Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зарбдордаги маҳалла аҳли ичимлик сувини сотиб олади. Бу — «Обод қишлоқ» дастуридан кейинги ҳолат
Янгикентда мутахассислар уч уринишда ҳам аҳоли учун чучук сув чиқариб бера олишмади.
Жиззах вилояти Зарбдор тумани Янгикент маҳалласида истиқомат қилаётган аҳоли ичимлик сувини бир неча йилдан бери сотиб олаётгани, ҳудудга тоза ичимлик суви тортиб келиш масаласи вилоят миқёсида кўтарилган бўлса-да, натижа бўлмаётганини маълум қилишди.
Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида Зарбдор туманига борди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, Янгикентда истиқомат қилаётганларнинг аксарияти ўтган асрнинг 60-йилларида бошқа вилоятлардан кўчиб келиб, яшаб қолган аҳоли. Айниқса, водий вилоятларидан келганлар кўпчиликни ташкил қилади.

Бу жиҳатга эътибор бераётганимизнинг сабаби, нафақат Жиззах вилоятининг чўл ҳудудлари, балки Сирдарё вилоятининг ҳам аксарият туманларида яшаётганлар бу ерларга иш манбайи ва қулайлик истаб келишган. Бир пайтлар шундай бўлган ҳам. Шаҳарчалар, посёлкалар қуриб берилган. Хусусан, Янгикент маҳалласида ҳам бир вақтлар яшаш учун шароит бўлган-у, бора-бора вақт тўхтаб қолгандек таассурот уйғотади. Жамиятга янгича қараш учун имкон бермайдиган манзара кўз олдингизда гавдаланади.



Ҳарқалай, бу дастлабки хулоса. Янаям, ҳақиқий манзарани одамларнинг ўзидан эшитган маъқул.

Ҳадича Мамараҳимова ушбу маҳаллага кўчиб келганига 23 йил бўлган. У аҳоли ҳақиқатан ҳам ичимлик суви муаммосидан азият чекаётганини айтди. Бу ҳақда масъулларга ҳар доим хабар бериб келинган. Хусусан, жорий йилнинг январида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев ўтказган сайёр қабулда ҳам янгикентликларни ичимлик суви билан таъминлаш масаласи кўтарилган ва бу бўйича ҳоким фуқаролар олдида масъулларга топшириқ берган.

Ҳайдарқул Ҳусаинов ҳам маҳаллани ичимлик суви билан таъминлаш масаласини бевосита вилоят ҳокимига маълум қилганини билдирди. «Жиззах сув таъминоти» МЧЖ бошлиғи Зокир Мамарасулов аҳолига ҳоким олдида ваъда берган. У ҳудудга тоза ичимлик суви олиб келиш баробарида маҳалладаги «водозабор»ни ҳам таъмирлаб беришни зиммасига олган. Шу гаплар айтилганига ҳам беш ойдан ошяптики, янгикентликлар янгиликка илҳақ бўлиб турибди.
Бекмурот Норматов бир оила ҳафтасига ўртача 500-600 литр атрофида сув сотиб олаётгани ва бу эллик минг сўмни ташкил қилишини айтди.

Раъно Машрапова баъзи вақтларда маҳаллага тоза ичимлик суви келиш муддати чўзилиб кетиши кузатилганини маълум қилди. Маҳаллада қўли калтароқ оилалар ҳар доим ҳам сувни сотиб ололмайди. Техникаларда олиб келинган сувни сотиб олиш анча қимматга тушиб кетар экан. «Мана шундай вақтларда лоток ариқлардан келадиган сувни олиб ичганмиз», дейди у.
Дарвоқе, биз Зарбдорда бўлган – 9 июнь куни Янгикент маҳалласида «Жиззах сув таъминоти» МЧЖ туман филиали бошлиғи Шерали Қодиров ўз ходимлари билан биргаликда таъмирлаш ишлари олиб бораётган экан.




Қодиров Янгикентни ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ҳозирги кунда 14 километр масофадан ичимлик сув тармоғи тортиб келинганини, ҳали ишлар давом этаётганини маълум қилди. У тез орада сув минорасига мотор уланиши ва аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланиши мумкинлигини қўшимча қилди.
«Бу билан чекланиб қолмаймиз, кейинчалик маблағ ажратилса, «водазбор»ни ҳам ишга туширамиз. Агар сув башнямиз ишга тушса, маҳалла аҳолисини юз фоиз сув билан таъминлаш имкониятига эга бўламиз», деди сув таъминоти идораси бошлиғи.
Маълум бўлишича, Янгикент маҳалласи 2019 йилда «Обод қишлоқ» дастурига ҳам тушган экан. Буни қарангки, бутун бошли дастурга маҳаллани тоза ичимлик суви билан таъминлаш киритилмаган бўлса. Умуман, «Обод қишлоқ» дастурида яшаш учун энг муҳим бўлган тармоқни йўлга қўйиш кўзда тутилмаган бўлса, нима назарда тутилган экан? Қизиқ. Бу ҳақда бироз кейинроқ.
Шерали Қодиров 2019 йилда айнан «Обод қишлоқ» дастурига асосан Янгикент маҳалласида артезиан қудуғи қазиш кўзда тутилганини маълум қилди. Ҳудудда бир эмас, уч марта артезиан қудуғи қазилибди ва сувнинг қаттиқлиги баланд чиққани боис ичишга яроқсизлиги аён бўлибди. Натижада, аҳоли яна икки йил давомида оғир шароитга чидашга мажбур бўлган ва бу ҳолат ҳамон сақланиб қолмоқда.
Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. XXI асрда яшаяпмиз. Ерости сувимизнинг ичишга яроқли ёки яроқсиз эканини аниқлаш учун наҳотки уч марта артезиан қазиб кўриш керак? Умуман, бунинг учун кетадиган маблағ ва меҳнат нега ҳеч кимни қизиқтирмаган? Ваҳоланки, Жиззах гидрогеологик станция раҳбари Гайназаров Янгикент ерости сувидан ичимлик суви сифатида фойдаланиш мумкин, деб хулоса ҳам берган.



Савол туғилади: «Ўзбекгидрогеология»нинг Жиззах бўйича масъули вилоят ҳудудида яна қанча нуқталарда шу каби «истиқболли лойиҳа»ларга имзо қўйди экан? Артезиан қудуғи уч марта муваффақиятсиз қазилган экан, бунинг учун маблағ қайтариб жойига қўйилганми, кимдир жавоб берганми нотўғри хулоса учун?
Юқорида Янгикент маҳалласи икки йил аввал «Обод қишлоқ» дастурига киритилгани ҳақида айтилди. Очиғи, бу маҳаллада инсонлар яшаши учун инфратузилма мавжуд эмаслигини кўриб, икки йил аввал нега бу ер дастурга кирган-у нима ишлар қилинган, деган ўйга боради киши. Янгикентда бир неча кўп қаватли уйлар мавжуд ва уларнинг жойлашуви, тартибсиз ҳожатхоналар, болалар ўйнаши учун мутлақо шароит йўқлиги, зах сувларни ҳайдайдиган дренаж тизими ишламаслиги, натижада деҳқончилик у ёқда турсин, оддий ниҳол кўкартириш ҳам муаммо бўлаётгани каби масалаларга батафсил тўхталиб ўтиришни жоиз топмадик.
Маҳалла фуқаролар йиғини биносининг ўзи ҳам абгор ҳолатда.
Дарвоқе, маҳалла биносида «Обод қишлоқ» дастури доирасида қилиниши лозим бўлган ишлар ва Янгикентнинг лойиҳаси турган экан. Ҳолат шунчаки, абсурд, маънисиз. Мурожаатчилар маҳалланинг хаёлий лойиҳа ва макетига қараб, «Бу бизнинг орзумиз ва бу асл ҳолатимиз», деб таассуф билдиришди.



Бизнингча, Янгикентни қайтадан «Обод қишлоқ» дастурига киритиш ёки бунақа баландпарвоз иборани бу қишлоқ учун қўлламаслик керак.
Умуман, 2019 йилда «Ўзбекгидрогеология» хулосаси билан барбод бўлган учта артезиан лойиҳаси, қолаверса «Обод қишлоқ» дастури доирасида қилинмай қолган ишлар бўйича Зарбдор тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Алишер Эржигитов билан телефон орқали суҳбатлашдик.
Эржигитов Янгикент маҳалласидаги 11та кўп қаватли уйларнинг 8тасининг том қисми «Обод қишлоқ» дастури доирасида янгиланганини маълум қилди. Бундан ташқари, айрим кўчалар ҳам таъмирланган, тош тўкилган. Бир сўз билан айтганда, лойиҳада кўрсатилган аксарият ишлар тадбиркорларнинг ҳам кўмаги билан амалга оширилиши керак бўлган, аммо бу мақсад амалга ошмай қолган. Эржигитов маҳаллада 2019 йилги дастурда кўзда тутилган ишлар қанча фоизга бажарилганини аниқ айта олмади.
«2019 йилда «Ўзбекгидрогеология» хулосаси билан уч марта артезиан қудуғи қазидик. Сув истеъмол учун яроқсиз бўлиб чиқди. Бунинг учун ҳам анчагина маблағ кетди. Натижада янгикентликлар ичимлик суви билан таъминланмай қолди», дейди ҳоким ўринбосари.
Эржигитов айни вақтда туман ҳудудида битта артезиан қудуғи қазиш, ишга тушириш учун 160-170 миллион сўм маблағ сарфланишини маълум қилди. Фараз қилинг, икки йил аввал битта артезиан қудуғи 120 миллион сўмга қазилган бўлса ҳам, Янгикентнинг ўзида «Ўзбекгидрогеология»нинг нотўғри хулосаси билан 360 миллион сўм ҳавога учган.


Худди шундай тавсия билан 2018 йилда Равот маҳалласида қазилган артезиан қудуғидан ҳам шўр сув чиққан ва икки ойга қолмасдан қудуқ фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган. Шу кунларда Равотда яна артезиан қудуғи қазилган.
Хуллас, бунақа таваккалчилик, истиқболсиз хулосалар биринчи марта эмас.
P.S.: Мақола тайёрланиш жараёнида Зарбдор ҳокими ўринбосари Алишер Эржигитов билан телефон орқали боғланганимизда, у Янгикент маҳалласи аҳли бир кун аввал ичимлик суви билан таъминлангани ва кунига икки марта аҳолига ичимлик суви берилишини маълум қилди.
P.S.S.: Мурожаатчилар билан телефон орқали боғланганимизда эса, чиқарилган ичимлик суви ҳозирча сув башнясига яқин бўлган хонадонларгагина етиб бораётганини айтишди.
Маҳалла эса яна қачондир «Обод қишлоқ» дастурига киритилса ажаб эмас. Аммо ҳозирча бунақаси Ўзбекистон тажрибасида йўқ.
Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид
20:37 / 26.05.2025
Тошкент вилоятида ичимлик ва оқова сув хизматлари нархи оширилади
20:39 / 01.05.2025
Қувурлардан келаётган сув ичишга яроқли экани айтилди
19:20 / 25.04.2025
Қибрайда ичимлик суви қувури устидан ариқ тортилмоқда
12:07 / 15.04.2025