Жаҳон | 20:09 / 03.07.2021
16567
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон пойтахтида Нурсултон Назарбоевга ҳайкал ўрнатилди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг таъкидлашича, Назарбоев хатар ва вайронгарчиликларга тўла давр шароитида одамларга ўз кучига ва эртанги кунга ишонч бера олди.

Қозоғистон  президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг ҳайкали очилишига бағишланган маросимда қатнашди. Ҳайкал яқинда очилган Нур-Султон парк ҳудудида жойлашган, деб хабар берди Қозоғистон  президенти матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, Тўқаев Назарбоевнинг давлатчилик асосларини шакллантириш, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш, глобал инқирозларни бартараф этиш, мамлакатнинг халқаро обрўсини мустаҳкамлашга қўшган алоҳида ҳиссасини қайд этди.

Қозоғистон президентининг таъкидлашича, Назарбоев хатар ва вайронгарчиликларга тўла давр шароитида одамларга ўз кучига ва эртанги кунга ишонч бера олди.

Унинг сўзларига кўра, давлатнинг сиёсий ва иқтисодий ютуқлари асосида Қозоғистон биринчи президентининг узоқни кўра билган ташаббуслари ётади.

Бу Назарбоевга ўрнатилган биринчи ҳайкал эмас. 2020 йил июлда республика пойтахтидаги миллий мудофаа университетида Назарбоевнинг ҳайкали ўрнатилганди. Бундан ташқари, пойтахтдаги аэропорт, бир нечта таълим муассасалари, шаҳарлардаги кўчалар, парк ва майдонлар унинг номи билан аталади. 2019 йилда республика пойтахти номи Остонадан Нур-Султонга ўзгартирилган.

Мавзуга оид