Ўзбекистон | 13:03 / 28.06.2021
1373
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик тадбиркорлар  Фарғонада логистика маркази бунёд этишади

Қозоғистонлик ишбилармонлар Фарғонада йирик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи тарқатиш маркази барпо этишади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Маълум бўлишича, Қозоғистон Республикасининг Савдо ва интеграция вазири Бахит Султанов раҳбарлигидаги делегация 27 июнь куни расмий ташриф билан Фарғона вилоятига келган.

Ташрифдан мақсад, икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида эришилган келишув доирасида Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини улгуржи тарқатиш маркази ташкил этиш ҳамда бу орқали вилоятда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини тўғридан тўғри Қозоғистоннинг йирик савдо тармоқларига етказиб берилишини йўлга қўйишни такомиллаштиришдан иборат.

Мулоқот чоғида Фарғона вилояти ва Қозоғистон Республикаси учун ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, келгусида ҳамкорликда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини янги усулда етиштириш, сақлаш, музлатиш, қуритиш ва қадоқлаш бўйича комплексларни барпо этиш, қолаверса, ўзаро савдо айланмаси ҳажмини ошириш, ягона товар ўтказиш тизимини ташкил этишни тезлаштириш каби масалалар муҳокама қилинган. Ҳамкорликда барпо этиш режалаштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи тарқатиш маркази учун Фарғона вилояти томонидан тақдим этилган ер майдонлари борасида фикр алмашилган.

Бахит Султанов мулоқот давомида вилоятга 30 миллион доллар атрофида инвестиция киритилиши, логистика марказларини тез суръатларда ишга тушириб, 2022 йилда етиштириладиган ҳосилни тўғридан тўғри Қозоғистон бозорига юборилиши режалаштирилаётганлигини айтиб ўтган. 

Учрашув сўнггида, “Олтиариқ агро 505” МЧЖ ҳамда Қозоғистоннинг энг йирик мева-сабзавот таъминотчиси “MCC Trade Company” компанияси ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ҳамда Қозоғистонга экспорт қилиш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид