Жамият | 15:53 / 28.06.2021
8414
6 дақиқада ўқилади

Энди ҳокимлар ерларнинг тоифасини ўзгартира олмайди – Бош прокуратура

Президент фармони билан вилоят ва туман ҳокимларининг ер тоифасини ўзгартириш бўйича қарорлари бекор қилинди. Суғорилмайдиган ерни бошқа тоифага ўзгартириш бўйича ваколатлар Вазирлар Маҳкамасига, суғориладиган ерларни бошқа тоифага ўзгартириш ваколати эса президентга ўтказилди.

– Ўтган йили Андижон ва Фарғона вилоятларида кўпгина ерлар жиноий схемалар орқали ноқонуний равишда ажратиб келингани кўп бор ёритилди. Янги тартиб билан мана шу каби жиноий схемаларга ва ерларни ноқонуний йўллар билан  ўзлаштиришга батамом чек қўйиладими?

Элдор Аъзамов, Бош прокуратуранинг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси прокурори:

– Фармон қабул қилинишида бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва соҳага оид бошқа ташкилотлар бевосита иштирок этишди. Айнан соҳада юзага келаётган муаммолар, бўшлиқларни тўлдириш мақсадида фармон ишлаб чиқилди.

Маҳаллий ҳокимликларнинг ер ажратиш ёки бекор қилишдаги ваколатлари, қарор чиқариш ҳуқуқлари тўлиқ бекор қилиняпти.

Ер ажратишнинг аниқ механизми жорий этилиб, унда инсон омилини камайтириш чоралари кўриляпти. Шу сабаб талабгорлар очиқ танлов асосида иштирок этишлари мумкин. Фақатгина танлов натижаси вилоят ҳокими қарори билан тасдиқланади.

Вилоят ва туман ҳокимларининг ер тоифасини ўзгартириш бўйича қарорлари бекор бўляпти. Энди ҳокимлар ерларнинг тоифасини ўзгартира олмайди. Суғорилмайдиган ерни бошқа тоифага ўзгартириш бўйича ваколатлар Вазирлар Маҳкамасига, суғориладиган ерларни бошқа тоифага ўзгартириш ваколати эса президентга ўтказиляпти.

Элдор Аъзамов

– Фармон чиққанидан кейин йиллар давомида шу тарзда ерларнинг бир тоифадан иккинчи тоифага ўзгартирилгани қайта ўрганиб кўриладими?

– Бу ерда суғориладиган ер тоифасини лалми ер ёки қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерга ўзгартириш ҳолатлари амалиётда учраб келган. Натижада ўша ерларда уй-жой қурилиб, савдо дўконлари, ёнилғи қуйиш шохобчалари барпо этилган. Ҳолбуки, президент фармонида ҳам суғориладиган ер бошқа мақсадлар учун берилиши қатъий тақиқланган. Фақатгина президент қарори билан берилганларигина бундан мустасно.

2020 йил ва жорий йил 5 ойида 2,1 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерлар бошқа мақсадлар учун, 803 гектар ер уй қуриш учун, 600 гектардан ортиқ ер эса ишлаб чиқариш учун бериб юборилган. Фармон билан бу каби ҳолатлар амалга ошириш имкони бўлмайди. Чунки аукционда ернинг барча тавсифи келтирилган бўлади. Масалан, қайси тоифа, қандай мақсад учун берилиши каби.

– Жойларда ер даставвал кам таъминланган оилага ёки 30 ёшгача бўлган йигит-қизларга, гўёки, давлат дастури ижроси доирасида берилади-да, аммо маълум муддатдан кейин улар олиб қўйилиб, сотиб юборилаётгани ҳақида маълумотлар бор. Бу каби схемаларнинг олдини олиш бўйича прокуратура органларида қандай режалар бор?

Азим Сатторов, Бош прокуратуранинг Иқтисодий соҳада қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси прокурори:

– Фармондан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва тегишли мутасадди назорат идораларнинг асосий вазифалари ҳам белгилаб берилди. Шу жумладан, “ерфуруш”ларнинг ноқонуний олди-сотди қилиш, турли схемалар асосида ерга оид ҳуқуқларни белгилатиш ёки сохта кадастр ҳужжатлари билан ерларни олиш ҳолатларига қарши муросасиз курашиш устидан қатъий прокурор назорати ўрнатиб берилди.

Азим Сатторов

Бундан ташқари Ички ишлар вазирлигида профилактика инспекторлари ерларни ноқонуний эгаллаш ёки ноқонуний қурилиш бўйича тезкорлик билан чора кўриши учун хабардор қилиш механизми йўлга қўйилди.

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ер қонуни бузилишига қарши курашиш ва давлат ер назоратини амалга оширишга масъул сифатида белгилаб берилди. Эндиликда кадастр ер қонун бузилишини аниқлаб, тезликда муносабат билдирадиган назорат идорасига айлантирилди.

Давлат хавфсизлик хизматига фармон талабларига риоя этиш жараёнида ҳар бир масъул раҳбарнинг муносабати қай даражада эканини ўрганиб бориш юклатилди.

Давлат активларини бошқариш агентлигига ҳам бир қатор вазифалар белгиланган. Ерларни электрон аукционда сотиш тартибини такомиллаштириш, уларни эълон қилиш ва муддатини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, ортиқча оворагарчиликларни камайтириш каби вазифалар юклатилди.

Қурилиш вазирлигига қишлоқ хўжалигига кирмайдиган ерларни аукцион орқали реализация қилишда лойиҳалашни бош режага ва шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилишини таъминлаш вазифалари юклатиб берилди.

Сўнгги бир ярим йилда:

– ҳокимликлар томонидан ер ажратишга доир 7,5 мингта қарорлар қонунга зид равишда қабул қилинган ҳамда 120 минг  гектар  ер  ноқонуний  ажратилган.

– 7,1 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланган;

– 8,7 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларида ноқонуний  қурилиш  қилинганлиги аниқланган.

– 877 та ҳолатда 5,3 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланилаётганлиги аниқланиб, ушбу ерлар туман ҳокимликлари захирасига қайтарилган.

– маъмурий судларда ўтган йилда 2,2 мингта ҳолатда туман ҳокимларининг ер билан боғлиқ қарорлари ҳақиқий эмас, деб  топилган.

– ер қонунчилигини бузганлиги учун 588 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилиб, 42 нафарига озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазо тайинланган.

– қонунга зид ҳужжатларга нисбатан 7,5 минг та протест келтирилган, 1,3 минг нафар мансабдор шахслар маъмурий ва  интизомий  жавобгарликка  тортилган;

– ўзбошимчалик билан эгалланган ерларни қайтариш, ноқонуний қурилмаларни буздириш юзасидан судларга 2 мингга яқин  даъво  аризалари  киритилган.

Мавзуга оид