Ўзбекистон | 14:35 / 28.06.2021
4044
2 дақиқада ўқилади

Прокуратурада амалиёт ўтаётган талаба ИИБ ходими билан можаролашди. Бош прокуратура бунга изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда «Прокуратура ходимлари шунчалик зўрми?!» сарлавҳаси билан аудиоёзув тарқалган. Унда ўзини прокуратура ходими, деб таништирган шахс ички ишлар ходимига қўнғироқ қилиб, ИИБга келтирилган вояга етмаганларни рўйхатга олиш китобини олиб келишни талаб қилган. Суҳбат давомида улар ўртасида келишмовчилик юзага келган. Бош прокуратура мазкур ҳодиса бўйича изоҳ берди.

Маълум қилинишича, аудиоёзувни ўрганиш давомида, унда суҳбатлашаётган шахслар «Бердақ» номидаги Қорақалпоқ Давлат университетининг юридик факультети 2-босқичини тамомлаб, Марҳамат тумани прокуратурасига иш ўрганиш амалиётига юборилган талаба Бегижон Ҳ. ва Андижон вилояти Марҳамат тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспектори Шоҳжаҳон Х. эканликлари аниқланган.

Қайд этилишича, талаба ва инспекторнинг суҳбати шу жорий йил 25 июнь куни бўлиб ўтган. Маълум бўлишича, улар аввалдан ўзаро яқин таниш бўлган ҳамда Бегижон Ҳ. Ўртоғи Шоҳжаҳон Х. билан ҳазиллашмоқчи бўлиб, унга шу мазмунда қўнғироқ қилган.

Таъкидланишича, талабага «Ички ишлар бўлимига келтирилган вояга етмаганларни рўйхатга олиш китоби»ни прокуратурага олиб келиш ҳақида ҳеч қандай кўрсатма ёки топшириқ берилмаган. Келгусида бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида Андижон вилояти прокурори Ғ.Фозилов раҳбарлигида жойларда амалиёт ўтаётган талабалар иштирокида профилактик йиғилишлар ўтказилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид