Ўзбекистон | 12:23 / 02.07.2021
2724
2 дақиқада ўқилади

Вилоят ҳокими ўринбосари бошчилигидаги Фарғона вилояти делегацияси Қирғизистоннинг Норин вилоятига ташриф буюрди

Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Иқболжон Эргашев бошчилигидаги делегация турли йўналишларда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида Қирғизистоннинг Норин вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Қайд этилишича, вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов, Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров, “Қўқон” ЭИЗ раҳбари Фаррух Раҳмонов, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ва туман ҳокимлари ўринбосарлари,  ишбилармонлар ҳамда олий таълим муассасалари раҳбарлари, санъаткорлар, ОАВ вакилларидан иборат Фарғона  вилояти делегациясини Норин вилояти губернатори Собирқул Ашимбаев бошчилигидаги расмийлар кутиб олган.

Вилоят вакиллари ташрифни Норин вилоятида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишишдан бошлаган. 

Норин шаҳридаги “Хан Тенгри” меҳмонхонаси конференциялар залида Фарғона ва Норин вилоятлари расмийлари ҳамда ишбилармон доиралари иштирокидаги бизнес-форум очилган.

Форум давомида Фарғона вилоятининг иқтисодий-инвестицион салоҳияти юзасидан тақдимот ўтказилиши, “Қўқон” ЭИЗ, вилоят олий таълим муассасалари фаолияти ҳақида батафсил маълумот тақдим этилиши кўзда тутилган. Форум доирасида вилоятда фаолият олиб бораётган пахтачилик кластерлари ҳам ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ўз таклифларини норинликлар эътиборига ҳавола этади.

Мавзуга оид