Фан-техника | 18:46 / 13.06.2021
62226
16 дақиқада ўқилади

«Чиқинди қутиси боласи» ёхуд гўдаклигидаёқ ташлаб кетилган миллионер дастурчи ҳикояси

Фредди Фиггерс ўзининг илк компьютерини 9 ёшида қўлга киритади. Бу эски ва бузуқ компьютер бўлса-да, айнан шу компьютер унинг техникага бўлган муҳаббатини оловлантиради ва ҳеч ким тасаввур ҳам қилмаган даражадаги ихтирочи, тадбиркор ва телеком миллионери бўлиб етишишида муҳим рол ўйнайди.

«Шарт-шароит ва мавжуд ҳолатингиз сизнинг ким эканингизни белгилаб беришига йўл қўйманг».

Бу – 31 ёшли тадбиркор Фредди Фиггерснинг биринчи маслаҳати.

8 ёшдалигида кунлардан бир кун у отаси Натандан ўзининг қаерда ва қандай туғилгани ҳақида сўрайди ва унутиб бўлмайдиган бир жавобни олади.

«Қулоқ сол, мен сен билан очиқча гаплашаман, Фред. Биологик онанг сени ташлаб кетган. Мен ва Бетти Мэй эса сени меҳрибонлик уйига беришни хоҳламадик ва биз сени асраб олдик. Сен менинг ўғлимсан», дейди отаси унга.

Фредди туғилганидан кўп ўтмай, уни Флорида штатининг қишлоқ ҳудудидаги катта чиқинди қутиси ёнида ташлаб кетилган ҳолда топишади.

Фредди бу воқеани илк бор эшитганда «Мен чиқиндиман», деб ўйлайди ва ўзини кераксиз ва ташландиқдай ҳис қилади. Аммо отаси унинг елкасидан тутиб, шундай далда беради: «Бу ҳолат сени хафа қилишига ҳеч қачон йўл қўйма!»

Фреддини асраб олган Натан Фиггерс кичик таъмир ишларини бажарувчи ҳунарманд бўлиб, унинг рафиқаси Бетти Мэй Фиггерс фермер хўжалиги ишчиси эди.

1989 йил, яъни Фредди дунёга келган йил Фиггерс жуфтлиги Шимолий Флорида штатидаги тахминан 8 минг аҳолига эга бўлган қишлоқ аҳоли пункти – Куинсида яшарди.

Натан Фиггерс ва Бетти Мэй. Фредди (ўнгда)

«Чиқит бола, сен ҳеч кимга керак эмассан!»

Фиггерслар илгари кўплаб болаларни ҳомий оила сифатида боқишганди, аммо улар икки кунлик чақалоқ Фреддини ўз ўғиллари сифатида қабул қилишга қарор қилишади.

Фреддининг сўзларига кўра, у Фредди Натан ва Бетти Мэйдан ўзи эҳтиёж туйган барча меҳр-муҳаббатни топади, аммо Куинсидаги болалар унга жуда шафқатсиз муносабатда бўлишади.

«Болалар мени масхара қилиб, «Чиқинди қутисининг боласи», «Ахлат бола», «Сен ҳеч кимга керак эмассан» ёки «Сен иркитсан» каби сўзлар билан ҳақоратлаб устимдан кулишарди. Баъзан эса мактаб автобусидан тушганимда, орқадан келиб ушлаб олган болалар мени чиқинди қутисига улоқтиришар ва кулишарди», дейди Фредди.

Болаларнинг ҳақоратлари шу даражага бориб етадики, отаси энди Фреддини автобус бекатида кутиб турар ва у билан бирга уйга қайтар эди. Аммо болалар ҳатто Натанга ҳам гап отишдан тортинишмасди.

Натан ва Бетти Мэй Фредди учун чинакам қаҳрамон тимсоли ва намуна эдилар.

«Мен баъзан отам ўзи умуман танимайдиган одамларига ёрдам қилаётганини, уйсизларга озиқ-овқат олиб бориб бераётганига гувоҳ бўлардим. У ажойиб инсон эди. Улар иккиси мени тарбиялашди ва мен ҳам шундай одам бўлишни хоҳлардим». 

Бетти Мэй ва Натан Фиггерс

Унинг кўзлари чиқиндилар ичидан ҳам компьютер қидирар эди...

Дам олиш кунлари Фредди ва Натан чиқиндига ташланган нарсалар орасида ишга ярайдиган бирон нарса бор-йўқлигини билиш учун чиқинди қутиларини кўздан кечиришарди. Фреддининг кўзлари фақат компьютер қидирар эди.

«Қадим бир нақл бор: «Кимнингдир чиқиндиси – кимнингдир хазинасидир». Мен ҳам компьютерларга қизиқар эдим. Мен ҳар доим Gateway компьютерига эга бўлишни хоҳлардим, аммо ўша пайтда уни сотиб олиш учун пулимиз йўқ эди».

Ниҳоят, Фредди 9 ёш эканида улар Goodwill  деб номли эски буюмлар дўконига боришади ва у ерда ишламайдиган эски Macintosh компьютерини кўриб қолишади.

«Биз сотувчини кўндирдик. «Майли, сизга 24 долларга бераман», деди у. Биз уни сотиб олдик ва уйга олиб келдик. Мен азбаройи хурсандлигимдан ақлдан озаёзгандим».

Ўша пайтда Фредди радио, будильник ёки видеоплеер каби кўплаб электрон қурилмалар билан таниш эди. Шу вақтдан эътиборан, унинг бутун диққат-эътибори бузуқ Macintosh компьютерига қаратилади.

«Биз уни уйга олиб келганимизда ишламади. Шунинг учун ҳам мен уни қисмларга ажратиб чиқдим. Уларни бирма-бир кўздан кечираётиб конденсаторлар бузилганини пайқаб қолдим. Паяльнигим бор эди. Мен отамнинг радио будильнигидаги қисмларни компьютерга кавшарладим».

Тахминан 50 марта уринишдан кейингина компьютер ниҳоят ишлайди. Айнан ўшанда Фредди бутун умрини техника дунёсига бағишлашга қарор қилади.

Фредди Фиггерснинг болалиги

Бошқалар ўйнаб юрган бир пайтда у бузилган компьютерларни тузатарди

«Болалар масхара қилиши натижасида туғилган барча азоблардан мени компьютер қутқарарди», дейди Фредди.

Мактабда кимдир уни ҳақорат қилса, «Уйга боргач, компьютер ўйнайман», деб ўзини тинчлантирарди.

12 ёшга тўлганда Фреддининг маҳорати бошқаларнинг ҳам эътиборини жалб қила бошлайди. Ҳамма болалар боғда ўйнаб-кулиб юрган бир пайтда Фредди мактаб қошидаги компьютер лабораториясида бузилган компьютерларни тузатишга киришади.

«Агар қаттиқ диск бузилган бўлса, алмаштирар эдим. Агар хотираси етарли бўлмаса, RAM қўшардим», дейди у.

Ўша пайтлар Куинси шаҳрининг мэри айни вақтда мактабдан кейинги таълим учун ҳам масъул эди. У бузилган компьютерларга Фредди бирин-кетин «жон» ато этаётганини кўргач, унга ота-онаси билан бирга ҳокимият биносига келишни тайинлайди.

«Биз шаҳар ҳокимиятига борганимизда у менга орқа хонадаги компьютерларни кўрсатди. Эй, Худойим, 100тача компьютер устма-уст уйиб ташланган эди. «Буларни тузатиш керак», деди мэр».

Шундан сўнг Фредди мактабдан кейинги барча вақтини соатига 12 долларлик иш ҳақи эвазига ўша бир уюм компьютерларни бирма-бир таъмирлашга сарфлайди.

«Аслида, пул аҳамиятсиз эди. Бу – ўзимга ёққан ишни қилиш учун ажойиб имконият эди ва мен ундан жуда ҳам катта завқ олардим».

Фредди Фиггерс ўзи илк бор таъмирлаган Macintosh билан

600 минг доллардан воз кечиш

Бир неча йил ўтгач, дастурлаш имконияти пайдо бўлади. Куинси шаҳрининг сув босимини ўлчайдиган соатларни бошқариш тизимига эҳтиёж туғилади ва компания шунга мўлжаллаб тузилган компьютер дастури учун 600 минг доллар ҳақ тўлашини эълон қилади.

«Фредди нақ компьютер сичқончасининг ўзгинаси. Балки бу ишни у бажара олар?» дейди шаҳар менежерларидан бири.

Фредди агар имконият берилса, ушбу дастурни тўлиқ ёза олиши мумкинлигини айтади.

«Менга керакли дастурни ўрнатиш имконияти берилди. Мен 600 минг долларни олмадим. Одатий тўловимни олиб, уйга қайтдим», дейди у.

Бу – Фреддининг ҳаётидаги муҳим бурилиш нуқтаси эди.

У атиги 15 ёшда эди, лекин ота-онасини хафа қилувчи қарор қабул қилади – мактабни ташлаб, ўз шахсий компьютер бизнесини бошлашга аҳд қилади.

«Улар таълим, иш, пенсия циклига ишонишарди. Мен бу занжирни узиб, бошқа бир нарса қилишни хоҳладим», дейди у.

Бир-икки йил ичида Фреддининг бизнеси ўсиб, муваффақиятли ривожланиб боради, аммо унинг отаси Натан Альцгеймер касаллигига чалинади. У кечалари тўсатдан уйғониб, оқшом телевизорда кўрганларини такрорлай бошлайди. Баъзан эса эрталаблари ғойиб бўлиб қоладиган одат чиқаради.

Бу – Альцгеймер касаллигининг асоратлари эди. Баъзан у ярим-ёрти кийиниб, лекин ҳар доим оёқ кийимини кийган ҳолда айлангани чиқиб кетарди.

Ушбу воқеа Фреддининг илк ихтироси туғилишига сабаб бўлади.

«Мен отамнинг пойабзалини олдим. Тагликка 90 мегагерцли карнай, микрофон ва минтақавий тармоқ картасини жойлаштирдим. Уни компьютеримга боғладим. Бу воқеа Apple ёки Google харита дастурлари яратилишидан олдин содир бўлган. Отам ғойиб бўлганда мен компьютеримдаги тугмачани босиб, «Дада, қаердасиз?» деб сўрай олардим. Отам эса оёқ кийимидаги қурилмадан чиққан овозни эшитиб, «Фред, мен қаердалигимни билмайман», дерди».

Шундай қилиб, Фредди GPS орқали отасининг жойлашган нуқтасини аниқлар ва уни олиб уйга қайтарди. Фреддининг айтишича, у ушбу амалиётни 8 мартача қўллайди.

Фредди Фиггерс ўсмирлик йилларида

Афсуски, энди кеч бўлганди...

Натаннинг аҳволи ёмонлашгандан ёмонлашиб боради. Оила аъзолари ичидан уни қариялар уйига топширишни истаганлар ҳам чиқади, аммо Фредди бунга кўнмайди. Бунинг ўрнига, у ҳамма жойда, ҳатто бизнес учрашувларида ҳам отасини ўзи билан бирга олиб юра бошлайди.

«У мени тарк этмади ва мен ҳам уни тарк этмоқчи эмасман», дейди у.

Фредди мижозлар билан учрашувга борганда отаси Натанни машинанинг орқа ўриндиғида кондиционер ва радиони ёқиқ, рулни эса қулфлаган ҳолда қолдирарди.

«Бир сафар йиғилишда эканимда деразага қарадим, эҳ, Худойим, не кўз билан кўрайки, отам орқа ойнани тушириб, ташқарига чиқиб кетган эди. Мен ваҳимага тушдим ва хижолат бўлдим. «Мен кетишим керак», дедим».

Фредди учрашувдан ўқдай отилиб, ташқарига чиқади ва отасини шу атрофдаги автотураргоҳда топиб, енгил нафас олади.

Натан 2014 йилда 81 ёшида вафот этганида Фредди 24 ёшда эди.

«Тўғриси, бу мени йиқитди, чунки мен истаган ягона нарса отамни хурсанд қилиш эди», дейди у.

Ўшанда Фредди пойабзалга ўрнатиладиган кузатув мосламаси ихтиросини 2,2 миллион долларга сотган, пул келишини кутаётган эди.

Натан ҳамиша 1993 йил моделидаги Ford пикапи ва балиқ овлаш кемасига эга бўлишни хоҳларди. Афсуски, Фредди уларни сотиб олишга қодир бўлганда жуда кеч эди...

«Бу ҳақиқатан ҳам менинг кўзларимни очди ва пул воситадан бошқа нарса эмаслигини менга ўргатди. Мен бу дунёдан кетишдан олдин бу ерни аввалгидан кўра яхшироқ қилиш учун нима керак бўлса, қиламан. Мен отамга қарайман: у бой эмасди, аммо у жуда кўп одамларнинг ҳаётига таъсир ўтказа олди. Мен ҳам ўзим билан рўбару келган ҳар қандай инсонга нисбатан адолатли бўлишни ва унга қўлимдан келганича ёрдам беришни хоҳлайман».

Глюкометрнинг ихтиро қилиниши

Бу орада Фредди яна бир ақлли қурилмани ихтиро қилади. Бу ҳам унинг шахсий тажрибадан олинган илҳоми натижаси эди. Ушбу қурилманинг яратилишига 8 ёшида амакисиникига қилинган ташриф катта туртки беради.

«Биз амакимникига бордик. Онам ва дадам эшикни тақиллатишди, лекин ичкаридан ҳеч қандай садо бўлмади. «Фред, деразага тирмашиб, эшикни ичкаридан оча оласанми?» деди дадам».

Фредди ичкарига кириб, ота-онасига эшикни очади. Ҳамма нарса одатдагидек кўринарди. Амакиси эса камин ёнидаги стулда ҳаракатсиз ҳолда тошдай қотиб турарди.

«Отам унинг ёнига борди ва онамга ўгирилиб: «Бетти Мэй, амаки ўлиб қолибди», деди».

Амаки диабетик комага тушиш натижасида вафот этганди.

«Қандли диабетга чалинган бир беморни кўз олдингизга келтириб кўринг. Улар қондаги қанд миқдорини текширгач, уни ёзиб қўйишлари керак. Онамнинг амакиси гарчи уларни ёзиб қўйган бўлса-да, у яшайдиган қишлоқ жойларида уни баҳолайдиган ҳеч ким йўқ эди».

Шундай қилиб, Фредди 22 ёшида ақлли глюкометрни ихтиро қилади. Ушбу қурилма одамнинг қонидаги шакар миқдорини бир зумда ўлчаб, уни энг яқин қариндошига етказар, маълумотларни электрон соғлиқни сақлаш қайдларига киритарди. Шу боис, шифокор исталган пайтда уларни назорат қила оларди. Қурилма, шунингдек, борди-ю одам қонидаги шакар меъёрдан юқори бўлса, сариқ огоҳлантиришни юборарди.

АҚШдаги энг ёш алоқа оператори

Аммо Фредди бундан ҳам каттароқ лойиҳа устида бош қотира бошлайди. У АҚШнинг аксарият қишлоқ жойларида 2G ёки 3G тармоқларига уланиш имконияти йўқлигини ва Куинсида яшовчилар интернетга ҳали ҳам ишонч телефонига қўнғироқ қилиш орқали уланишларидан хабардор эди.

У ушбу қишлоқ жойларда алоқа имкониятларини яхшилашни истайди. 2008 йилда у ўзининг алоқа компаниясини очиш мақсадида лицензия олиш учун Федерал алоқа комиссиясига кўп бор мурожаат қилади.

«Мен уларга йирик телеком компаниялари аҳолиси минг кишидан кам бўлган ушбу пунктлар инфратузилмасига сармоя киритмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилдим».

Бу осон бўлмайди. Ҳатто Фреддининг сўзларига кўра, у 394 марта мурожаат қилиши ва кўп пул сарф қилиши керак эди.

Аммо 2011 йилда Фредди 21 ёшида АҚШдаги энг ёш алоқа операторига айланади. NBC телеканали ҳисоботига кўра, Figgers Communication мамлакатдаги қора танли америкаликка тегишли ягона телекоммуникация компанияси ҳисобланади.

Фредди дастлабки кунларда илк уяли телефон минорасини ўрнатишдан тортиб то оптик толали кабель ётқизишгача бўлган барча ишларни ўзи бажаради.

Фредди Фиггерс рафиқаси Натали ва қизи билан

У Флориданинг шимоли ва жанубий Жоржиянинг қишлоқ жойларига хизмат кўрсата бошлайди. Унинг компанияси барқарор ривожланиб боради.

«Мақсадимиз – ҳалоллик ва ошкораликдир»

2014 йилда Фредди Фиггерс F1 номли смартфон чиқаради. Ушбу мосламани олиб юрган киши соатига 16 километрдан кўпроқ тезликда ҳаракатланаётганда буни сезиб «хавфсизлик созламалари»га ўтади ва одамларнинг машина ҳайдаш пайтида СМС юборишларига йўл қўймайди.

2019 йилда бозорга чиқарилган Figgers F3 модели баъзи блогерлар томонидан таърифланганидек муваффақиятли бўлмагани учун танқид қилинади.

«Бизнинг мақсадимиз – сифатли ва илғор маҳсулотларни арзон нархларда таклиф қилиш, шунингдек, ҳалоллик ва ошкораликдир», дейди Фредди.

Айни пайтда Фреддининг 83 ёшли онасида ҳам Альцгеймер касаллигининг дастлабки аломатлари мавжуд. Онаси фарзандининг ютуқларидан у жуда ғурурланишини айтади ва у ихтиро қилган глюкометр амакиси каби инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин бўлган муҳим восита эканига ишонади.

2015 йилда прокурор Натали Фиггерс билан турмуш қурган Фреддининг бир қизалоғи бор.

У ишидан ташқари, ўзи ташкил этган фонд орқали таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларга сармоя киритади ва кам таъминланган болалар ҳамда уларнинг оилаларига ёрдам беради. Амалга оширилган сўнгги лойиҳалар орасида ҳомийлик остидаги оилаларда истиқомат қилувчи болалар учун велосипедлар ва коронавирус пандемияси пайтида тиббиёт ходимларига ҳимоя воситаларини етказиб бериш ташаббуси ҳам мавжуд.

«Дунё қанчалик совуқ ва қоронғи кўринмасин, ҳеч қачон таслим бўлма!»

Бу Фреддининг кичкинтой қизига берадиган энг муҳим ҳаётий маслаҳатидир. У дуч келган ҳар бир инсон ҳаётида ижобий из қолдириш ҳақида қайғуради. Ушбу ғоя унга отаси – биринчи рақамли тарафдори Натандан мерос бўлиб қолган.