Жамият | 12:34 / 04.07.2021
15475
5 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда 25 гектар ерни 1,5 млн долларга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида от спортига ихтисослашган МЧЖга ажратилган 25,4 гектар ер майдонини 1 млн. 500 минг АҚШ долларига сотишни режалаштирган шахс қўлга олинди. Тошкент вилоятининг Зангиота, Наманган вилоятининг Косонсой ва Фарғона вилоятининг Қува туманларида ҳам ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди.

ДХХ Тошкент, Наманган ва Фарғона вилоятларида ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати Kun.uz’га хабар берди.

Маълум қилинишича, 2018 йил Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокимининг қарорига мувофиқ от спортига ихтисослашган МЧЖга меҳмонхона, коттежлар, отхона, ветеринария блоки, манеж, очиқ ва ёпиқ турдаги плац қуриш учун 25,4 гектар ер майдони ажратилган.

Мазкур МЧЖ таъсисчиси амалда ҳеч қандай иш бажармасдан, аксинча ўзининг маклер таниши билан келишган ҳолда ушбу ер майдонини бошқа бир фуқарога 1 млн. 500 минг АҚШ долларига сотишни режалаштиради.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, вилоят прокуратураси ва Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, улар сўралган пулдан аванс сифатида 700 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.

Бошқа бир ҳолатда, Тошкент вилоятининг Зангиота ва Тошкент туманларида истиқомат қилувчи 3 нафар шахс ўзганинг номида бўлган МЧЖга 2019 йил Зангиота тумани ҳокими қарори билан юқори технологик иссиқхона қуриш учун ажратилган 2 гектар ер майдонининг 1,5 гектарини бошқа бир фуқарога расмийлаштириб, эгалик ҳуқуқини олиб бериш эвазига ундан 150 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Улар олдиндан 60 минг АҚШ доллари олган вақтларида ДХХ ва Департаментнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармалари ходимлари томонидан ушланди.

Шунингдек, Зангиота туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс 2018 йил деҳқончилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога мазкур туман ҳокимининг қарори асосида ажратилган 35 сотих ер майдонини бошқа бир фуқарога 80 сотих, дея алдаб, унга ҳокимият ва кадастр идораларида юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали эгалик ҳуқуқини олиб беришини ваъда қилади. Бунинг учун эвазига 160 минг АҚШ доллари сўрайди.

У сўралган пулдан 30 минг АҚШ долларини аванс сифатида олган вақтида ушланди.

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда маклерлик билан шуғулланувчи икки нафар шахснинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Хусусан, ушбу фуқаролар маҳаллий тадбиркорга Бўстонлиқ тумани «Ғазалкент» ҚФЙ ҳудудидан ўтувчи Чирчиқ дарёси бўйидан тумандаги МЧЖлардан бирига қайиқлар тўхташ жойи ва ташриф буюрувчиларга дам олиш жойи яратиш учун ажратилган 1 гектар ернинг сотилаётганлигини айтиб, 260 минг АҚШ доллари эвазига мансабдор танишлари орқали ушбу ер майдонини унинг номига расмийлаштириб беришларини билдиришади.

Улар сўралган пулдан 20 минг АҚШ долларини аванс сифатида олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Бир вақтнинг ўзида Наманган вилояти Косонсой туманидаги пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган кластер бош агрономи ҳамда пахтачилик билан шуғулланувчи фермер хўжалигининг иш бошқарувчиси вазифаларида фаолият юритувчи шахс ўзганинг ишончига киради. Унга иссиқхона ва дала дўкони қуриши учун мазкур фермер хўжалиги ер майдонидан 2,1 гектарни мансабдор танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 55 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимларининг вилоят прокуратураси ҳамда Департаментнинг ҳудудий бошқармаси вакиллари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида, у 45 минг АҚШ доллари ва 106 млн. сўм пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Фарғона вилояти Қува тумани ҳокимлигининг икки нафар собиқ ходимлари андижонлик икки фуқарога тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали туман ҳудудида жойлашган эркин иқтисодий зонадан 6 гектар ер ажратиб бериш эвазига улардан 28 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фирибгарлар 23 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.

Шунингдек, улар сўралган пулдан 5 минг долларини муқаддам олганликлари ҳам маълум бўлди.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида эса ушбу шахслар ўзларининг ноқонуний ишларига Қува тумани ҳокимлигининг инвестиция ва ташқи савдо бўлими ходимини ҳамда 1977 й.т. маҳаллий фуқарони ҳам жалб этганликлари аниқланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид