Жаҳон | 21:09 / 01.07.2021
8209
2 дақиқада ўқилади

Германия Афғонистондаги ҳарбий амалиётига якун ясади

Германия мудофаа вазири Аннегрет Крамп-Карренбауэр ARD телеканалига берган интервьюсида мамлакатнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётдаги иштирокига якун ясади. Бундесвер бўлинмалари Афғонистонга 2001 йил декабрда 11 сентябрдаги терактдан кейин юборилганди.

Фото: DPA

Крамп-Карренбауэрнинг маълум қилишича, Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий амалиётда 150 мингга яқин немис ҳарбийси иштирок этган. Улар асосан Ҳиндукушда жойлашган. Амалиёт давомида 59 немис ҳарбийси ҳалок бўлган.       

«Биз Афғонистондан Европа намунасидаги давлатни ярата оламиз деб хато ўйлаган эканмиз», деб айтган Германия мудофаа вазири.

У Афғонистондаги ҳарбий кампанияга якун ясар экан, бўлғуси халқаро амалиётларни ўтказишда «реал сиёсий мақсадлар»ни ўз олдига қўйиш муҳим эканини таъкидлаб ўтган.

Вазирнинг айтишича, Германия НАТО бўйича иттифоқдошлар билан бирга Афғонистонга ёрдам беришни давом эттириш йўлларини изламоқда. «Афғонистонда ҳарбий амалиётимиз якунланаётган бўлса-да, биз Афғонистон томонда қолишимиз лозим. Мисол учун, биз тинч аҳолини қўллаб-қувватлашимиз мумкин», деб қўшимча қилган вазир. Унинг таъкидлашича, ҳозирда НАТОда Афғонистон армиясини келгусида қандай қўллаб-қувватлаш мумкинлиги ҳақида музокаралар бормоқда. 

Немис ҳарбийларининг охирги гуруҳи Афғонистонни 30 июнда тарк этди. Германия мудофаа вазири қўшинларнинг минтақадан олиб чиқилишини «муҳим тарихий воқеа» деб атади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид