Журналистика қандай бўлиши керак? — ОАВ вакиллари билан соҳа муаммолари ва истиқбол ҳақида суҳбат
Журналист. Бу касб сизга қанчалик таниш? Унинг вазифаси нималардан иборат? Одамларнинг сўнгги нажоткорига айланган, ҳукумат бироз ҳайиқиб турадиган бошоғриқ касб эгалари ҳақида батафсил билмоқчимисиз? Ўзбекистоннинг энг кўзга кўринган қалам соҳиблари билан интервьюлар сизни кутиб турибди.
«Журналистман, десам гапиришдан тўхтаб қолишган»
Бугунги кунда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси борки, ўзини журналистман, деб ҳисоблайди. Лекин ахборот маконида турли хилдаги фейк ва ишонарли маълумотларни саралаб, ишончли маълумот етказиб берадиган инсонни журналист, деб биламан. Муаммоси бор инсон охири ҳеч бир илинж қолмаганида, умидсизликка тушганида бизга мурожаат қилади.
Журналистикани танлаш болаликдаги орзум бўлган. Мутахассислигим бўйича рус тили ўқитувчисиман. Лекин болаликдаги орзу-истак устунлик қилиб журналистикани танладим. СамДУ рус тили филологияси факультетини тамомлаганман. Талабалик пайтимда «Эрудит» газетасида штатдан ташқари мухбир бўлганман. Таржималар, мақолалар ёзиб турардим. Ўқишни тамомлаганимдан кейин газетага тўлиқ ставкада ишлаш таклифи келиб тушди.
Маълум муддат Россияда яшадим, карьерамни ташладим. Оилада тўнғич фарзанд эдим. Синглимни ўқитишни ўз зиммамга олгандим. Унинг ўқиши учун Россияга бирга борганман. Синглимни у ерда ўқитганимдан кейин журналистикага қайтишга қарор қилдим. Иш топиб берадиган сайтларга резюме жойлаштирдим. «Риа Новости» ахборот агентлигидан суҳбатга таклиф қилишди. Ўзимга ишонмадим, чўчидим ишлаб кетолармикинман дедим. Синглим сенинг қўлингдан келади, деб куч берди. Хулоса шуки, ёнингизда яқин инсонларингиз бўлиши муваффақиятга эришишингизда жуда катта роль ўйнайди. Ҳозир sputniknews.uz ахборот сайтида фаолиятимни олиб боряпман.
Журналистман, десам гапиришдан тўхтаб қолишган вазият ҳам бўлган. Биздан ҳайиқиб туришади. Аслида, ундай бўлмаслиги керак. Алам қиладигани шу. Яқин инсонларим билан мулоқотда бўлганда улар ниманидир айтишса, буни текшириб кўрамиз, дейман. Бу, албатта, керакли нарса, аммо кўп нарсаларни мураккаблаштириб юборамиз. Баъзида бу феълингиз яқинларингизни қийнаб қўйиши мумкин.
«Биз камчиликларни қидириб, уларни одамларга кўрсатиб беришимиз керак»
Журналист, деганда ақлли, қалби уйғоқ, атрофдаги воқеаларга бефарқ бўлмаган инсонни тушунаман. У қанақадир муаммо устидан чиқса, шунчаки ўтиб кетмайди, муаммони ҳар хил бурчаклардан кўролади. Бу соҳадаги фаолиятим ҳақида гапирадиган бўлсам, дастлаб радиода иш бошлаганман. «Гранд», «Maxima», «Водий садоси» радиосида анча йил ишлаганман. Ундан сўнг журнал очишга ҳаракат қилдим, лекин буни амалга оширолмадик. Вақт ўтиб, Anhor.uz'га келдим, 7 йилдан бери бош муҳаррир бўлиб ишлаяпман.
Биз прожекторга ўхшаб камчиликларни қидириб, одамларга кўрсатишимиз керак. Айрим ҳукумат вакиллари журналистларни душман сифатида қабул қилишади. Бу ҳолатга муносабатим шунақаки, кўча тозаловчилар ўз ишини бажаришса, биз бунга нормал қараймиз. Биз ҳам ўзимизнинг ишимизни бажаряпмиз. Агар ҳукумат вакилларига ёқмасак, демак, бу уларнинг муаммоси.
«Бутун умр ҳаловатсиз яшашга тайёр бўлганларгина журналист бўлолади»
Ҳар қандай масалага танқидий кўз билан қарайдиган ва таҳлилий фикрлайдиган инсонни журналист, деб биламан. Тўғрисини айтганда, журналист бўламан, деб болалигимдан орзу қилмаганман. Бошқа соҳаларга ҳам қизиққанман. Улар орасида журналистика ҳам бор эди ва бу менда кўпроқ қизиқиш уйғотган. Миллий университет журналистика факультетига ҳужжатларимни топширдим, ўқишга кирдим. 4 йилдан бери профессионал журналистикада фаолиятимни олиб боряпман. Ўқишни тамомлаганимдан сўнг биринчи бўлиб ЎзАда иш бошладим.
Сизнинг материалингиз ортидан кимнингдир оғири енгил бўлиши катта мотивация беради. Ҳақиқий журналист одамларнинг самимий раҳматидан куч олади. Шу соҳани танлаганимдан кейин ўқитувчим бутун ҳаётимга таъсир ўтказган саволни берганди, ҳалигача ёдимда. Ўқитувчим: «Сен тайёрмисан бутун умр ҳаловатсиз яшашга?» деб сўраганди. Ҳар сафар соҳада қийинчиликка дуч келсам, ўша ўқитувчимнинг саволи эсимга тушади. Бутун умр ҳаловатсиз яшашга тайёр бўлганларгина журналист бўлолади.
«Журналист бўлишимга дадам сабабчи бўлган»
Журналист ҳар доим нима учун, деган саволни беради, ҳар қандай позитив маълумотниям аслида шундайми ёки бир балоси борми, деб текшириб кўрадиган, қитмир, кўпчиликка ёқмайди. У ҳамма нарсага шубҳа билан қараши керак. Агар ундай бўлмаса, назаримда, у журналист эмас.
Камида 20 йилдан бери журналистика соҳасидаман. Биринчи бўлиб «Дийдор азиз» деган хусусий газета очганман. У вақтларда газеталарнинг бозори чаққон эди. Кейинчалик газеталарни почта орқали тарқатишда муаммолар бўлганидан кейин даромад ҳам камайиб борди. Сўнг газетани dia.uz интернет сайтига алмаштирдим. Ўша пайтда сайтда кўплаб танқидий-таҳлилий мақолалар бериб борардим. Кўп қўнғироқлар ҳам бўларди.
Шундан кейин сайтни ёпиб, ЎзА миллий ахборот агентлигига ишга ўтиб кетдим. Абдулла Қодирий уй-музейи йўқлиги ҳақидаги материални ёзганимдан кейин кўплаб етакчи нашрлар уни қабул қилишмаган. Негалигини билмайман. Ўша вақтларда ЎзА ахборот агентлиги тузилмасида ўзгаришлар кетаётганди, шунинг баҳонасида мақоламни қабул қилишган. Мақола эълон қилинганидан сўнг йил охиригача уй-музейи ташкил этилиши бўйича бош вазирнинг жавоб хати келди.
ЎзАда 3 йил ишладим, кейинроқ 5 нафар журналист йиғилиб, мустақил платформамиз бўлишини хоҳладик. Шу аснода Rost24 интернет нашрини очдик.
2004 йилда ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультетини тамомлаганман. Ундан кейин Испаниядаги Малага университетида испан тили бўйича таҳсил олдим. ЖИДУда журналистика бўйича магистратура босқичини тамомладим. Оилада кўпчилик қиз бола ўқиши шартмас, дейишади. Бизда дадам кўпроқ ижтимоий-сиёсий масалалар ҳақида гапирарди. Улар билан сиёсий мавзуларда кўп суҳбат қилардик. Дадам ва мен билан суҳбатда бўлган одам мен эмас, дадам журналист эканлигига ишонади.
«Биз жамият санитарларимиз»
«Бўрини ўрмон санитари дейишади. Нега? Чунки ўрмонда ўз ажали билан нобуд бўлган ҳайвонлар жасади узоқ вақт сақланиб қоладиган бўлса, бу атрофга касаллик тарқатиши мумкин. Ўз ажали билан ўлган ҳайвонларни ейиш бўрининг чекига тушаркан. Шунга қиёсан гапирадиган бўлсам, журналистлар жамиятнинг санитарлари ҳисобланишади. Сиз-у бизга бевосита дахлдор бўлмаса ҳам, лекин атрофдагилар, юртдошлар ҳаётига бевосита дахлдор ҳар қандай воқеа-ҳодисага бефарқ бўлолмайди журналист халқи.
Журналистикада расман фаолият бошлаганимга 13 йил бўлди. ЎзМУ журналистика факультетини тугатгач, «Ватанпарвар» газетасида ишлай бошлаганман. Ундан кейин «Ҳуқуқ ва бурч» журналида ишладим. Қатор интернет нашрларида ишладим. 2019 йилдан бери Kun.uz нашрида ишлаб келяпман.
Лицейда ўқиётган вақтимда она тили ва адабиёти фани бўйича республика босқичи олимпиадасида ғолиб бўлганман. Ёки филология, ёки журналистика йўлини танлашим керак бўлган. Ўша пайтда илмга эътибор жуда абгор ҳолатда эди. Илм кишиларининг ҳаёт тарзи, турмуши ҳаминқадар бўлгани учун бу соҳага кирмай журналистикани танладим. Вақти келиб журналистикани танлаганимдан афсусланганман. 2016 йилгача ҳам афсусланганман. Чунки оғизлар «ёпиқ» эди. Ўз-ўзини цензура қиладиган бош муҳаррирлар томонидан танқидий материалларимиз чиқарилмасди. Ойликлар зўрға етарди, оиламизни тўлиқ таъминлай олмасдик. Шунда нима учун шундай хор касбни танладим, деб афсусланганман. Ҳозир эса вазият ўзгарди.
«Одамлар фикрига таъсир қила олиш журналистиканинг ҳақиқий кучидир»
Журналист мамлакатда содир бўлаётган ҳодисаларни объектив ёритаётган шахс. Ҳозирча «тўртинчи ҳокимият» дейишга қийналаман. Бу соҳага 8 йил олдин спорт журналистикаси орқали кириб келганман. Илк фаолиятимни sports.uz нашридан бошлаганман. Кейинчалик afisha.uz сайтида ишлаб, фильмлар ҳақида тақризлар ёзганман. 2016 йилда gazeta.uz'га келдим. Сайловлар пайтида сиёсий жараёнларни ёритишга тўғри келди. Ўшандан бери ижтимоий-иқтисодий йўналишларда мақолалар ёзишни бошладим. Мутахассислигим иқтисодиёт йўналиши, Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаганман.
Журналистнинг шундай устунлик тарафи борки, у оддий инсон кўролмайдиган нарсани илғай олади. Менга бу соҳада ёқадигани – кимдир яширмоқчи бўлган маълумотни очиш. Одамларнинг фикрига таъсир қила олиш ҳам журналистиканинг энг муҳим кучидир. Журналистика менга одамларга яқинроқ бўлиб коммуникация ўрнатишга ёрдам берди. Илгари одамлар билан унчалик мулоқотга киришолмасдим. Соҳада ишлаганимдан бери турли тоифадаги одамлар билан суҳбатда бўлиб яхши алоқа ўрната оляпман».
«Ҳозир анча эркин гапиряпмиз, аммо бу ҳамма эшиклар очиқ деганимас, кўп мавзуларда гапиришга қўрқамиз»
2005 йилда ЎзМУ журналистика факультетига ўқишга кириб, бакалавр ва магистр босқичларини тамомладим. Ўқиб юрган вақтларимда турли газеталарда ишладим. Узоқроқ ишлаганим «JannatMakon» журнали эди. Илм-фанга қизиқиш менда кучлироқ бўлган. Тилшуносликка кириб кетганман. 3 йил давомида шуғулланганман. Турли сабаблар туфайли журналистикага қайтдим ва икки соҳани баравар олиб кетишга ҳаракат қиляпман. Айни вақтда Bugun.uz нашрида колумнистика бўлими бошлиғиман. Бундан аввал Kun.uz ва Daryo.uz нашрида ишлаганман.
Фикримча, ҳали Ўзбекистонда эркин журналистика йўқ. Ғарб, баъзи ривожланган Шарқ давлатларида ҳеч қайси ташкилотга бўйсунмайдиган эркин журналистлар бор. Таҳририятлар уларнинг мақоласи учун етарли маблағни беришга тайёр. Улар ўз ишини сотиш орқали даромад топишади. Бизда ҳали таҳририятлар эксклюзив мақолага, фотосуратга пул тўлашга тайёр эмас.
Фаолиятимга нисбатан кўплаб жиддий бўлмаган таҳдидлар бўлган. Асосан қўнғироқ шаклида бўлади. Қўпол гаплар бўлмаган, чиройли муомала билан, эҳтиёткор бўлишимни айтиб таҳдид қилишган. Мен унчалик кўп эътибор бермайман бунга.
Ҳозир анча эркин гапиряпмиз, аммо бу ҳамма эшиклар очиқ деганимас. Ҳали жуда кўп мавзуларда гапиришга қўрқамиз. Ички цензура ёки норасмий тақиқлар бор. Ўзбек медиасининг умумий савияси мени жуда қийнайди. Ҳамма ҳам соғлом фикрларни тўғри трансляция қилолмаяпти. Мен кутгандай эмас. Тўғри, бу билан мен ўзимнинг савиям юқори, демоқчимасман. Бу гап менга ҳам тааллуқли. Умумий савиянинг пастлиги жанрлар, мавзулар тақчиллигида, фикрлар бир хиллигида кўринади. Кўплаб блогер ва журналистлар оригинал фикрлар айтолмайди.
Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Абдусалим Абдувоҳидов.
Мавзуга оид
16:05 / 16.11.2024
“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
16:46 / 26.08.2024
Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди
07:45 / 07.08.2024