Спорт | 22:24 / 14.06.2021
50669
4 дақиқада ўқилади

Евро-2020: Шик турнирнинг энг чиройли голини урди

Чехиялик Патрик Шик Европа чемпионатларида янги рекорд ўрнатди.

Евро-2020. D гуруҳи
Шотландия — Чехия — 0:2
(0:1)
Голлар: Шик, 42 (0:1). Шик, 52 (0:2).
Шотландия: Маршалл, Купер, Хэнли, Робертсон, Хендри (Фрэйзер, 67), О`Доннел (Форрест, 79), Армстронг (Макгрегор, 67), Макгинн, Кристи (Адамс, 46), Мактоминай, Дайкс (Нисбет, 79).
Чехия: Вацлик, Челустка, Калас, Цоуфал, Боржил, Дарида (Шевчик, 87), Янкто (Видра, 72), Масопуст (Хложек, 72), Соучек, Крал (Холеш, 67), Шик (Крменчик, 87).
Ҳакамлар: Зиберт. Зайдель, Фольтин (барчаси — Германия).
ВАР: Фриц. Гиттельманн, Дингерт (барчаси — Германия), Эрнандес-Эрнандес (Испания).
14 июнь. Глазго. «Ҳэмпден Парк» стадиони.

Чехия Евро-2020 гуруҳ босқичи 1-турида Шотландияни Патрик Шикнинг дубли эвазига мағлуб этди — 2:0.

«Байер» ҳужумчисининг биринчи голи оддий чиқди: биринчи бўлим охирида ўнг қанотдан узатилган тўпни Шик боши билан дарвозанинг узоқ бурчагига йўналтирди.

Иккинчи гол — бундай даражадаги баҳс учун шунчаки фантастика эди. Шотландлар ҳужум уюштираётган вақтда Жек Ҳендрининг зарбаси ҳимоячилардан қайтди, 25 ёшли форвард эса уни ўзига бўйсундириш ва олдинроққа олиб боришга вақт сарфламасдан, шунчаки майдон марказида турган ҳолда дарвозани ишғол қилишга қарор қилди. У шотландлар дарвозабони Дэвид Маршалл олдинроққа чиқиб кетганини пайқаб, тўпни юқорилатиб тепди. Дарвозабон ортга чопди, аммо жамоани голдан сақлаб қолишга улгурмади.

Афтидан, Евро-2020нинг энг чиройли голи мавзуси ёпилди. Бундан зўрроқ гол уриш жуда қийин бўлади.

Европа чемпионатларида бундай масофадан ҳали ҳеч ким гол урмаган. Шик тўпни дарвозага 45,44 метрдан туриб киритди — бу Евро учун рекорд ҳисобланади. Бунга қадар рекорд кўрсаткич германиялик Торстен Фрингсга тегишли эди (35,3 метр), шунингдек, 1996 йилги турнирда Чехия дарвозасига  31,27 метрдан гол урган Владимир Бесчастних кучли учликни тўлдиради.

Шик «Байер»даги дебют мавсумини ўтказди ва биринчи йилдаёқ Бундеслиганинг 29 учрашувида 9 гол уришга эришди. 2017-20 йилларда «Рома» аъзоси бўлган футболчи 2019-20 йиллар мавсумида ижара асосида «Лейпциг»да ўйнаган, 2020 йил ёзида «Байер» томонидан трансфер қилинган. Италияда унинг ўйини ўхшамаганди, форвард икки мавсумда жами 8 гол урган ва кўплаб танқидларга сабаб бўлганди. Танқидлар фақатгина ўйини учун эмасди.

Римдаги мухлислар унинг 2017 йилда топ-клубда ўйнаш ва кўп маош олишни исташи ҳақида айтган гапларини қабул қила олишмаганди: «Яқин йилларда менга янада каттароқ маош тўлайдиган топ-клубга ўтишга умид қиламан. Бу мотивация ҳамиша менга ёрдам беради. Мен «Рома»дан кучсизроқ бўлган клубга кетаман деб ўйламайман, мен боришни истайдиган клублар — бу «Реал», «Барселона», «Манчестер Юнайтед».

Германияда Шикнинг иши юришиб кетди — икки мавсумда жами 23 гол. Ўтган ёзда ушбу чехиялик Англия ҳақида орзу қилаётганини айтганди, аммо уни «Байер» сафига қўшиб олди. Балки Шотландияга қарши перформансдан кейин Шикнинг орзулари ушалар.

Мавзуга оид