Ўзбекистон | 15:06 / 26.06.2021
18232
3 дақиқада ўқилади

Журналистларни ҳимоялаш қўмитаси: Kun.uz ва Azon.uz'га солинган жарималар бекор қилиниши керак

Ўзбекистон расмийлари Kun.uz ва Azon.uz мустақил сайтларининг ходимларига солинган жарималарни бекор қилиб, барча нашрларга эркин фаолият юритишига қўйиб бериши керак, деб баёнот берди Журналистларни ҳимоялаш қўмитаси.

Нью-Йоркда жойлашган халқаро нодавлат ташкилот – Журналистларни ҳимоялаш қўмитаси Ўзбекистондаги Kun.uz ва Azon.uz сайтлари жаримага тортилганини қоралаб баёнот чиқарди.

21 июн куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси Kun.uz ва Azon.uz сайтларини суд тартибида жаримага торттирган эди.

Бу сайтларнинг раҳбарларига сайтларда эълон қилинган қатор материаллар диншунослик экспертизасидан ўтказилмагани айби қўйилди.

Бундай айб билан маъмурий иш қўзғатилишига асос бўлган Ўзбекистон қонунчилигидаги ҳуқуқий меъёрни халқаро ташкилотлар танқид қилиб келади.

2014 йилда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ўрнатилган тартибга кўра, давлат диншунослик экспертизасидан ўтмаган диний мазмундаги ҳар қандай материални Ўзбекистон ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тақиқланган.

Шунга асосан, Kun.uz'даги 7 та материал диний мазмунда ва экспертизадан ўтиши керак бўлган, деб топилди. Бу материаллар орасида таҳририятнинг Рамазон ойи табриги, маҳр мавзусидаги кўрсатув, масжид имоми билан суҳбат ҳам бор.

Журналистларни ҳимоялаш қўмитаси муносабатида айтилишича, қўмита икки мустақил сайтнинг жаримага тортилиши масаласида Ўзбекистон ҳукуматининг Дин ишлари бўйича қўмитасига электрон хат юборган, бироқ ҳеч қандай жавоб олмаган.

“Расмийлар Kun.uz ва Azon.uz'га солинган жарималарни бекор қилишлари ва мамлакатдаги мустақил ОАВ фаолиятига тинимсиз тўсқинлик қилишни, хусусан аввалдан цензуралаш талабини қўйишни тўхтатишлари керак”, – деган ЖҲҚнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича координатори Гулноза Саид.

Баёнотда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев шу йил феврал ойида Azon.uz сайтидаги қатор мақолаларни олдириб ташлашга урингани ҳам қайд этиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, суд қароридан сўнг Kun.uz ва Azon.uz сайтлари норозилик белгиси сифатида ахборот тарқатишни вақтинча тўхтатганди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асад Хўжаев 23 июн куни Kun.uz мухбири саволига жавобан бу воқеага муносабат билдириб, қонунларга риоя қилиш кераклиги, бу қонунларни “Ўзбекистон халқи сайлаган депутатлар қабул қилаётгани”ни айтди.

Бугун, 26 июн куни Олий Мажлис Сенати “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни маъқуллади. Бу эса ОАВга қарши қурол сифатида ишлатилиши мумкин бўлган диний материаллар экспертизасига оид меъёр сақланиб қолишини англатади.

Мавзуга оид