Ўзбекистон | 23:51 / 14.06.2021
6684
2 дақиқада ўқилади

Президент Тошкент вилоятининг коммунал соҳадаги муаммоларини ҳал қилиш бўйича кўрсатмалар берди

Президент Шавкат Мирзиёев 28 майдаги селекторда коммунал тармоқларни янгилаш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича кўплаб вазифалар қўйган эди. Шу борада мутасадди вазирлик ва ҳокимликлар томонидан бошқарув сервис компаниялари фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Таклифлар 14 июнь куни давлат раҳбарига тақдим этилди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Тошкент вилоятида 4 938 та кўп қаватли уй бор. Уларга 36 та сервис компанияси ва 369 та ширкат хизмат кўрсатади. Ширкатларнинг ярмидан кўпи оғир аҳволда. Хизматлар ўз вақтида ва сифатли бўлмагани, замонавий ёндашувлар жорий этилмагани оқибатида истеъмолчилар норози.

Тадбирда ҳудуддаги шу каби камчиликлар танқид қилинди. Лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш, тизимни тўғри ташкил этиб, аҳолига қулайликларни ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Тошкент вилоятида Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси билан яқин шериклик йўлга қўйилган. Тақдимотда ушбу ҳамкорлик асосида амалга ошириладиган иқтисодий ва инвестициявий лойиҳалар ҳақида маълумот берилди, дейилади расмий релизда.

Қўшимча қилинишича, тақдимотда тижорат банклари томонидан шакллантирилган лойиҳалар ҳам кўриб чиқилган. Бу борадаги тафсилотлар маълум қилинмади.

Шу куни давлат раҳбари соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳалар билан ҳам танишди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид