Ўзбекистон | 18:04 / 02.07.2021
1447
3 дақиқада ўқилади

Жўқорғи Кенгеснинг навбатдаги сессиясида 3 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Прокурор, Божхона бошлиғи, ИИВ ва Адлия вазириларининг ҳисоботи тингланди

Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ХХ сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Жўқорғи Кенгес матбуот хизмати хабар берди. Сессия кун тартибида 3 та қонун лойиҳаси ҳақида сўз борган.

Сессиядаги дастлабки масала – «Таълим тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида Жўқорғи Кенгеснинг Ижтимоий-маданий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Тажибай Романов, «Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида Жўқорғи Кенгеснинг Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши кураш масалалари қўмитаси раиси Зухра Реймова, «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида Бюджет, иқтисодий ислоҳотлар ва инвестициялар масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Оринбай Бекбергенов сўзга чиққан. 

Шунингдек, сессияда «Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши кураш борасидаги ишлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг ҳисоботи ҳақида», «Шаҳар ва туманларда экспорт салоҳиятини ошириш, товарлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва импортни оптималлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи ҳақида», «Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ахбороти ҳақида», «2021 йилнинг биринчи ярмида жойлардаги норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирининг ахбороти ҳақида», «Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисида»ги масалалар кўриб чиқилган.

Прокурор, Божхона бошлиғи, ИИВ ва Адлия вазириларининг ҳисоботи ҳамда 3 та қонун лойиҳаси ҳақида қўшимча маълумот берилмади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айрим интернет нашрлари вакиллари Жўқорғи Кенгес сессиясига киритилмагани ҳақида хабар бергандик. Қорақалпоғистондаги биринчи рақамли давлат ташкилоти эшиги ҳалигача ушбу нашрларга ёпиқ қолмоқда. Улар қаторида маҳаллий нашрлар қаторида Kun.uz сайти ҳам бор.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид