Спорт | 15:27 / 28.06.2021
20824
10 дақиқада ўқилади

Ўзгараётган футбол. Сантуш айбдор эмас

Яқин йилларгача футбол услубиятида янги тенденциялар, кейинги йилларда етакчи бўладиган ғоялар клубларда эмас, терма жамоалар иштирокидаги мусобақаларда кузатиларди. Бунинг сабаблари кўп.

Фото: Getty Images

Биринчидан, клублар футболида алоҳида ўйинлар учун танланадиган тактиканинг аҳамияти у қадар катта бўлмайди. Футболчилар йиллаб бирга ўйнашади, шуғулланишади, ўзаро муносабатлар ва муҳит катта рол ўйнайди, яъни ҳар қандай алоҳида ўйин ёки турнир учун пойдевор йиллар давомида қурилади. Ҳатто бир мураббий билан муваффақият қозонилган турнирларда аввал ишлаб кетган мураббийларнинг ҳам ҳиссаси етарлича бўлади – жамоа қайсидир паллаларда эски мураббийлар ишланмаларидан ҳам самарали фойдаланган бўлиб чиқишади.

Иккинчидан, айниқса, топ-клубларда маълум бир фалсафа ёки услубга қаттиқ боғланиб қолиш эҳтиёжи камроқ. Топ-клуб деярли ҳар йили юлдуз футболчиларни сотиб олиши керак. Бу фақат жамоани кучайтириш, маълум позицияни ёпиш учунгина бўлмайди – топ-клуб юлдуз футболчиларни сотиб олиши керак, тамом. Бу маркетинг нуқтайи назаридан, доимий янгиланиш ва топ-даражада туриш жиҳатидан ҳам жуда муҳим эҳтиёж. Яъни клуб давомли тарзда индивидуалларни сотиб олиш зарурияти мураббийларни чеклайди, таркиб билан ҳисоблашиш, ҳар доим ўзгаришлар қилишни талаб этади.

Шунинг учун маълум фалсафа ва услубга содиқ мураббийлар кўпроқ ўртамиёна жамоаларда кузатилади. Фақат Гвардиола алоҳида мавзу, лекин биз Клоппнинг ҳам янада мослашувчан, кўп тармоқли мураббийга айланиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз.

Терма жамоаларда эса кўп нарса чекланган. Мураббий ихтиёрида фақат ўша мамлакат фуқаролари мавжуд. Шунингдек, бир миллат вакиллари қайсидир хусусият борасида яқин бўлади – бўйи паст мамлакат терма жамоаси мураббийи тактикани шундан келиб танлаши керак ва ҳоказо. Хуллас, мавжуд имкониятлардан энг самарали натижа чиқариш эҳтиёжи мураббийлар учун янги ғоя, фалсафа, тенденция излашлари учун етарли сабаб.

Аммо биз кузатаётган сўнгги йирик турнирлар энди бизни бошқача тенденция кутаётганини кўрсатаётгандек. Сўнгги Европа чемпиони Португалия, жаҳон чемпиони Франция, Евро-2020даги етакчи жамоалар – Англия, Бельгия, яна ўша Франция. Эътибор берсангиз, бу жамоалардаги умумийлик – алоҳида, ажралиб турадиган услубнинг йўқлиги, кўп ҳолатларда ҳимоявий тактикани танлаётганликлари ва анча прагматик футбол ўйнашаётганини кўрамиз. Аксинча, ажойиб мураббий юришлари, кутилмаган услубларни Дания, Чехия, Венгрия, Австрия каби жамоаларда кўрмоқдамиз. Нега?

Кеча мағлубиятга учраган Португалия мураббийи ҳақида унинг Бруно, Фелиш, Андре Силва, Бернарду, Криштиану каби юқори ҳужум потенциалидан фойдалана олмай, ҳимоявий ўйин қургани танқид қилинмоқда. Ишонинг, эртагаёқ Франция, Англия ёки Бельгия мағлубиятга учраса, худди шундай танқидларни ўқиймиз. Ахир Мбаппе, Де Брюйне, Маунт, Кейн, Лукаку каби футболчиларни биз клубларда кўряпмиз, уларнинг қанақа сермаҳсул ўйнай олишларини, голлари ва ассистлари сонини биламиз – қандай қилиб улардан фойдалана олмаслик мумкин, тўғрими?

Муаммо фақат Сантушнинг Португалиясида эмаслигини эътиборга олсак, бунинг бир жамоа, бир мураббий, бир футболчига алоқадор ҳолат эмаслигини тушуниш осон. Вазият умумий. Биз клубларда кўраётган футболчиларнинг номи бор холос, уларнинг ҳеч бири бугунги Европа чемпионатида ўзи эмас. Дешам ихтиёрида Мбаппе бор, лекин «ПСЖ»даги эмас, Сантуш захирасида Бруно ўтирибди, аммо «МЮ»даги Бруно эмас у. Умуман, Европа чемпионатини алоҳида бир турнир сифатида қараш, иштирокчиларни клубдаги ўйинлар фонида таҳлил қилмаслик мақсадга мувофиқроқ бўлади.

Хўш, клуб мураббийларига нисбатан терма жамоа мураббийларини чеклаётган асосий факторлар нима?

Биринчидан, клубда ишлайдиган мураббийда шунчаки, вақт кўп. Йилига 50-60тадан ўйинни барқарор вақт оралиғида ўйнаш катта устунлик. Табиийки, ўйин тезлиги, боғламлар, позицион комбинациялар, тўп назорати клубда яхшироқ йўлга қўйилиши осон.

Иккинчидан, терма жамоалар ўртасидаги турнирлар мавсум бошида эмас, охирида бўлади. Яъни клублар тайёргарлик стратегиясини ўз манфаатлари асосида, сентябрь-апрель даври учун ташкил этадилар. Натижада терма жамоа ихтиёрига чарчаган, спорт формаси пасайган, жисмоний юкламаларни кўтариш имконияти анчагина тушиб кетган ҳолда келадилар.

Учинчидан, клубда футболчи йил давомида клуб дастури асосида яшайди, клуб талаб қиладиган хусусиятларни ривожлантиради, клуб танлаган позицияда ўйнаш иқтидорига урғу беради, клуб айтган ўнг ёки чап оёғини кўпроқ шуғуллантиради. Диетадан тортиб, индивидуал машғулотларгача футболчи айнан мураббий истаган вариантга келиши учун амалга оширилади. Клуб мураббийи ўзи истаган масаллиққа энг яхши формада, энг яхши жисмоний ҳолатда, энг яхши версияда эга бўлади. Клуб мураббийи бу талабга жавоб бермаган футболчини сотиб юбориб қутилиши мумкин. Терма жамоада эса, айтайлик, жамоа учун мураббий талабларига жавоб бермайдиган ёки мос келмайдиган футболчи агар клуб миқёсида яхши ўйин кўрсатса, 20 ёшидан 35 ёшга киргунча, мураббийга босим бўлиб юраверади. Ундан «нега фалон футболчи таркибга чақирилмаяпти» деб ҳар матбуот анжуманида сўрашади. Айтайлик, терма жамоамиз мураббийи Шомуродовдан воз кечиб, бошқачароқ услубда ўйнайдиган икки ҳужумчи билан янги жамоа туза оладими? Йўқ, унақа комфорт унда йўқ. «Женоа» мураббийи эса, шу ишниям қила олади.

Тўртинчидан, клублар футболи умуман футбол олами муҳитини диктовка қилаётганликлари туфайли, терма жамоа мураббийларига катта босим юклайдилар. ЖЧ-98да Эми Жаке бемалол Кантона, Жинола каби футболчиларда воз кечган, Арагонес Раулни олиб кетмаган, Рой Кинни Ирландия мураббийи турнирга олиб кетмаган, 2002 йилги жаҳон чемпионатида чемпион бўлган Сколари таркибни имкон қадар Европада оғир мавсум ўтказмаган футболчилардан тузган. Яъни илгари терма жамоалар футболи клуб мусобақаларидан кам бўлмаган даражада эътиборли бўлгани учун мураббийлар бемалол клубларда ўтган мавсумни эътиборсиз қолдира олардилар.

Ҳозир бунинг имконияти кам. Клубда зўр ўйнаётган футболчи терма жамоага чақирилиши, асосий таркибда ўйнатилиши шартдек қабул қилинади. Дешам Бенземани қайтарди, Швеция Златанни қайтарди, аммо унинг ўзи жароҳат олиб Еврога кела олмади. Бруно Манчестерда яхши ўйнаяптими, Сантуш унга тактикасига терс бўлса-да, асосийдан жой топиб беришга мажбур. Аксинча, таркибда алоҳида юлдузи бўлмаган, имкон қадар мувозанатли бўлган терма жамоалар мураббийлари ўйинларга жуда яхши тайёргарлик кўра оляпти.

Бешинчидан, авваллари бутун дунё томошабинларини бир нуқтага жамлайдиган турнирлар айнан терма жамоалар ўртасида кечган. Футболчиларнинг мотивацияси ҳам шунга қараб белгиланган – ҳам ватан мухлислари олдида ўзини кўрсатиш, ҳам ўзига яраша футбол ярмаркаси ёрдамида ёрқин келажак, кучли клубга ўтишга замин тайёрлаш. Ҳозир футболчиларнинг нархи ошиб кетгани туфайли, клублар скаутликка катта эътибор қарата бошладилар, футболчилар имкон қадар 16-17 ёшда ҳатто топ-клубларнинг эътиборига тушиб улгурмоқда. Илгари терма жамоалар мусобақаларида янги юлдузларни кашф қилган бўлсак, энди фақат фалон клубда биз таниб бўлган яхши футболчининг аслида қаерлик эканини билиб оламиз, холос. Кейин АПЛ, ЕЧЛ каби турнирлар шу даражада оммалашдики, энди клублар футболи ҳам яхши сотилмоқда, бутун дунёнинг эътиборида турибди, ЕЧЛ яримфинали ЖЧ ёки Евро финалидан кам бўлмаган аудитория тўпламоқда. Шунга яраша, футболчилар клубларда мотивация муаммосига дуч келмайди, юлдуз бўлиш учун тўрт йилни кутиш шарт эмас. Бунинг устига, ҳақиқий иш берувчи – клуб бўлгани туфайли, футболчи ора-сира йиғиладиган терма жамоа турнирларида эмас, клубда барқарор ўрнига эга бўлишга кўпроқ ҳаракат қилади. Ҳар қандай ЕЧЛ финали ҳар қандай ЖЧ финалидан тезкорроқ, томошабопроқ, кучлироқ бўлиши табиий.

Демак, агар футболда яратилган энг яхши маҳсулот якунда футбол тенденциясини, ривожини белгилаб, тарихда қоладиган бўлса, бу маҳсулотни яхшироқ, кучлироқ, тезроқ, мотивациялироқ масаллиқларга эга бўлган бозорда, яъни клублар футболида кутишимиз мантиқлироқ.

Хулоса қилганда, бу нима дегани?

Менимча, энди терма жамоалар иштирокидаги турнирларда ўта юқори темп, ўта ҳужумкор ўйинни, айниқса, топ-жамоалардан кутмаган маъқул. Чехия – Дания чорак финали эса, зўр бўлади, ишонаверинг.

Энди футбол юлдузларининг энг яхши ўйинларини терма жамоа миқёсидаги турнирларда кўрмайсиз. Ҳа, Роналду тўпурар бўлиши, Мбаппе финалда гол уриши мумкин, лекин клубдаги ўйинларининг соясини кўрасиз, холос. Яхшиси Шик, Меҳли, Салаи, Клушевскиларнинг ўйинидан завқ олаверинг.

Менимча, энди топ терма жамоа мураббийларидан футбол келажагини белгиловчи янгиликлар, ажойиб позицион футбол ёки услубни кутиш керак эмас. Франциями, Бельгиями, Англия ёки Германиями, қайси терма жамоа чемпион бўлса, унинг мураббийи максимум ўзининг прагматик футболи, вазиятга тўғри баҳо бериб, натижа қўлга киритгани учун олқишланади. 2016 йили Европа чемпиони бўлган Сантуш каби.

Худди ўша мураббий чемпион бўлолмаса, ихтиёридаги юлдузлардан тўғри фойдалана олмагани, қўрқоқлик қилгани, ҳужумкор ўйинни ташкил қилиш имкониятини эътиборсиз қолдиргани учун танқид қилинади. Ҳаммаси. Худди Сантуш каби...

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид