал жараёнларда бизнинг суверенитетимизга шарқдан ҳам, шимолдан ҳам турли даражадаги хавфлар мавжуд. Буни инобатга олишимиз керак, буларни кўздан қочириб бўлмайди.

Мен хорижликларга ер сотиш ёки сотмаслик борасида Ўзбекистоннинг тажрибасини қанақадир Сингапур ёки Европадаги айрим давлатлар: Мальта ёки Кипр билан солиштирмаган бўлардим. Биз бу масалани ўзимизга яқин давлатлар: Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия каби давлатлар билан қиёслардим. Мен таъкидламоқчи бўлган нарса, бошқалар қилган хатони қилишимиз керак эмас. Масалан, Қозоғистонда Хитойга нисбатан қўрқув бор. Чунки хитойликлар қандай кўринишда кириб боришидан қатъи назар, кириб борган ҳудудини ҳеч қачон тарк этмайди. Тарихан қарасангиз ҳам, Хитой диаспораси кириб борган жойини ҳеч қачон тарк этмаганини кўришингиз мумкин. Бу ҳудудда улар ўз диаспорасини яратади, интеграциялашиб ҳам кетмайди. Шу муаммони инобатга олишимиз керак.

— Йирик ер эгалари пайдо бўлишига йўл қўймаслик керак дедингиз. Бунинг жамият учун қандай салбий жиҳатлари бор?

Йирик ер эгалиги деганда, мен бутун бошли туманларнинг ер майдонлари 2-3та ер эгалари ўртасида тақсимланиб қолишини назарда тутяпман. Улар ўзининг миқёсида маҳаллий ҳокимиятларни таъсир доирасига тушира оладиган имкониятларга эга бўлади. Бутун инфратузилма ўшаларга боғлиқ бўлиб қолади, уларнинг босими остида шаклланишига олиб келади. Бутун бошли маҳаллий сиёсатнинг амалга оширилиши шуларга боғлиқ бўлиб қолади. Биздаги шароитда йирик ер эгалигининг асосий хавфи шундан иборат.

Иккинчи хатари шундаки, ер майдонлари сунъий суғоришга асосланган, яъни сув ресурсларининг тақсимланиши билан боғлиқ. Ер эгалари қанча йирик бўлса, сув назорати уларнинг қўлига ўтиб кетиш эҳтимоли юқори. Бу ҳам катта хатар ҳосил қиладиган нарса. Бунда табиий равишда йирик ер эгаларининг имконияти майда ер эгалариникига нисбатан юқорироқ шаклланади. Майда ер эгаларининг йирик ер эгаларига боғлиқлиги юзага келиб қолади.

Учинчи хатари шундаки, йирик ер эгалари ерга нисбатан алоҳида, боғланган муносабатда бўлмайди. Улар ерга исталган пайтда сотиб юбориладиган объект сифатида муносабатда бўлади. Шу томонлари ҳам мавжуд. Иқтисодиётнинг бошқа соҳаларидан биламизки, қайси соҳа бўлишидан қатъи назар ишлаб чиқаришми, хизмат кўрсатишми, умуман олганда, мулкнинг, савдонинг бир қўлда тўпланиб қолиши фақат зарар келтиради. Монополистик муносабатлар доимий равишда иқтисодий ўсишни ҳам, ижтимоий тенгликни ҳам бузадиган омиллар ҳисобланади.

Ўзбекистонликлар дунёдаги энг кўчмас халқлардан биттаси. Ўз туғилган жойига, заминига турли ришталар билан маҳкам боғланган халқ. Биз шундай анъаналарга эгамизки, маҳаллада кимдир ҳовлисини турли сабаблар билан сотаётган бўлса, аввал маҳаллага мурожаат қилади, четдан келиб ўша маҳаллага бегона одам киришини ҳам лозим топмайди. Бу ўта нозик масала деганимнинг асл сабаби ҳам шунда, аслида. Кўчмас халқларда ернинг ўрни ҳаддан ташқари юқори. Мақолларимизга ҳам ерга бўлган муносабат сингиб кетган. Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романида ҳам Мирзакаримбой битта эпизодда жияни Йўлчи қишлоқдаги ерини сотиб тоғасининг олдига келганда «Эй жиян, эр киши ер сотмайди», дея қаттиқ койийди. Бу нарса шу даражада менталитетимизга сингиб кетганки, бизда бир тумандан иккинчи туманга кўчиш ҳам деярли мавжуд эмас.

Мавзуга оид