Ўзбекистон | 20:40 / 23.06.2021
27644
3 дақиқада ўқилади

“Дарахтлар қабристони” – бугунги Тошкент тимсоли

Яшнобод туманининг Aлимкент кўчаси бўйлаб “дарахтлар қабристони”га кўзингиз тушади. Кўча юзидаги дарахтларнинг деярли барчаси қуриб бўлган. Бошқа жойлардан кўчириб келинган бир неча йиллик улкан дарахтлар қаровсизликдан нобуд бўляпти.

Пойтахт Тошкент кундан кунга чўллашиб, “домлашиб”, бетонлашиб бормоқда. Ёш-у қари яшил дарахтзор соя-салқинида ҳордиқ чиқарадиган боғларнинг кўпи ишламаяпти. Бундай вазиятда бир тарафдан шаҳарни тоза ҳаво билан таъминловчи янги дарахтлар экиш, иккинчи тарафдан эса омон қолганларини бир амаллаб асраб қолиш долзарб масалага айланди.

Бироқ афсуски, масъуллар ҳар иккала вазифани ҳам етарлича уддалай олмаяпти.

Яшнобод тумани Aлимкент кўчасида қуриб қолган “дарахтлар қабристони” пайдо бўлган. Катта-катта дарахтлар қуриб бўлган. Ёш ниҳоллар ҳам секин-аста қуриб бормоқда.

Дарахтларнинг кўпчилиги бошқа жойлардан кўчириб, шу ерга ўтқазилган. Aжабланарлиси шундаки, дарахтзорга айлантириш режа қилинган майдон тошлоқ ва сувсиз бўлса-да, дарахтларни кўчириб ўтказишдан олдин алоҳида тайёргарлик кўрилмаган. Улар сувсизликдан қуриб бормоқда.

Яшнобод туман ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси вакилининг маълум қилишича, Aлимкент кўчасидаги дарахт кўчатлари Катта Фарғона йўли кўчасининг таъмирланиши муносабати билан у ердан кўчириб келтирилган. Мутасаддига кўра, уларнинг қурий бошлаши – “ҳаво кескин исиб кетгани”нинг оқибати.

Ободонлаштириш бошқармаси вакили Шуҳрат Ражабов

“Дарахтлар асосан Фарғона йўли қайта қурилгани сабабли, у ердаги баъзи бир ниҳол дарахтларни Aлимкент кўчаси ёнига кўчиришга тўғри келди. Сувлари вақтида берилган. Кўчирилишда барча қоидаларга амал қилинган. Лекин ҳавонинг кескин исиб кетиши дарахтларнинг нобуд бўлишига сабаб бўлди.

Биз фақат кўчатларни кўчириб ўтказганмиз. Сақлаб қолиш учун қўлдан келган барча ишларни қилдик. Қуриб қолган дарахтлар ўрнига бошқаларини экишга тўғри келади”, – дейди Ободонлаштириш бошқармаси вакили Шуҳрат Ражабов.

Турган гапки, изоҳловчининг изоҳи бизни қониқтирмади. Кўчириб ўтказишдан олдин нега тегишли агротехник тадбирлар қилинмагани, тошлоқ ва сувсиз ерга дарахт кўчирилганини тушуниш қийин.

Шу ўринда атроф-муҳитга масъул ташкилотлар, депутатлар ва жамоатчиликдан дарахтларни сақлаб қолишда фаол бўлишини, қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимияти тизимидагиларни дарахтларга нисбатан қилинган тажовузга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлашни сўраб қоламиз.

Зеро, биздан авлодларимизга дарахтлари қирғин қилинган биёбондаги бетон ва пластмасса уюми эмас, одамлар учун қулай, кислородга тўла, яшил ва соя-салқин шаҳар қолсин.

Раҳматилло Исроилов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Дониёр Ёқубов.

Мавзуга оид:

Мавзуга оид